Дунёнинг энг ёши улуғ футболчиси «Йокогама» билан шартномани узайтирди
Jan. 11, 2018, 6:21 p.m. 4015

Япониянинг «Йокогама» клуби ҳужумчиси Кадзуёси Миура бир йиллик янги меҳнат битимини расмийлаштирди, деб хабар беради BBC.

Япониянинг иккинчи дивизионидаги навбатдаги мавсум 50 ёшли футболчининг профессионал фаолиятидаги 33-мавсум бўлади. Миура фаолиятини 1986 йили, Бразилиянинг «Сантос» клубида бошлаган эди.

«Ҳар доим қалб амрига қулоқ солган ҳолда футбол ўйнайман ва футболчи сифатида ўсишда давом этаман», – деб Миура сўзларини келтирмоқда Kyodo ахборот агентлиги.

Миура фаолияти давомида Япония, Италия, Хорватия ва Бразилиянинг бир қатор клубларида, хусусан «Палмейрас», «Женоа» ва «Динамо Загреб» клубларида ўйнаган. Япония терма жамоаси таркибида 89та ўйинда 55та гол урган. 1992 ва 1996 йилларда Осиё кубогини қўлга киритган.

26 февраль куни Миура 51 ёшга тўлади.