Филиппе Коутиньо ўрнига 4 номзод
Jan. 10, 2018, 4:10 p.m. 12978

Филиппе Коутиньо жамоани тарк этди. «Ливерпуль» катта миқдорда пул ишлаб олган бўлсада, асосий чизиқларидан бирининг яққол етакчисидан айрилди. Трансферлар учун яхшигина пули бўлган мерсисайдликлар бу ўринни тўлдиришга уриниши табиий. Tribuna.Uz бразилиялик юлдузнинг ўрнини тўлдириши мумкин бўлган футболчиларни санаб ўтади.

Хўш Ливерпулда «фантастик тўртлик»дан бўшаб қолган ўринни ким тўлдириши мумкин? Ким энг муносиб бу ўринга. Буни турли имкониятлар кўринишида ҳисоблаб чиқишга ҳаракат қиламиз.

ОРЗУ:
КРИСТИАН ПУЛИШИЧ

Пулишич узоқ вақтдан буён Юрген Клоппнинг асосий трансфер мақсади бўлиб келмоқда. 2015 йилда айнан Клопп уни «Боруссия»га олиб келганди. Анчадан буён айнан у Коутиньо ўрнига муносиб номзод бўлиши айтиб келинмоқда. 

«Асаларилар» ёшлар таркибида Дортмунднинг асосий қаҳрамонларидан бирига айлана олган америкалик футболчи бугунги кунга келиб бутун бошли мамлакатнинг бош умиди бўлиб турибди. 

Албатта, балки Коутиньо ўрнига қисқа муддатлар учун бошқа муносиброқ номзодни топиш мумкиндир, аммо Пулишичнинг эндигина 19 ёшда эканини ҳисобга олсак, ҳозирдаёқ ажойиб футбол намойиш этаёган футболчининг келгусида янада ўсишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. «Ливерпуль» уни сотиб олса, катта эҳтимол билан мухлислар Коутиньони соғиниб қолишмайди. 

Америкалик футболчининг энг асосий қуролларидан бири унинг дриблинги саналади. Жорий мавсумда Кристиан Бундеслигада бу борада энг етакчи футболчи бўлиб турибди (48 марта рақибларини муваффақиятли алдаб ўтган).  Агар рақибни ортда қолдиришга уринишнинг умумий сонини (100) ҳисобга олсак, уларнинг салкам 50 фоизи муваффақиятли чиққанига гувоҳ бўлишимиз мумкин бўлади. 

Албатта бу номзоднинг орзу дейишимизга сабаб бор. Яқинда берган интервьюсида ҳам Пулишич шунга ишора қилганди: «Мен ҳеч қачон «Ливерпуль»га ўтиш ҳақида жиддий ўйлаб кўрмаганман. Клоппни ҳурмат қиламан, у билан яхши танишман, Юрген мени Дортмундда жуда яхши қабул қилган, аммо «Боруссия» менга барча нарсани берди». 

Яна бир нарсани қайд этиш керакки, Неймар «ПСЖ»га ўтиб кетгач, унинг ўрнини босиш учун Каталаонияга «Боруссия»дан Усмон Дембеле олиб келинди. Дортмундликлар французни сақлаб қолиш учун ҳарчанд уринишмасин буни уддалай олишмади. Аммо буёғига улар ҳам ўзига «маҳкам» бўлиши турган гап. Шундай экан, жамоа бир мавсумда иккинчи марта бир хил хатони такрорлаб етакчиларини қўйиб юборишига ишониш қийин.

ЭНГ РЕАЛ ВАРИАНТ:
ТОМА ЛЕМАР

Балки, кимдир Тома Лемар айнан юқоридаги вариантга тўғри келиши мумкинлигини айтар. Аммо, гап шундаки, сўнгги вақтларда француз юлдузига айнан «Ливерпуль» энг кўп қизиқиш билдирмоқда. Ёзда «Арсенал»га ўтишига бир бахя қолган футболчининг эндиликда Ливерпулда пайдо бўлиш имконияти юқори баҳоланмоқда.

Ўтган мавсумда Лемар «Монако»нинг асосий футболчисига айланганди. Барча мусобақаларда жами бўлиб гол+пас тизими бўйича 31 балл (14 гол+17 пас) тўплаган футболчи жамоаси билан Франция чемпиони бўлган ва Европа чемпионлар лигаси ярим финалига қадар етиб борганди.

Аммо жорий мавсумда унинг ўйинида бироз пасайиш кузатилди. Ҳозирга келиб Тома Лемар фақатгина 2та гол киритган бўлиб, 4 голга ҳаммуаллифлик қилган.

Аммо ёзда «Монако»ни етакчи футболчилар тарк этгани ҳисобига, унинг ўйинидаги пасайиш Томага бўлаётган қизиқишни сусайтиргани йўқ. «Ливерпуль» Лемарни қўлга киритиши учун Коутиньо трансферидан ишлаб олган пулнинг катта қисмини сарфлаши керак бўлади. Mirror нашри берган хабарга кўра, «қизиллар» айнан шу йўлдан боришмоқда ва Коутиньо ўрнига «Монако» яримҳимоячисини асосий ўринбосар сифатида кўрмоқда. 

СИРЛИ ТУЛПОР:
ЛЕОН ГОРЕТЦКА

«Ливерпуль» яримҳимоясини кучайтириш учун яна бир номзод бу — Леон Горетцка. шунингдек у кутилмаган Коутиньо ўрнини ҳам босиб кета олиши мумкин.

Ёзда «қизиллар» сафи гвинеялик Наби Кейта эвазига кучаяди ва ўз-ўзидан таянч яримҳимоя ҳудуди ҳам бу орқали катта ўсишга эришини тахмин қилиш мумкин. Бунинг натжасида айнан Горетцка клубга олиб келинса, у кўпроқ ҳужумчиларга ёрдам бериши ва ўзининг яратувчанлик қобилиятини намойиш этиб бериши мумкин бўлади. «Шальке»да ҳозиргача у анча орқага қайтиб ҳаракат қилади ва кўпроқ таянч яримҳимоясига кўмаклашади. Ливерпулда у ҳозиргача эга бўлмаётган имкониятларига эга бўлиши ва бу кутилмаган кашфиётга айланиши ҳам мумкин. 

Горетцка анча орқага қайтиб ўйнаётган бўлсада, «чуқур»дан бошланган ҳужумларни ривожлантириш ва уни муваффақиятли якунлай олиши билан ажралиб туради. Жорий мавсумда у ҳозиргача 4та гол киритди, бироқ қишки танаффус олдидан жароҳат олиб сафдан чиқди. Ўзининг 22 ёшида немис футболчиси олти йиллик тажрибага эга бўлишга ва Бундеслигада 101та учрашув ўтказишга улгурди. 

Шунга қарамасдан, «Ливерпуль» ёзда эркин агентга айланадиган футболчини қўлга киритиш учун «Бавария» ва «Ювентус» билан жиддий рақобатлашишига тўғри келади. 

Tribuna.Uz тавсияси:
НАБИЛ ФЕКИР

«Ливерпуль»нинг «фантастик тўртлиги» бу мавсумда рақиб ҳимояси учун даҳшатли тушдек бўлиб келаётганди. Биргина Премьер-Лиганинг ўзида бу тўртлик 38та гол киритишга муваффақ бўлди. 

Коутиньо эса 7 гол ва 6 голли узатмаси билан бу статистика муносиб ҳисоб қўшиб келаётганини ҳисобга олсак, «Ливерпуль» олдинги чизиқдаги энг асосий яратувчисини йўқотганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. 

Аммо «қизиллар» бразилиялик футболчининг кетганидан унчалик ҳам хафа бўлмасликлари мумкин. Сабаби «Лион»да жавлон ураётган Набил Фекир айнан Филиппенинг ўрнига энг муносиб номзод бўла олади. 

Фекир жамоасида уч ҳужумкор яримҳимоячилардан бири сифатида ўйнаётганига қарамасдан 11та гол киритишга улгурди. «Ливерпуль» Мане ва Салоҳ ёрдамида худди лионликларга ўхшаш услубда ўйнашини ҳисобга олсак, 24 ёшли футболчи келгусида ўзининг жарима майдонида ажойиб тарзда очила олиш қобилияти билан клубга Коутиньодан кам бўлмаган самара келтириши мумкин.

Француз футболчиси шунингдек, «қизиллар» ўйинига, Англияда муҳим саналган иккинчи қаватдаги устунликни ҳам олиб бериши мумкин. Жорий мавсумда Франция 1 лигасида Фекир 45 фоиз ҳаводаги курашларда ғолиб чиққани эътиборга молик. Таққослаш учун бу борада «Ливерпуль»нинг «фантастик тўртлик»идаги энг яхши кўрсаткич Муҳаммад Салоҳга (29,17 фоиз) тегишли.

Ҳозирча шулар. «Ливерпуль» Муҳаммад Салоҳ номи остида янги юлдузга, янги етакчига эга бўлган эсада, Коутиньонинг ўрни учта фронтда кураш олиб бораётган жамоа учун билиниши табиий. Бунинг олдини олиш учун эса Клопп ва унинг жамоасида вақт ҳам маблағ ҳам етарлича топилади.