Филиппе Коутиньо: орзулар сари қадамлар
Jan. 9, 2018, 11:58 a.m. 5017

«Кетишим дабдаба-ю, келишим шалдироқ арава бўлди» – дерди Мурод Ражабов севимли «Ажойиб хаёлпараст» фильмида. Филиппе Коутиньога келганда, бу иборанинг тескарисини қўллаш мумкин. Трансфер қиймати бўйича дунёда иккинчи ўринни банд этиб, деярли ярим йил давом этган сериалнинг якуни ўлароқ «Камп Ноу»га ташриф буюрган Коутиньо бир неча йил олдин «Барселона» «тумшуғининг тагида», «Эспаньол»да тўп тепиб юрарди. У пайтларда каталонияликларнинг бор эътибори океан ортида, Неймарнинг афсунларига маҳлиё эдилар. Келинг, бир бошдан...

ДАСТЛАБКИ ҚАДАМЛАР
Филиппе Коутиньо  1992 йилнинг 12 июнида, Бразилиянинг маданий пойтахти Рио де-Женейрода туғилган. Йирик шаҳарнинг саноат зонасида катта бўлган Филиппе оилада учинчи фарзанд эди. Унинг отаси архитектор бўлиб ишлаган, акалари эса, кейинчалик мамлакатида машҳур юрист бўлиб етишди.

Коутиньонинг болалиги бошқа бразилиялик футболчилардан фарқ қилмаган – то кимнидир назарига тушгунча, асосан бетон ёки асфальтларда тўп тепиш билан шуғулланди. Болакай ўз келажагини Бразилия терма жамоаси сафида ўйнаш орзуси билан боғлай бошлагач, унинг ота-онаси ёрдамчи бўлишди. Улар Филиппенинг футзал майдонларидаги ҳаракатларини видеотасвирга тушириб олишар ва маҳаллий скаутларга кўрсатишарди. 

Қаҳрамонимиз футбол сирларини «Васко Да Гама» академиясида ўрганди. Унинг ажойиб техникаси ва майдонни кўра билиши мураббийларни ўзига тезда жалб қилар, унинг анчагина нозик эканига ҳам эътибор қаратиб ўтиришмасди. Коутиньо анча эрта, 18 ёшидаёқ Европага кетишга муваффақ бўлди. 

«ИНТЕР»ДАГИ МАВҲУМЛИК ИЧИДА


Аслида у 2008 йилдаёқ, яъни 16 ёшида Италиянинг «Интер» клуби назарига тушиб улгурган ва 2.8 миллионлик шартномага имзо чекилганди. Фақат А Серия қоидаларига кўра, балоғат ёшига етмаган Коутиньо миланликлар таркибида тўп сура олмасди, шунинг учун, 2 йил ижара шартномаси асосида Бразилияда ўйнаб юрди. 2010 йилнинг августида ниҳоят «Интер» сафига келиб қўшилган Коутиньо илк голини орадан салкам бир йил ўтиб, «Фиорентина» дарвозасига жарима зарбасидан урганди. 

Аммо «Интер»нинг асосий таркибига кириш ёш футболчи учун қийинчилик туғдирарди. Жамоада бир қатор етакчи футболчилар бўлиб, Коутиньо ўз имкониятини жуда кам ҳолатларда қўлга киритарди. Кўпроқ ўйин амалиётини истаган футболчи Испанияга, «Эспаньол»га ижара асосида ўйнашга рози бўлди. 2012 йилнинг январидан ўша мавсум охиригача у каталонияликлар таркибида 16 ўйинда майдонга тушиб, 5 гол муаллифи бўлди. Жумладан, таъкидлаш жоизки, ўшанда у «Камп Ноу»да тўп суришга ҳам улгурган. Мезбонлар 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган ўйинда, ҳеч ким ёш Коутиньога эътибор қаратмаган бўлса керак. 

«Интер»даги беқарорлик, тинмасдан мураббийларнинг алмашиши ижарада юрган Коутиньога яхшироқ назар солишга фурсат бермасди гўё. Унинг ўзи кумир сифатида Роналдиньони танлаган, баъзи финтлари билан машҳур афсунгарни ёдга солса-да, тактик қараши ва ўйин интизоми борасида Коутиньони Какага ҳам қиёслаш мумкин. Коутиньо бразилча гўзалликни жамоавий ўйинга аралаштира олганди, балки шунинг учунми, у ўша йигирма ёшида бошқа тенгқурлари каби ярқ этиб кўзга ташланмагандир. Ахир барқарор жамоавий ўйинсиз Коутиньодаги улкан салоҳиятни кўриш янада қийинроқ бўлиб кетарди. 

АПЛДА ПОРЛАГАН БРАЗИЛ

Мана шундай мураббий «Ливерпуль»да топилди. «Саутҳемптон» ва «Ливерпуль» томонидан қизиқиш билдирилган яримҳимоячи Брендан Рожерс жамоасини танлади. Ёш футболчининг келажагини тахмин қилишдан зарурроқ ишлари бўлган  «Интер» бу трансферга у қадар қаршилик қилиб ўтирмади ва 2012/13 мавсумининг ўртасида, атиги 8.5 миллион фунт стерлингга Филиппе Коутиньо «Ливерпуль» аъзосига айланди. 

Келаси мавсумда «Ливерпуль» балки ҳозиргача энг яхши йилларидан бирини ўтказди, жамоа ҳатто чемпионлик унвонига ҳам бир қадам келганди. Фақат Жеррард ўша қадамни босаётиб йиқилиб тушганини ҳамма эсласа керак. Хуллас, Суарес, Жеррард, Старридж, Стерлинг каби ёрқин футболчилар ичида ҳам Филиппе Коутиньо порлай олди ва журналистлар уни клубнинг мавсумдаги энг яхши футболчиси деб эътироф этишди.

Уёғини сиз ҳам яхши биласиз, кейинги йилларда Коутиньо жамоанинг энг муҳим футболчисига айланди, 40 дан ортиқ голлар урди, АПЛ да энг кўп гол урган бразилиялик футболчи сифатида қайд этилди. Унинг «Барселона»га трансфери бўйича музокаралар салкам олти ой давом этди ва якунда у Ла Лига пешқадами таркибидан клуб афсонаси Йоҳан Кройфнинг 14-рақамида майдонга тушадиган бўлди. 

ОИЛА – АСОСИЙ ТАЯНЧ

Филиппе бўлажак турмуш ўртоғини 14 ёшида, Риодаги одатий рақс кечаларидан бирида учратганди. У Айнени Италияга ўзи билан олиб келди ва жуфтлик бирга яшай бошлади. 2012 йилда эса, ёшларнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Айнан рафиқаси Коутиньонинг асосий таянчи ва иломи ҳисобланади. Коутиньо ҳар гол урганда трибунадан рафиқаси қидиради. Ёш оила ўғил (Филипп) ва қизни (Мария) катта қилишмоқда.  

«БАРСЕЛОНА»ГА ТРАНСФЕР: ПЛЮС ВА МИНУСЛАР
Кутилмаганда Неймарнинг кетиши «Барселона»га муносиб ўринбосарлар қидиришга ундади ва дастлабки кунларданоқ, асосий эътибор «Ливерпуль» етакчисига қаратилди. Фақат «Ливерпуль»нинг қатъияти бу трансферни қишгача кечиктирди. Каталонияликларнинг фикрларидан қайтмаганликлари ва балки, Муҳаммад Салоҳ образида Клопп янги етакчини топгани бу трансферни тезлаштирди ва томонлар ёзни кутмасликка қарор қилишди. Хўш, Коутиньо «Барселона»га нима беради?

Биринчидан, барибир ҳам ўз мақсадига эришиш ва керакли футболчини «Камп Ноу»га олиб келиш Барселона клуби имижи учун муносиб якун бўлди. 

Иккинчидан, Коутиньо «Барселона» ҳужум чизиғига ва майдон марказига керакли импульсни бера олади. Ёш футболчи «Ливерпуль»да ўз ўйини билан топ-юлдузлар қаторига кириш салоҳиятини намойиш қилди, аммо жамоавий ютуқларга эришмади. Жамоавий совринлар ўтида ёнаётган янги футболчи каталонияликлар учун айни муддао.

Учинчидан, Коутиньо универсал ва тактик жиҳатдан серқирра футболчи. Валверде уни Дембеле ўрнида қанотларда ҳам, Ракитич ёки Иньеста ўрнида марказий яримҳимояда ҳам ва ҳатто Месси ўрнида ҳам синаб кўриши мумкин. Яъни мураббий Коутиньо ёрдамида ўйин сифатига таъсир кўрсатмаган ҳолда ўз етакчиларини ротация қилиш имконига эга бўлади.

Тўртинчидан, «Ливерпуль»нинг юқори прессингга асосланиб ўйин кўрсатиши ва тезкор қарши ҳужумларга суяниши «Барселона»нинг ҳам, Валверденинг ҳам қарашларига жуда мос келади. Коутиньо юқориа айтилганидек, бразилиялик бўлса-да, тактик жиҳатдан интизомли футболчи.

Бешинчидан, «Барселона» Коутиньо мисолида яна бир узоқ масофадан зарба бера оладиган қуролга эга бўлади. Футболчи АПЛда ўзи ўйнаган даврда жарима майдони ташқарисидан энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади – аксарият ўйинларда рақиб ўн киши бўлиб ҳимояланадиган «Барселона» учун яна бир кузирга эга бўлиш айни муддао. Шунингдек, чап томондан стандарт вазиятлар ва жарима тўпларини тепишда Мессига шерик топилди.

Бундан ташқари, Коутиньонинг ўз вақтида Суарес билан «Ливерпуль»да ажойиб боғлам хосил қилганини, терма жамоа сафида Паулиньо билан анча йилдан бери яхши шерик бўлиб келаётганди ва албатта, оз бўлсаям, Ла Лига тажрибаси футболчининг адаптация жараёнини тезлаштиради.

Ушбу трансфернинг даражаси ва унинг атрофидаги шов-шувлар «Барселона» атрофида ижобий муҳит яратаётган бўлса-да, бу келишувнинг айнан қишда бўлгани бироз афсусланарли бўлганини эътироф этиш керак. Коутиньо Европа Чемпионлар Лигасида майдонга туша олмайди. Ла Лигада эса, «Барселона» яқин таъқибчисидан 9 очко илгарилаб кетган («Реал»дан 16очко) ҳолда, ҳали бирорта ҳам мағлубиятга учрамай, жуда текис бормоқда. Яъни яхшилаб ўйлаб кўрилса, Коутиньодан тўлиқ фойдаланиш барибир келаси мавсумга қолади. Чемпионлар Лигасида эса, «Барселона» ушбу 160 миллион евролик сарфни акс эттира олмайди.

Агар «Ливерпуль» томонидан Коутиньони ижарага олиш таклифи «Барселона» томонидан рад этилганини ҳисобга олсак, ушбу мавсум учун ҳам клубда Коутиньо билан боғлиқ жиддий режалар борлигини тахмин қилса бўлади. Адаптация ва жамоага ўрганиш жараёнини тезлаштириш, трансферни нақд қилиб қўйишдан ташқари, юқорида айтилганидек, ротация учун ҳам Коутиньо керак. Иньеста ёки Ракитич Чемпионлар Лигаси ўйинлари учун тикланаётган пайтда, Коутиньо Ла Лигада жавлон ураётган бўлади. Кутамиз.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади