Франция мавсум ўртасида янгича технологиялардан воз кечди
Jan. 12, 2018, 11:43 a.m. 1180

Тўп дарвозага кирганини аниқловчи махсус дастур бундан буёғига Франция чемпионати ва кубоги ўйинларида ишлатилмайди. Бу ҳақда Sky Sports нашри хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, тизим ўйинлар давомида бир нчеа маротаба хатоларга йўл қўйгани сабаб Франция футболи раҳбарлари шу қарорга келган.

Тизимнинг хатоларидан бири Франция лига кубогининг «Амьен» – «ПСЖ» жамоалари ўртасидаги учрашувда (0:2) кузатилди. Учрашувдаги баҳсли ҳолатда ҳакамлар қўлидаги соат гол бўлган вазиятда вибрация бермади.

Шунингдек «Анжер» – «Монпелье» учрашуви (0:1) вақтида вибрация бутунлай керак бўлмаган ҳолатда чалиниб ўйиннинг бузилишига сабабчи бўлди.

Мазкур икки вазият Франция футболи раҳбарлари томонидан жуда катта хато сифатида баҳоланди ва натижада мавсум сўнгига қадар ички мусобақаларда ишлаб келаётган мазкур тизим ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик бекор қилинди.