«Барселона» янги аъзоси Йерри Мина ҳақида 10та қизиқарли факт
Jan. 11, 2018, 6:33 p.m. 9788

«Барселона» мухлисларга ҳимоячи Йерри Мина ҳақида бир қанча қизиқарли маълумотларни эълон қилди.

Маълумки, футболчи Испания гранди билан 2023 йилгача мўлжалланган шартнома имзолаб, қишда амалга оширилган иккинчи трансфер бўлган эди.

«Барселона» футболчини таништирар экан, у ҳақда 10та қизиқарли фактни тақдим қилди.

- Йерри Мина «Барселона» сафида расмий ўйин ўтказадиган биринчи колумбиялик футболчига айланади. 1964 йил 24 июнь куни «Сабадель» клубига қарши ўртоқлик ўйинида, Лауро Москера «Барселона» сафида майдонга тушган эди. Бироқ, у жамоада асосий таркибига ўрнашиб қололмади.

- Йерри «Барса»нинг энг бўйчан футболчиси бўлади. Унинг бўйи 195 см.га тенг бўлиб, у Каталония «гренадёрлари»нинг барчаси - Жерар Пике (194), Серхио (189) ва Андре Гомешдан (188) баланддир.

- Мина Примерада иштирок этаётган ўнинчи колумбиялик бўлади. Уларнинг барчаси қуйидагилар: Карлос Бакка (Вильярреал), Хуанхо Нарваес (Бетис), Луис Муриэл (Севилья), Даниэл Торрес (Алавес), Жефферсон Лермо (Леванте), Жейсон Мурильо (Валенсия), Бернардо Эспиноса, Йохан Мохика ва Марлос Морено (учаласи ҳам – Жирона).

- Йерри Колумбия терма жамоасида 2016 йил 6 октябрь куни дебют қилган. 11 октябрь куни эса Уругвайга қарши ўйинда гол урган. Унинг ҳисобида жами 9та ўйин ва 3та гол бор.

- Профессионал фаолиятида 23 ёшли футболчи тўртта турли рақам остида ўйнаган: №3 - «Депортиво Пасто», №26 - «Санта Фе» ва «Палмейрас», №13 ва №16 - Колумбия терма жамоаси.

- Мина футболга дарвозабон сифатида кириб келган, бироқ, кейинчалик марказий ҳимоячига айланган.


- Йеррининг отаси ва тоғаси ҳам профессионал футболчи бўлган. Қизиғи шундаки, иккаласи ҳам дарвозада турган. Айнан улар Йеррининг футболчи бўлишига катта таъсир ўтказган. Отаси уни оилавий анъанани ўзгартириб, ҳимоячи бўлишга чақирган. Тоғаси эса уни «Депортиво Пасто» клубига жойлаб қўйган, кейинчалик унинг агентига айланган.

- Мина жамоаларига соврин ютиб олишда доимо кўмаклашиб келади: 2014 йили – Колумбия чемпиони, 2015 – Копа Судамерикана ғолиби, 2016 – Бразилия чемпиони ва фақат 2017 йилда совринларсиз қолган...

- Йерри 2016 йилда, қадрдон Гуачена шаҳрида хайрия жамғармасини ташкил қилган ва икки мингга яқин одам ундан ёрдам оляпти.

- Мина бўш вақтини оиласи ва дўстлари даврасида ўтказишни ёқтиради. Бунга ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган кўплаб суратлар исбот бўла олади.

Йерри Мина расмий таништирув маросими 12 январь куни ўтказилади.