Маскерано ва Иньеста бугун «Барса»га ёрдам бера олмайди
Jan. 17, 2018, 9:40 a.m. 4970

«Барселона» Испания кубогининг «Эспаньол»га қарши кечадиган чорак финал ўйинида ҳимоячи Хавьер Маскерано ҳамда ярим ҳимоячи Андрес Иньестанинг хизматидан фойдалана олмайди.

Каталония клуби расмий сайтининг хабар беришича, Иньеста оёғидан жароҳат олган, Маскеранода эса чап сони билан муаммолар пайдо бўлган.

Кўк-анорранглилар таркибида Самуэль Юмтити, Пако Алькасер, Филиппе Коутиньо ҳамда Усмон Дембеле ҳам жароҳатланган.

«Барселона»га янги футболчиси Ери Мина ҳам ёрдам бера олмайди – колумбиялик ҳужжатлари билан боғлиқ масалалар ҳал этилганидан сўнг майдонга туша олади.

Шу билан бирга, «Барселона» ҳимоячи Нелсон Семедунинг хизматидан фойдаланиши мумкин, у Примеранинг 19-тури доирасида «Реал Сосьедад»га қарши баҳсни (4:2) тонзиллит (томоқ бодомсимон безларининг яллиғланиши) туфайли ўтказиб юборди.

Рўйхатда ярим ҳимоячи Рафинья Алькантара ҳам бор, у январда «Интер»га ўтиб кетиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Испания кубогининг «Эспаньол» ва «Барселона» ўртасидаги биринчи чорак финал учрашуви бугун, 17 январда «РКДЭ — Корнелья-Эль Прат» стадионида бўлиб ўтади.