«Металлург»: мавсум арафасидаги ўзгаришлар
Jan. 11, 2018, 6:52 p.m. 1768

Бекободнинг «Металлург» клуби янги мавсумга тайёргарликни Тошкент шаҳрида – «Бунёдкор» футбол академияси майдони ҳамда «Пахтакор» футбол клубига қарашли БЎСМ майдонида ўтказаяпти. 

Йиғин давомида раҳбарият жамоанинг аксарият футболчилари билан шартнома муддатини узайтиришга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, клубга янги келган ўйинчилар билан келишувга эришилмоқда. Жумладан, Муборакнинг «Машъал» клуби аъзоси Шаҳзод Шайманов, «Локомотив»ни эркин агент сифатида тарк этган Шерзод Файзиев ва Ўзбекистон терма жамоасида тўп сурган Жасур Ҳасанов «Металлург» билан шартнома имзолади, деб хабар бермоқда Sports.uz.

«Металлург»ни тарк этганлар орасида Ҳикмат Ҳошимов, Даврон Каримқулов, Жасур Аҳмедов, Дониёр Одилов, Мирғиёс Сулаймонов ҳамда Муроджон Тошматов бор. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Металлург» салкам 10 йилдан буён клубда бош мураббий бўлиб ишлаган Рустам Мирсодиқовни истеъфога чиқариб, ўрнига Андрей Шипиловни тайинлаган эди.