«Қизилқум» янги мавсумга тайёргарликни бошлади - таркибда ўзгаришлар бор
Jan. 11, 2018, 11:06 a.m. 1674

Навоийнинг «Қизилқум» клуби 8 январдан янги мавсумга тайёргарликни бошлади. Айни пайтда жамоа ўз қароргоҳида машғулот ўтказмоқда.

Жамоа таркибида бир қатор ўзгаришлар юз берди. Хусусан, Отабек Зокиров, Шукурали Пўлатов, Отабек Исроилов, Акрам Баҳриддинов ва Илҳом Юнусов «Қизилқум» билан хайрлашди, деб хабар беради клуб матбуот хизмати.

Ҳозирги кунда, Неманья Йованович (Сербия), Григорий Квисеишвили (Грузия) ва дарвозабон Евгений Черемисин (Россия) «Қизилқум» кўригида бўлиб турибдилар. Бундан ташқари, Элдор Бойматов (Шўртан), Сарвар Холматов (Сурхон), Дониёр Усмонов (Навбаҳор), Наврўз Алимов (Қўқон-1912) ва Алишер Саноев  (Бухоро) жамоа таркибида  шуғулланмоқдалар. 

Шунингдек, ўтган мавсумда ўринбосарлар сафида ҳаракат қилган иқтидорли маҳаллий футболчилар Суҳроб Ярашев ва Ҳусниддин Фазлиддинов асосий таркиб аъзолари билан бирга. Жамоанинг тажрибали легионери, туркманистонлик Артур Геворкян яқин кунларда сафга қайтади. Йиғин давомида грузиялик ҳужумчи ҳам жамоа таркибига келиб қўшилиши кутилмоқда.

Футболчилар 25 январга қадар тайёргарликни Навоийда давом эттирадилар. Сўнгра ўқув-йиғин машулотлари Тошкентда ўтказилади.