Финалга бир қадам. Ўзбекистон - Жанубий Корея ўйини ҳақида
Jan. 23, 2018, 1:27 p.m. 8323

Хитойда давом этаётган 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида бугун ярим финал учрашувлари бўлиб ўтади. Биринчи ярми финалда Қатар Вьетнам билан куч синашади. Tribuna.Uz эса биз учун куннинг энг муҳим ўйинига батафсил тўхталади.

Ўйин бошланиш вақти

Ярим финал доирасидаги учрашувда Ўзбекистон U-23 терма жамоаси жанубий кореялик тенгқурларига қарши майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 16:30да бошланади. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Спорт» телеканали учрашувни жонли эфирда намойиш этади.

Ярим финалга қадар босиб ўтилган йўл

Ўзбекистон терма жамоаси «А» гуруҳида аввалига Қатар терма жамоасига қарши имкониятни бой бериб қўйган бўлса, қолган икки турда терма жамоа бир хилда 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Аммо бу ўринда Ўзбекистоннинг кейинги босқичга чиқишида Қатар терма жамоасининг ҳам қайсидир маънода кўмаклашганини айтишимиз мумкин. Жамоа мусобақа мезбонлари Хитой терма жамоасини ютмаганда, Ўзбекистон бу босқичга чиқа олмаган бўлиши мумкин эди.

Чорак финалда энди Ўзбекистон терма жамоаси турнирга U-21 терма жамоасини олиб келган Японияга қарши майдонга тушди. Ўзбекистоннинг тўлиқ устунлиги остида ўтган учрашувда Ҳайдаров шогирдлари йирик 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўзбекистон терма жамоаси ўзидан икки ёш кичик жамоани ютган бўлишига қарамасдан, ўйиннинг асосий қаҳрамонлари Азизжон Ғаниев (2та голли пас) ва Жасур Яхшибоев (2та гол) айнан японияликлар билан тенгқур бўлган U-21 терма жамоаси аъзоси эканлиги ҳам қайсидир маънода қувонарли натижа бўлди.

Жанубий Корея терма жамоаси. Бугунги рақиб мусобақани «D» гуруҳида бошлаганди. Жамоа гуруҳ босқичини биринчи ўрин билан якунлади. Корея аввалига Вьетнамни 2:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, кейин Сурия билан дуранг (0:0) ўйнади ва охирги турда Австралия устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Чорак финалда эса «йўлбарслар» Осиё миқёсидаги мусобақаларда ҳам айтарли натижа кўрсата олмай келаётган Малайзия терма жамоасини 2:1 ҳисобида енгиб ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Ўйин олдидан мураббий фикри

«Ярим финал учун жуда кўп куч сарфланди. Бизни олдинда жуда қийин учрашув кутиб турибди. Корея жуда кучли жамоа ва уларга қарши жуда яхши тайёргарлик кўрдик. Ўйлайманки, биз яхши ўйин намойиш этиб, барчани хурсанд қила оламиз.

Японияга қарши учрашувдаги футболчиларнинг шижоатини яна кўришни истаймиз. Албатта, ярим финалга руҳий жиҳатдан ҳам, жисмоний жиҳатдан ҳам тайёргарлик олиб бораяпмиз. Ҳозирда, бир неча нафар футболчимизда кичик жароҳатлар бор, аммо уларнинг ярим финал учрашувида ўйнашлари учун ҳозирда барча ишлар қилинаяпти.

Корея турнирдаги барча учрашувларни айнан битта стадионда ўйнаётгани ва биз бу стадионда биринчи марта тўп суришимиз, таъсир кўрсатади деб, ўйламайман. Биз Хитойда ўйнаяпмиз. Айтишим мумкинки, турнирдаги барчага шароит бир хил», - деганди терма жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ўйин олдидан.

Йўқотишлар

Ҳайдаров айтганидек Ўзбекистон терма жамоаси таркибида бир қатор футболчиларда кичик жароҳатлар бор эди. Хитойга қарши учрашув қаҳрамони Ҳожиакбар Алижонов Японияга қарши учрашувни ўтказиб юборди. Шунингдек Акрам Комилов ҳам мусобақанинг дастлабки учрашувлардан буён кичик жароҳат билан ўйнамоқда. Уларнинг бугунги учрашувда иштироки ҳозирча ноаниқ бўлиб турибди.

Хуллас бизни олдинда қизиқарли учрашув кутиб турибди. Учрашувни кузатиб боришни унутманг

Осиё чемпионати U-23
Ярим финал

Ўзбекистон U-23 - Жанубий Корея U-23
23 январь, 16:30.
Куншан. «Kunshan Sports Center» стадиони