«Реал»да энг ёмон мавсум. Рақамлар
Jan. 14, 2018, 12:10 p.m. 4356

«Реал» «Вильярреал»га ютқазди. Энди Мадрид жамоасида кейинги 12 йил ичидаги энг ёмон статистика. Ҳозирда Зидан жамоаси 32 очко билан 4-ўринда. 2005/06 йилги мавсумда 30 очко билан 6-поғонада эди. Ўша қишда Флорентино Перес истеъфога чиққан ва президентлик хонасини Рамон Кальдерон учун бўшатиб берганди.

Рафаэл Бенитеснинг ярим йиллик фаолиятида ҳам «Реал»нинг кўрсаткичлари ҳозиргидан яхшироқ эди – 18 турда 37 очко. Айнан 18-турдан кейин Рафани ҳайдашган ва унинг ўрнига Зиданни тайинлашганди. 

«Реал» ҳозирга келиб ўтган мавсум давомида йўқотганидан кўпроқ очко йўқотди: 22 очко (5 дуранг + 4 мағлубият). Ўтган мавсумда жами 21 очко йўқотилган (6 дуранг + 3 мағлубият). 

Агар бугун «Барселона» «Реал Сосьедад»ни енгса, мадридликлар турнир жадвали етакчисидан 19 очкога ортда қола бошлайди.

«Реал» 2009 йилдан буён примеранинг қаторасига икки уй ўйинини бой берди («Барселона» – 0:3; «Вильярреал» – 0:1).

Мадрид 11 йилдан буён илк марта «Сантьяго Бернабеу»даги қаторасига икки ўйинни голсиз ўтказди. Ўшанда «Леванте» (0:1) ва «Бетис» (0:0)га қарши ўйинларда гол урилмаганди. 

Қаторасига икки ўйинда қуруқ ҳисобда ютқазиш кейинги 18 йилда кузатилмаганди. 

«Реал»нинг ҳеч бир футболчиси мавсум ярмидан ўтганда 4тадан ортиқ гол урмаган (Криштиану Роналду, Иско ва Асенсиода шунчадан гол мавжуд) – бунақаси Ла Лига тарихида илк бор кузатилмоқда. Бир йил муқаддам, шу кунларда «Реал»нинг 5 футболчиси камида 5та гол уриб бўлганди.

«Реал»да танаффусдан кейинги тўплар нисбати – 9:11. Охирги 5 турда Мадрид танаффусдан кейин гол урмаган.

«Вильярреал» ўз тарихида илк марта «Сантьяго Бернабеу»да ғалаба қозонди – бунгача «сариқ субмариналар» жамоаси бу стадиондан 12 мағлубият ва 5 дуранг билан қайтганди.

Бу учрашувда «Реал» рақиб дарвозаси томон зарбалар бериш бўйича Примера рекордини қайд этди (28), аммо гол бўлмади. Бир Роналдунинг ўзи «Вильярреал» футболчилари жам бўлиб берган зарбалардан кўпроқ зарба берди (11-10), аммо ўйин 0:1 ҳисобида якунланди.

Ёмон статистика фақат Криштиануда эмас. Масалан, Марсело 16 кросс ижро этган, ва фақат шундан 3таси – аниқ. Бир ўйинда 13та ноаниқ кросс – бразилиялик футболчининг Испаниядаги энг ёмон натижасидир.

Мадриддагилардан энг холис муносабатни Тони Кроос билдирди: «Биз энди Чемпионлар лигаси йўлланмаси ҳақида қайғуришимиз керак. Бу қолган ўйинлардаги асосий мақсадимиз бўлади. Турнир жадвали пешқадами билан 16 очколик фарқ – жуда катта. Кўпроқ очколар йиғишга ҳаракат қилиб, кучли тўртликда қолишимиз керак».