Мессининг янги шартномаси ҳақидаги маълумотлар - унда ақлбовар қилмас рақамлар бор
Jan. 16, 2018, 12:34 p.m. 10384

Германиянинг Spiegel нашри Football Leaks билан ҳамкорликда, «Барселона» ҳужумчиси Лионель Мессининг янги шартномаси ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди.

Унга кўра, футболчи 4 йилда ярим миллиард евро ишлаб топиши мумкин.

- Мессининг шартномаси учта қисмдан иборат. Биринчиси –  футболчининг ўзи билан, иккинчиси – Leo Messi Management S.L. компанияси билан (футболчининг имиж ҳуқуқи билан шуғулланади), учинчиси – Мессининг хайрия фонди билан.

- Агар Месси шартномада кўзда тутилган 4 мавсум давомида ўйнаса, ҳар бир мавсуми учун 106 млн евро олади. Агар «Барселона» треблга эришса, Месси ФИФА томонидан йил футболчиси деб топилса, у ҳолда 122,5 млн евро олади. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, Мессининг маоши «Барселона» иш ҳақи бюджетининг 40% ташкил қилиши мумкин.

- «Барселона» солиқлар бўйича қарзидан қутулиш учун, Мессига қўшимча пул ажратади. Аввалги шартнома бўйича, бу 23,1 млн евро миқдоридаги бонус шаклида бўлган. Янги шартномада бу Мессининг маоши ичига киритилган.

- 2013 йили «Реал» Мессини 250 млн евро эвазига сотиб олмоқчи бўлган. Қизиғи шундаки, Флорентино Перес ва Месси оиласи ўртасидаги музокара парвоздаги самолётда амалга оширилиши кўзда тутилган. Бироқ, «Барселона» Лионель маошини оширганидан сўнг, у клубда қолишга қарор қилган.

- Мессининг янги шартномаси бўйича музокаралар унинг отаси Хорхе туфайли чўзилиб кетган. Битим 30 июнь куни имзоланган (Неймарнинг «ПСЖ»га кетишидан бир ой олдин). 18 июль куни «Барса» бу ҳақда эълон қилмоқчи бўлган, бироқ  Хорхе алоқага чиқмай қўйган. У трансфер бозоридаги ўзгаришлардан хавотир олган бўлиши мумкин. Натижада, томонлар имзоланган шартнома бўйича қўшимча музокара ўтказганлар ва бу ҳақда 25 ноябрь куни эълон қилинган. Футболчининг товон пули 300 млн евродан 700 млн еврога оширилган.