«МЮ» Санчес учун «Сити»дан кўпроқ таклиф қилмоқда
Jan. 12, 2018, 11:48 a.m. 2913

«Манчестер Юнайтед» «Арсенал» ҳужумчиси Алексис Санчес учун курашда «Манчестер Сити»ни доғда қолдириб кетмоқчи. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, «қизил иблислар» чилилик ҳужумчи учун «Арсенал»га 25 млн фунт стерлинг тўлашга тайёр эканини билдирган. «Ман Сити» эса олдинроқ 20 млн фунт таклиф қилганди.

Шунингдек, «МЮ» Санчесга АПЛ пешқадами таклиф қилган ҳафтасига 250 минг фунт маошдан кўпроқ тўлаш ниятида эканини маълум қилган.

Аммо шунга қарамай, «шаҳарликлар» бу трансфер курашида устун саналишмоқда. Гап шундаки, Санчес яна бир бор Гвардиола билан ишлашга қарши эмас, у испаниялик мутахассис билан «Барселона»да ўйнаган пайтида яхши муносабатда бўлган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ «Манчестер Юнайтед» Санчес учун «Арсенал»га Генрих Мхитарянни беришга тайёрлиги хабар қилинганди.