Капелло: Конте Моуриньонинг тузоғига тушмаслиги керак эди
Jan. 12, 2018, 3:49 p.m. 4083

Италиялик мутахассис Фабио Капелло ҳамюрти Антонио Контенинг Жозе Моуриньо билан даҳанаки жанглари ҳақида ўз фикрини билдирди. 

«Конте Моуриньонинг тузоғига тушмаслиги керак эди» – дейди Капелло, - «унинг сўзларига жавоб бериб ғолиб бўлиш қийин, чунки бундай жанглар Моуриньо учун одат тусига кирган. Моуриньо билан гап талашиб, унга жавоб берар экансан, якунда мағлуб бўлишинг аниқ. Бу ишлар Жозе учун шунчаки ўйиндир ва асосан ўз жамоаси ва футболчиларидан эътиборни олиб қочиш учун қилади».

Эслатиб ўтамиз, Антонио Конте билан Жозе Моуриньо ўртасида ўтган мавсумда бўлиб ўтган зиддият сўнгги кунларда бадтар авж олди. Аввалига Жозе италиялик мураббийни майдон четида масхарабозлик қилишига шаъма қилди. Конте эса, бунга жавобан Моуриньонинг ўзи ҳам бир пайтлар шундай қилиқлар қилганини эслатиб, уни амнезияга чалингани ҳақида айтиб ўтди. Жозе эса, баҳс ҳароратини янада кўтариб, Контенинг бир пайтлар келишилган ўйинларда айбланганини эслай бошлади. 

Ўтган ҳафтадаги матбуот ажнуманида Антонио Конте португалиялик ҳамкасби ҳақидаги мавзуларга жуда кўп вақт сарф қилиб юборди ва ҳатто у билан юзма-юз орани очиқ қолишга тайёрлигини, Моуриньонинг ҳар бир сўзини ҳеч қачон унутмаслигини айта бошлади. Жавоб зарбаси эса, бугун кутилмоқда. Зеро Англия чемпионатининг навбатдаги тури олдидан Жозе Моуриньо матбуот анжуманида қатнашади. Журналистлар бу дуэл давом этишига қарши бўлмасликлари шубҳасиз. 

Англия чемпионатида «Манчестер Юнайтед» ва «Челси» орадаги 1 очколик фарқ билан мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларни банд қилиб туришибди.