«Пахтакор» 3 миллиард эвазига «Насаф»нинг яна бир футболчисини қўлга киритмоқчи
Jan. 8, 2018, 6:26 p.m. 11063

Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси «Насаф» ҳужумчиси Бобир Абдуҳолиқовни ўз сафига қўшиб олмоқчи. Бу ҳақда CA интернет-нашри хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, «Пахтакор» «Насаф» ҳужумчисининг трансферини сотиб олиш ниятида. Бу борада тошкентликлар «аждарлар»га расмий таклиф билан мурожаат қилган.

Маълумотларга кўра, «Насаф» Бобир Абдуҳолиқов учун 3 миллиард сўм (тахминан 370 минг доллар) сўрамоқда. Агарда томонлар келиша олишса, Абдуҳолиқов келаси мавсумни «Пахтакор»да бошлаши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар «Пахтакор» ўтган мавсумни «Насаф»да ўтказган тўрт нафар футболчи Фарруҳ Сайфиев, Акмал Шораҳмедов, Баҳром Абдурахимов ва Дилшод Раҳматуллаевни эркин агент сифатида ўз сафига қўшиб олганди. Ўтган ёзда эса «шерлар» «Насаф»нинг икки футболчиси Элдорбек Суюнов ва Шерзод Аъзамовнинг трансфери учун 1 миллиард сўм тўлаганди.