Ўзбекистонлик ҳакам ОФК президенти эътирофига сазовор бўлди
Jan. 10, 2018, 5:55 p.m. 1399

2017 йилнинг 29 ноябрь куни Тайланд пойтахти Бангкок шаҳрида Осиёнинг энг яхшиларини аниқлашга бағишланган AFC ANNUAL AWARDS 2017 маросимида пляж футболи ҳаками Бахтиёр Намозов ОФКнинг махсус совринига лойиқ деб топилганди.

Малайзияда бўлиб ўтаётган футзал бўйича семинарда ОФК ана шу совринни унга топширди.

Бахтиёр Намозов 2017 йилнинг 27 апрел – 7 май кунлари Баҳама оролларида бўлиб ўтган пляж футболи бўйича Жаҳон чемпионатида қатнашди ва Бразилия билан Таити терма жамоалари иштирокида бўлиб ўтган финал учрашувини бош ҳакам сифатида бошқарди.

Таъкидлаш жоизки, шу пайтга қадар пляж футболи тарихида Жаҳон чемпионати финалларида осиёлик ҳакамлар ишламаган эди. Бахтиёр Намозов бу борада биринчи бўлди. Бу натижани ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Оли Ҳалифа ҳам эътироф этди.

«Асосий мақсадимиз қитъамиз футболчилари ва футбол мутасаддиларини жаҳон миқёсидаги мусобақаларда иштирокини таъминлаш. Бахтиёр Намозовнинг Пляж футболи бўйича мусобақа финалида бош ҳакам сифатида ишлагани Осиё ҳакамларининг бутун дунёдаги нуфузини янада мустаҳкамлайди. Намозовнинг бу муваффақияти нафақат расмий шахсларни, балки қитъамиз жамоалари ва футболчиларини ҳам Жаҳон ареналарида катта натижаларга эришиш учун интилишга ундайди ва уларга илҳом бахш этади», - деди Шайх Салмон ОФК расмий сайтига берган интервьюсида.

Бахтиёр Намозов 2009 йилдан бери ФИФА рефериси сифатида фаолият юритмоқда. У 2015 йил бўлиб ўтган пляж футболи бўйича Осиё чемпионатида ҳам ишлаган бўлиб, Уммон - Япония терма жамоалари ўртасидаги финални бошқариб борган.