Равшан Ҳайдаров: «Ҳимояда бехато ўйнаб, натижага эришдик»
Jan. 12, 2018, 8:02 p.m. 2373

Ўзбекистон U23 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Хитойга (1:0) қарши Осиё чемпионати «А» гуруҳи 2-тур учрашувидан сўнг, ғалаба осон қўлга киритилмаганини айтди.

«Бугунги ўйинда қўлга киритилган 3 очко учун футболчиларга раҳмат. Баҳс осон кечгани йўқ, аммо, ҳимояда яхши ўйин намойиш қила олдик ва рақибга гол уриш учун имкон бермадик.

Рақиб бугун юқори савиядаги жамоа эканини исботлади. Улар иккинчи бўлимда кўпроқ ўйинни назорат қилишди ва кўп ҳужумлар уюштиришди. Биз ҳимоядаги бехато ўйин билан уларнинг ҳужумларини тўхтата олдик», – деди Ҳайдаров.

«Биринчи таймда гол урдик ва бу ўйиннинг боришига ижобий таъсир ўтказди. Иккинчи таймда эса, рақибни қарши ҳужумда ушлашга ҳаракат қилдик. Режа бўйича ўйин намойиш этдик, аммо вазиятлар ярата олган бўлсак ҳам, улардан фойдалана олмадик. Энди бугунги учрашувни таҳлил қилиб, Уммонга қарши сўнгги баҳсга янада жиддий тайёргарлик кўрамиз», – деб қўшимча қилди Ўзбекистон ёшлар термаси устози.

Ўзбекистон U23 гуруҳдаги сўнгги ўйинни 15 январь куни Уммонга қарши ўтказади.