«Клопп парадокси» ёхуд «Манчестер Сити»нинг қандай тиз чўктирилгани ҳақида
Jan. 16, 2018, 9:18 a.m. 9062

Юрген Клопп Пеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си устидан ғалаба қозониш формуласини ўйлаб топгани йўқ.
Ҳа, Клопп бу жамоага қарши ўтган тўрт ўйиннинг учтасида ғалаба қозонди. Ҳа, умуман футболда Пеп Гвардиола жамоалари устидан энг кўп ғалаба қозонган мураббий ҳам айнан Клоппдир. Қўшиламан. Лекин айни шу фактларнинг ўзи менинг фикримни ҳам исботлай олади - Юрген Клопп Гвардиолага қарши қандайдир услуб ўйлаб топмади, аксинча, Юрген Клоппнинг ўз жамоаларида тарғиб қиладиган футбол Гвардиола жамоалари учун энг ноқулайи ҳисобланади. Шу холос.

Ўтган йили «Манчестер Юнайтед» «Олд Траффорд»да «Челси» устидан ишончли ғалаба қозонганда, «Уч очко» деган мақола ёзгандим. Ўшанда Моуриньо алоҳида ўйин учун алоҳида тактика танлаган, ўша ўйингача ўзи ривожлантириб келган йўналишдан воз кечиб, рақибини тор-мор этганди. Ўшанда мен бу ғалабанинг «МЮ» бораётган йўл учун умуман фойдаси йўқлигини, Моуриньо барибир кейинги ўйинларда бундай ўйнамаслигини айтиб, уч очкодан бошқа наф йўқлигига эътибор қаратгандим.

Бугунги ҳолатимиз бироз аксинча бўлса-да, «Манчестер Сити» устидан қозонилган ғалаба «Ливерпуль» учун шунчаки уч очколигини айтаман. Йўқ, Клопп алоҳида тактика танлагани учун эмас, бу ўйинда жамоа ғалаба қозонадими, йўқми, қатъи назар, «Ливерпуль» олдин ҳам шундай ўйнаган, кейин ҳам шундай ўйнайди. Натижа ҳеч нарсани исботламади, шунчаки, футболчилар шу пайтгача бажариб келган ишларини савиялироқ рақиб қаршисида амалга ошира олдилар холос. Қайсидир маънода, «Сити»нинг ўтган йили ЕЧЛда «Барселона» устидан қозонган ғалабасини эслатиб юборди. Жамоанинг ўзига бўлган ишончи ошди, бундай ўйин билан ҳар қандай рақибни юта оламиз, дея олишди. Ишонаверинг, Клопп аллақачон бунга ишонарди, демак, якшанба куни ҳеч қандай бурилиш нуқтаси ёки чорраҳада турмагандик, ҳар икки мураббий ўзининг текис йўлидан борди ва кетаверади.

Германиялик мураббий ўз рақибига мос равишда тактика танлаб, ўша қопқон асосида алоҳида ўйинларни ғалаба қозонадиган мураббийлар сирасига кирмайди. У ҳолда, Гвардиола рақибининг қандай тўсиқлар яратиши мумкинлигига ақли етар ва у ҳам бир нималар ўйлаб топишга ҳаракат қиларди. Йўқ, якшанба оқшомида биз шахмат ўйини ёки стратегиялар тўқнашувини эмас, доим футболни тарғиб қиладиган ва доим ўз йўналишидан воз кечмай, рақибини ўз услубида мағлуб этишга одатланган икки мураббийнинг футбол майдонидаги футбол баҳсини кўрдик холос. Аммо шу ўйин бир қатор саволларга жавоб бериш билан бирга, янги саволларни ҳам келтириб чиқарди. 

Гвардиола нега мағлубиятни кутганди?

Ниҳоят «Манчестер Сити» мағлубиятга учради. Ура!

Пеп Гвардиола мавсум бошидан буён, аниқроғи, «Манчестер Сити» ажойиб серияларни намойиш этиб, тахтга чиқиб олган кунданоқ, жамоасининг бир кун ютқазишини кутиб яшади, десак муболаға бўлмаса керак. У бу ҳақида фақат ўйлабгина қолмасдан, тинмай гапириб ҳам келди - матбуотда, интервьюларда, балки машғулотлар пайтида. Нега?

Тасаввур қилинг, «Манчестер Сити» доим ютяпти ва Гвардиола ниҳоят ўз идеал жамоасини қурганини, ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишга уриниб, балки «Арсенал»нинг ўша машҳур сериясини такрорлаши ҳақида айтса...Унда нима бўларди? Қачондир, қайсидир мағлубият содир бўлар ва футболчиларга ўша мағлубият жуда оғир таъсир қиларди. Наҳотки, бизни ютадиган жамоа топилди? Наҳотки, энди қийналишни бошлаймиз? Наҳотки, идеал жамоа эмасмиз?

Бундай саволлар табиий равишда содир бўлар ва Гвардиола жамоалари учун энг муҳим жиҳат - футболчи ва мураббий ўртасидаги ўзаро ишонч, химияга путур етарди. Гвардиола доим бўлажак мағлубият ҳақида гапирар экан, айнан шундай ҳолатнинг пайдо бўлишидан хавфсирар, жамоасини ҳамма мақтаса ҳам, у сокин қолар, ҳаммаси жараёнга боғлиқ эканини таъкидлашдан чарчамаётганди. Эндичи? «Ҳа, ютқаздик, бу табиий-ку, мураббийимиз ҳам бир кун ютқазишимиз мумкинлигини айтиб келади, эртага ютамиз, ничево», деб ўйлади ўша оқшомда Кевин Де Брюйне

Мағлубият ҳақида гапираётганда, Гвардиолани  доим масаланинг руҳий томони хавотирга солгани шубҳасиз. Мураббий ва мутахассис сифатида бир жамоани ютиш мумкин бўлган ўлмас формула йўқлигини жуда яхши билади Гвардиола. Яъни, ана энди бошқа жамоалар ҳам шу услубда «Манчестер Сити»га қаршилик кўрсатаверади, дейиш бироз ноўрин.

Клопп нега Пеп устидан бунча кўп ғалаба қозонган?

Ўз-ўзидан кейинги саволга келамиз. Ростан ҳам шундайми?

Юқорида айтганимдек, Клопп алоҳида бир тактика ёки услуб ишлаб чиқмади, шунчаки, унинг жамоалари кўрсатадиган ўйин Гвардиолага бироз ноқулай.
Биз масалан, эски «Барселона» ёки «Бавария» ҳақида гапирганимизда ҳам, Гвардиола тўпни кўпроқ назорат қилиши, демак кўпчилик бўлиб ҳимояланиш орқали, қарши ҳужумларга таяниш, аниқроғи, Жозе Моуриньо ёки Антонио Контенинг услубини танлаш фойдалироқ деб ўрганиб қолганмиз. Ҳатто ўша машҳур «Барселона»нинг мағлубиятлари ҳақида эслаганимизда, Жозенинг «Интер»и ёки Ди Маттеонинг «Челси»си ёдга келади. Аммо қаранг, «Барселона»га қарши худди шундай тактика танлаган жуда кўп жамоалар якунда мағлубиятга учрашган, уларни эсламаймиз, тўғрими? Ҳатто ўша Моуриньонинг ўзи ҳам Пепга энг кўп ютқазган мураббийлардан биридир.

Ўйиндан олдин Клоппнинг ўзи ҳам ҳимояга ўтиб олиш «Манчестер Сити» билан ўйинда «лотерея ўйнаш» эканини таъкидлаганди. Яъни, «Сити» «автобус»га қарши ўзини сувга тушган балиқдек ҳис қилади аслида. Ўйиннинг асосий қисмини рақиб жарима майдонида ўтказса, Де Брюйне, Силва, Стерлинг ёки Сане каби иқтидорли футболчилар барибир бир нима ўйлаб топадилар. «Лотерея ўйнаш» деганда айнан шу жиҳат эътиборга олинган - «Сити»га қарши бундай ўйинда ғалаба қозониш уларнинг ўз вазиятларидан фойдаланиш ёки фойдаланмасликларига таяниб қолади. Яъни, назорат тўлиқ Пеп жамоасида бўлади. Балки Пике сантиметрли офсайдда қолар («Интер»ни эсланг), балки Месси пенальтини уролмас («Челси»ни эсланг) - яъни ўша ўйинларда ҳам мағлубият сценарийсидаги бош қаҳрамонлар Пеп жамоасидан бўлганди.

Клопп эса, ўз қаҳрамонлари билан ғалаба қозонишга ўрганган. Жуда юқори прессинг, тинимсиз босим ва ҳаракат, тезкорлик ва энг муҳими - қўрқмаслик. Клоппнинг кечаги ва олдинги ғалабаларининг омили шу, рақиб «Манчестер Сити»ми ёки «Спартак»ми, фарқи йўқ.

Бу намуна бошқа жамоаларга ҳам қўл келиши мумкинми?

Яъни, ҳаммаси бу қадар оддий экан, жисмоний томондан янада етукроқ бўлган баъзи АПЛ жамоалари «Манчестер Сити»ни енгишга янада яқинроқ эмасмилар? Бу ўйин АПЛдаги бу мавсумни «Манчестер Сити»нинг мағлубиятидан олдинги ва кейинги эраларга бўлиб юбормайдими?

Масалан, «Бёрнли» ёки «Вест Ҳэм»? Йўқ.

«Манчестер Сити»га қарши худди «Ливерпуль» каби ўйнаш мумкин албатта. Аммо ижобий натижага эришиш учун футболчиларнинг савияси жуда муҳим омилдир. Мураббий кўрсатмаларини тўғри бажариш, айниқса, имкониятлардан унумли фойдаланиш учун ижрочиларнинг савияси катта аҳамият касб этади.

Масалан, «Ливерпуль» бу ўйинда жуда юқори прессинг намойиш этди. Гвардиолада бунга қарши қурол борми? Бор, албатта. «Тоттенҳэм» билан ўйинни эслаш кифоя - қанот ҳимоячилари имкон қадар юқорироққа жойлаштирилади, натижада, ҳужумчилар ҳам бироз орқароқда ўйнашга мажбур қилинади. Лекин Гвардиола кеча бу йўлдан боришдан қўрқди, чунки Салоҳ ва Мане каби ўта тезкор футболчилар «Сити» майдонида пайдо бўладиган катта бўшлиқдан фойдаланишлари мумкин эди. Гвардиола бу хавф туфайли Уолкерни ҳам, Данилони ҳам ўз дарвозасига яқинроқ жойда ушлашга мажбур бўлди. Натижада, «Ливерпуль»да рақиб дарвозасига яқин ҳудудда прессинг қилишга имконият яратилди. Икки гол шундай прессинг натижасида юзага келганини унутманг.

Шартли «Бёрнли» ёки «Уотфорд» билан Гвардиола ўз ҳимоясини юқорига жойлаштириш орқали бу прессингдан қутула оларди - рақиб футболчиларининг савияси (ёки жисмоний ҳолати, услуби) бу қадар катта ҳудуддан оқилона фойдаланиш учун етмасди барибир.

Яъни, «Манчестер Сити»нинг ожиз нуқталари топилди, энди уларни бундан фойдаланиб ютиш мумкин, деб хулоса қилиш мумкин эмас. Ожиз нуқталар албатта бор, лекин ундан фойдаланиш учун жуда катта куч ва савия (омад ҳам) керак бўладики, Премьер Лиганинг ҳамма жамоаларида ҳам, ҳар доим ҳам топилавермайди. 

Коутиньо эффекти ёхуд энди нима ўзгаради?

Хўш, энди «Ливерпуль» ҳаммани ютиб ташлайверадими?

Коутиньонинг сафда бўлиши Клоппнинг кечаги ўйин учун танлайдиган таркибига таъсир кўрсата олармиди, йўқми, айтиш қийин. Ўйин тугагач, хулоса қилиш мумкинки, Коутиньонинг йўқлиги айнан кечаги ўйин учун айни муддао бўлди. Маненинг тезкорлиги ёки Окслейд-Чемберлейннинг жисмоний кучини Коутиньодан топа олмасдик. Шу билан бирга, «Ливерпуль» Коутиньосиз ҳам кучли бўлиб қолаверар экан, ва ҳатто янада кучлироқ бўлар экан дейиш ҳам тўғри бўлмайди.

«Ливерпуль» доим ҳам «Манчестер Сити» билан ўйнамайди. Лигадаги жуда кўп рақиблар «Ливерпуль»га қарши кўпчилик бўлиб ҳимояланишни, ўз жарима майдони яқинида сонга урғу беришни танлайди. Бошқа жамоаларга қарши очиқ зоналарга қочиб кетиш осон эмас. Бошқа жамоалардан юқори прессинг билан тўпни эгаллаш ҳам қийин - «Борнтмут» ҳимоячиси тўпни ҳимоячи шеригига оширишдан кўра, имкон қадар узоқларга тепиб юборишни афзал билади. «Ливерпуль»нинг кечаги 2 голи айнан «Сити» ҳимоячиларининг тоза ўйнашга бўлган ҳаракатлари оқибатида урилди. Бошқа жамоа ҳимоячиларига «тоза ўйнаш» вазифаси қўйилмайди.

«Ливерпуль» АПЛда атиги 2 ўйинда мағлубиятга учраган. «Тоттенҳэм» ва «Сити»га қарши сафар ўйинларида. Аммо пешқадамдан бу қадар орқада қолаётганлиги сабаби, ўша «Эвертон», «Вест Бромвич», «Бёрнли», «Ньюкасл», ҳа майли «Манчестер Юнайтед» билан дуранглар. Ўша ўйинларда «Ливерпуль»нинг, умуман Клопп услубининг энг катта камчилиги кўзга ташланган - сон жиҳатидан кўп ва зич бўлган ҳимояни ёриб ўта олмаслик.

«Манчестер Сити» устидан ғалаба борми ёки йўқми, жамоанинг бу муаммоси қолаверади. Ҳатто аксинча, «Ливерпуль»нинг энди ҳақиқий маънода пешқадамлардан бирига айлангани рақибни янада ўз жарима майдонига қамайди. Бундай вазиятларда бир пас ёки зарба билан вазиятни ҳал қилиш имконият энг юқори бўлган Коутиньо эса, энди йўқ.

«Манчестер Сити»га нима панд берди?  

Агар Агуэронинг зарбаси ўхшаб қолганида, «Сити»нинг қаҳрамонлиги ҳақида ҳам, «Ливерпуль»нинг эски одатлари ҳақида ҳам кўп ёзиларди, тўғри. Аммо ўйиннинг қайсидир палласида ҳисобнинг 1:4 га айланиши албатта, «Сити»нинг муаммоларга дуч келганини англатади. Иккинчи бўлим бошларида гўёки, вазиятни қўлга олаётгандек кўринаётган ва ўша енгилмас жамоани эслатаётган Гвардиола шогирдлари бир неча дақиқада ҳаммасини остин-устун қилиб юборишди. Сабаб? Чарчоқми?

Ҳа. «Манчестер Сити» сўнгги 43 кунда 13 ўйинда майдонга тушди. Ҳар бир ўйинга деярли 3 кундан ва шу давр ичида «Сити» фақат бир марта олти кунлик танаффусга эга бўлди холос.

«Ливерпуль» Лига кубогидан чиқиб кетган, шунинг учун мана шу даврда «Сити»дан 2 ўйин кам ўтказди.

Аҳамиятлиси бу ҳам эмас. Ўша Лига кубогида қатнашаётган уч АПЛ клубидан бошқа ҳамма жамоа 8-9 кунлик танаффусга эга бўлди. Қўйи лига вакилларига қарши тўп сурган клублар учун эса, бу «дам» янада кўпроқ («Манчестер Сити» Англия кубогида ҳам АПЛ вакили «Бёрнли»га қарши ўйнаганини эътироф этиш керак) давом этди. Энди шу Лига кубоги ярим финалчиларининг сўнгги турдаги ўйинига эътибор беринг:

«Челси» ўз майдонида «Лестер»га қарши умуман ҳеч нарса қила олмади ва ўйин 0:0 ҳисобида тугади. Ҳатто меҳмонлар ҳимоячиси қизил карточка олиб майдонни тарк этгунча, «Лестер» ташаббусга эга бўлаётганди.

«Арсенал» ўз тарихида илк бор «Борнмут»га имкониятни бой берди. Ҳисобда чиқиб олган «тўпчилар» устунликни сақлаб туришга ўзларида куч топа олмадилар. Айнан куч етишмади.  

Узоқ давом этган Лига ўйинлари, терма жамоа йиғинлари, «Боксинг дэй»лардан сўнг, нафасни ростлаб олиш имконининг бўлмагани, ҳар қандай жамоа ўйинига салбий таъсир кўрсатиши табиий. Ўтган йили Лига кубоги ярим финалига чиқиб, бошқалардан икки ўйин кўп ўтказган «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» ҳам бунинг натижасида январдаги жуда кўп ўйинларда очко йўқотиб юборганликларини эслаш мумкин.

Бундай вазиятда, 8 кун дам олган ва жуда юқори мотивация билан майдонга тушган «Ливерпуль» қаршилигини енгиш осон эмасди. «Сити»нинг вазифаси «Арсенал» ёки «Челси»никидан ҳам оғирроқ эди.

Бундан ташқари, «Манчестер Сити» таъқибчилардан 15 очко илгарилаб кетгани, «Ливерпуль» эса, кучли тўртлик учун курашнинг авж палласида эканини ҳам таъкидлаш лозим.

Хўш?

Айтиш мумкинки, агар мағлубият жуда зарур бўлса, Пеп Гвардиола жамоаси айни вақтида ютқазди. Бу мағлубият жамоага, айниқса, Чемпионлар Лигасида тажриба ўлароқ яхши фойда келтириши мумкин. Зеро, футболчилар алоҳида ўйинларда рақиб уларни шу кўйга солиб қўйишлари мумкинлигини ўз таналарида ҳис қилдилар.

«Ливерпуль» ҳақидачи?

Юрген Клопп ўйиндан кейин «бу ўйин яна 20 йиллар мухлислар ёдидан чиқмаслиги»ни алоҳида таъкидлаб ўтди. Балким. Зеро айнан «Ливерпуль» иштирокидаги жуда кўп ўйинлар ҳали ҳамон ёдимизда. «Арсенал» ёки «Челси» билан 4:4 дуранглар, ўша «Истанбул оқшоми»...
Қизиғ-а, парадокс шундаки, Юрген Клоппнинг ўзи аслида, бундай ўйинларни мухлисларга унуттириши, ниҳоят совринлар ютиш орқали, «Ливерпуль»ни фақат айрим, алоҳида учрашувлар орқали ёдга олмаслигимизга сабаб бўлиши керак... Нима дедингиз?

Қаҳрамон Асланов