Мино Райола «МЮ»ни тиз чўктирди. Санчесни Мхитарянга айрибошлаш юзасидан 3 хулоса
Jan. 23, 2018, 2:01 p.m. 6136

Қишки трансфер дарчасининг энг эсни оғдирар даражадаги битими борасида Eurosport шарҳловчиси Павел Городницкий ўз фикрларини баён этди. 

Райола — даҳо ва ярамас

Бартер Лондон ва Манчестер ўртасидаги ўйинчи айрибошлаш барча учун оптимал кўриниш ҳосил қилди.

Ёзда «Арсенал» Санчесдан ноль фунт эвазига жудо бўлар эди, бироқ алал оқибатда уни яхши техникага эга, ақлли ва универсал яримҳимоячига алмаштирди — Transfermarkt арман футболчисини 35 миллион еврога баҳолаган. Буни «канонирлар» менежменти аниқ қовун туширмаган ҳол, деса бўлади.

2016 йилда Моуринью Генрих учун 42 миллион евро сарфлаган, кейин уни захира ўриндиғида чирита бошлади — португалиялик мутахассиснинг омади келди, «Арсенал» Мхитарянни қўлдан чиқа бошлаган топ-форвардга айрибошлашга рози бўлди. Агар лондонликлар бўлмаганида «МЮ» арман футболчисини ўзида сақлаб тураверар ва ҳеч қачон уни фойдаси билан сота олмасди. Энг яхши ҳолатда Генрихни саноқли пенслар эвазига «Боруссия» қайтариб оларди, Худди Кагава сингари (японни улар 16 миллионга харид қилиб, 8 миллионга қайтаришган).

АПЛ тарихидаги энг асосий алмаштиришда Мино Райола ҳаммадан ҳам кўпроқ фойда қилди. «Арсенал»дан қурутдек санаб олиши тайин бўлган комиссион тўловлардан ташқари, хомсемиз голланд яна бир ажойиб схемани ташкил қилган.

Моҳият оддийгина. Санчес «Юнайтед»га космик миқдордаги маош — ҳафтасига 450 минг фунт (510 минг евро) эвазига ўтди. Погба ҳозир ҳафтасига 260 минг фунт (394 минг евро) ишлаб топмоқда. Райола статистикани пеш қилиб, Полнинг маошини Алексисникича бўлишини талаб қилмоқда. Албатта, сурбетларча, бироқ ўринли талаб.

Бу нима билан тугайди? Тўппа-тўғри: «иблислар» хўжайинлари ҳаммасига рози бўлишади, Райола эса Погбанинг маошидан 10 фоизга рўзғор тебратади. Унинг моянаси ҳафтасига 20 минг еврога ошади (бу эса йилига 1 миллион дегани). Ажойиб эмасми?!

Айрибошлашлар кўпаяди

Бозорнинг аллақачон томи кетган — кучсиз ўйинчиларни 15–20 миллиондан, ўртачаларини — 25–30, яхшиларини — 40 миллиондан бошлаб сотишмоқда, суперюлдузлар ва тақчил позиция учун йигитларга 60-70-80 миллионлик нархлар белгиланган. Ўз-узидан, трансфер телбалиги баъзан ўзини ўзи тартибга солиб туриши ҳам керак — бунинг учун айнан айрибошлашлар қўл келмоқда.

Биринчидан, шу йўл билан захира ўриндиғига михланиб қолган футболчилардан қутилиш мумкин — уларни худди шундай назардан тушганларга, бироқ бошқа амплуадаги ва бошқача характеристикага эга бўлганларига алмаштириш мумкин.

Иккинчидан, айрибошлаш — клублар мотивацияси ўлган футболчиларни эркин агент сифатида қўйиб юбормаслик учун энг мақбул вариант: бартерни шартнома тугашига бир йил ёки ярим йил қолганда (Алексисники сингари) амалга ошириш мантиқли.

Учинчидан, афтидан, айрибошлаш ҳолатида солиққа тортиш ва бухгалтерия соддалашади, чунки бундай ҳолатларда пул номига ифодаланади (кўпинча жараён билан шуғулланаётганлар учун бонус шаклида).

Албатта, «Арсенал» ва «МЮ» бу механизмдан фойдаланган илк клублар эмас, лекин Мхитарян ва Санчес қўшимча тўловларсиз айрибошлаш трендини бошлаб беришлари мумкин: бир-икки йил илгари МХЛ ва МБАдан келган ёт унсур сифатида қаралаётган нарса футболда ҳам реалликка айланмоқда.

Трансфер миш-мишларини кузатишдан энди наф йўқ

Ҳафталар давомида Санчеснинг қишда ёки ёзда «Этиҳад»га ўтиши ҳақидаги янгиликлар билан боқилган муштарийлар қанчадан қанча бўш вақтини кутиш билан ўтказишганини тасаввур қилиш қийин. Ҳаммаси сенсация билан тугади: «шаҳарликлар» чилилик футболчидан отнинг калласидек маош сўрагани учун воз кечишди, «МЮ» эса бозорга суқилиб кириб, бир ҳафта ичида битимни имзолади. 

Бу шиддатли сюжет бир нарсага ўргатади: барча трансфер лағмонларини қулоқ ва бурунлардан олиб ташлаш керак, токи ижтимоий тармоқларда ўйинчининг янги клуб либосидаги ҳаққоний фотосуратлари пайдо бўлмагунича.

Қолгани — ҳаётнинг қайтариб бўлмас дақиқаларини совуришдан бўлак нарса эмас. Яхшиси бебаҳо вақтни Райоланинг ёвуз схемаларини ўрганишга сарфлаш керак: сўнгги бир-икки йил ичида пулни шу қадар истеъдод билан топмоқдаки, у яқинда барча асосий мижозлари қариб чириб бўлган Жорже Мендешни шуҳрат шоҳсупасидан бир тепиб тушириб юбориши аниқ.