Харобадан чиққан тўпурар. Мисрнинг яна бир мўъжизаси
Jan. 8, 2018, 5:44 p.m. 10904

Гўёки, Мисрда иккита муъжиза борга ўхшайди – пирамадилар ва Муҳаммад Салоҳ. Уни анчадан бери яхши кўришади, аммо терма жамоани 28 йилдан бери илк маротаба жаҳон чемпионати финал қисмига олиб чиқиш Салоҳни бутунлай миллат қаҳрамонига айлантирди.

Мамлакатда ховурлар босилиб, ҳаммасини сокинлашган бўлса ҳам, Салоҳ қаҳрамонлик кўрсатишда давом этмоқда ва ҳозирда АПЛнинг энг муҳим фигураларидан бири бўлиб турибди — чемпионатда 17 гол, шунингдек, Европа Чемпионлар лигасида 6та гол, Африканинг энг яхши футболчиси унвони. Салоҳга бўлган муҳаббат фақат футболчининг майдондаги натижаларидан илҳом олмайди, янада кўпроқ, унинг энг пастки қатламлардан юқорига чиқиб бориш эртага ажойиб.  

Салоҳ Александрия яқинидаги Наргиг қишлоғида катта бўлди. Баъзида футбол ўйинларини кўриш мумкин бўлиб қоладиган эски телевизорда Роналдо, Тотти, Зидан каби афсунгарларнинг тўп билан ҳаракатларини томоша қилган Салоҳ етти ёшида футбол билан шуғулланишни бошлади. Қишлоқда футбол тўпини топишнинг ҳам иложи бўлмаган, Салоҳ дўстлари билан бир нечта пайпоқларни бирлаштиришар ва устидан клей билан ўраб, тўп ясашар эди.

Бу Муҳаммаднинг 14 ёшигача давом этди. PepsiCo қаҳрамонимиз ўқийдиган мактабда футбол мусобақаси уюштиради ва айнан ўша турнирда Салоҳ ўзини кўрсатиб, Қоҳиранинг «Араб Контракторс» скаутлари назарига тушади. Натижада у илк шартномасига эга бўлди, лекин шароит янада қийинлашиб кетганди – Салоҳ машғулотга бориш учун кунига 4 соатини йўлда ўтказар, камида уч маротаба маршрутни ўзгартиришга тўғри келарди. Бу ҳолат ҳар куни давом этарди. 

«Мактабдан эртароқ жуфтакни ростлашга тўғри келарди» – деб эслайди у, - Ўқишга соат тўққизда борардим ва бироз ўтиб, клуб томонидан берилган қоғозни кўрсатардим. У ерда менинг соат иккидаги машғулотга етиб боришим учун, эртароқ йўлга чиқишим кераклиги мактабдан сўралганди. Шундай қилиб, мактабда атиги 1-2 соат бўлардим. Машғулотларимиз кечки пайтгача давом этар, у ерни тугатиб, йўлга чиқиб, уйга келгунча соат ўн бирга яқинлашган бўларди».

Албатта, бундай фидойилик тезда мукофотланди: 19 ёшидаёқ Салоҳ Миср терма жамоасида дебют ўйинини ўтказди. Терма жамоа Африка кубоги-2012 турнирига тайёргарлик жараёнида бир қатор ўртоқлик учрашувлар ўтказди ва рақиблардан бири Швейцариянинг «Базель» клуби эди. Миср ўша ўйинда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди, Муҳаммад Салоҳнинг дубли ўша ўйини томоша қилган швейцариялик хужайинларга шунчалик ёқдики, орадан бир неча кун ўтмасдан, ёш ҳужумчи Европага олиб келинди.  

«Жуда қийин бўлганди. Бу қадар ёш бўла туриб бошқа қитъадан қўним топиш осон эмас. Мен Мисрда ўсганман, у ер ҳақида ҳамма нарсани биламан, лекин Швейцария ҳақида ҳеч нарса билмасдим. Ҳатто инглиз тилини ҳам тушунмас, қаердан овқат олиб ейиш ва бошқа оддий нарсаларга ҳам қийналардим», – деб ҳикоя қилади Салоҳ. 

Олти йил ўтди ва ҳозир Салоҳда ҳаммаси зўр. У «Ливерпуль»нинг энг асосий юлдузи, инглизчани ўрганиб олган, ҳафтасига 100 минг фунтлик маош эса, камбағал ва қийин ёшликни эсдан чиқаришда айни муддаодек гўё. 

Йўқ, асло. Муҳаммаднинг қўлида катта пулларнинг пайдо бўлиши унга доимий тарзда ўз юртига ёрдам бериш ва қишлоғини ривожлантириш учун имконият яратди. Қўйида ҳикоя қилинадиган воқеалар Салоҳнинг нақадар буюк юрак соҳиби эканини кўрсатади.

ЎҒРИНИ КЕЧИРДИ ВА ВИЛЛАДАН ВОЗ КЕЧДИ

Бир пайтлар Салоҳ инглизчадаги энг ёқтирган сўзи Love эканини айтганди ва бу ёлғон эмас. 

Муҳаммад Конго дарвозасига дубл қайд этиб, терма жамоасини мундиалга олиб чиқаётган пайтда, унинг отаси истиқомат қиладиган уйга ўғри тушди. Икки кундаёқ ўғрини ушлашди, Салоҳнинг отаси эса, жиноятчи устидан судга ариза берди. Ўғил бу шароитда кутилмаган ҳаракатни амалга оширди: аризани қайтариб олишни сўради, ўғри билан алоҳида гаплашиб, унга бирмунча пул берди ва ҳатто иш топишга кўмаклашди. Ким билади, балки ўша ўғри ўз йўлидан қайтмас, аммо Салоҳ асосий ишни қилиб бўлганди – ўғрига тўғри йўлга қайтиш учун яна бир имконият тақдим қилди.

Бу ишни ҳам соясида қолдириб кетадиган воқеа кейинроқ содир бўлди. Терма жамоанинг мундиалга чиққанидан илҳомланиб кетган мисрлик бизнесмен Мамдух Аббос Салоҳга жуда қимматбаҳо вилласини совға қилмоқчи бўлди. Салоҳ шунчаки, рози бўлиши ва уйни қабул қилиб олиш учун бирор мос кунни белгилаши кутилаётганди. Аммо Муҳаммад бу совғадан воз кечди ва бизнесмендан агар ростан ҳам уни хурсанд қилишни истаётган бўлса, ўша пулларни Нагриг қишлоғини ривожлантиришга сарфлашни сўради.

КАСАЛХОНАЛАР ҚУРИШ  ВА ЁШЛАРНИНГ НИКОҲЛАНИШИДА КЎМАКЧИ

Бу ҳали ҳаммаси эмас, Салоҳнинг ўзи ҳам қишлоғига қайғуриб келади. У фақат пул билан чекланмай, мактаб қурди, ёпиқ футбол майдони ва спорт заллари учун анжомлар ўрнатиб берди.  

«Салоҳ қишлоғимизни дунё харитасига акс эттирибгина қолмасдан, уни ривожлантиришга ҳам улкан ҳисса қўшиб келади. У Базиундаги касалхона биноларини таъмирлашга, ускуналар ва тез ёрдам машиналари сотиб олишда ёрдам кўрсатди» – дейди қишлоқ раиси Махер Шетия. 

Салоҳ шунингдек, ёш жуфтликларнинг оила қуришларига ёрдам беради ва тўй маросимларни ташкил қилиш учун маблағларни ўз ҳисобидан қоплайди. 

«У Нагригга ҳар йили Рамазон ойида келиб, болаларга турли совғалар тарқатади, ҳамма билан бирга расмга тушади, автографлар беради. Болалигидан буён у умуман ўзгармаган» – дейди Салоҳнинг болаликдаги дўстларидан бири. 

Нагриг қишлоғи ва аҳолисига кўрсатаётган беминнат ёрдамлари учун аллақачон у ерда Муҳаммад Салоҳ номи билан мактаб ва ёшлар маркази аталиб келинади. 

МИСР ВАЛЮТАСИНИ САҚЛАБ ҚОЛДИ ВА ФАХРИЙЛАРГА ЁРДАМ БЕРМОҚДА

Ўтган йилнинг охирида Салоҳ яна икки катта ишга қўл урди. Аввалига у Миср фунтини қутқариб қолишда жонбозлик кўрсатди. Мисрликлар миллий валютани инқироздан олиб чиқишда чет эл валютаси лозимлиги ҳақида айтишганда, у биринчилардан бўлиб 210 минг фунт Миср давлати ҳисобига ўтказиб берди.

Кейин эса, Муҳаммад Миср ветеран-футболчилар ассоциацияси ҳисобига 27 минг фунт стерлинг пул ўтказиб берди. Ушбу Ассоциация қийналиб қолган собиқ футболчиларга моддий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади ва Салоҳнинг пуллари ойлик маоши атиги 16.6 фунт бўлган 120 оилага ёрдам тариқасида тарқатиб берилди. 

Салоҳнинг бутун Яқин Шарқдаги аҳамиятини «Ливерпуль»нинг араб мухлислари учун эфирга узатиладиган кўрсатув бошловчиси Ҳотам Кадус жуда аниқ тушунтириб берганди:

«Унинг амалга оширганини ҳеч қайси сиёсатчи қила олмаган» – деганди у, - «Салоҳ Яқин Шарқни бирлаштирди – марокашликлар, тунисликлар, саудлар, кувайтликлар, Уммон ва Амирликда яшайдиган аҳоли – уларнинг ҳаммаси «Салоҳ» фамилияси туширилган футболкани кийиб юришибди. У 90 миллионлик Миср аҳолисига умид бахш этмоқда. Бизда жиддий иқтисодий муаммолар бор, деярли ҳар ҳафта терактлар амалга ошиб турибди, мана шу шароитда ҳам Салоҳ мисрликларга умид бермоқда. «Ливерпуль» ўйнаган кунлари Қоҳирадаги ҳар қандай кафега киринг, бунақасини бошқа пайт учратмайсиз, ҳақиқий байрам. Мана шу икки соат Миср халқини бирлаштиради ва мана шу икки соат биз атрофимизни ўраб турган бутун даҳшатни унутамиз».

Ҳа, пуллар ва машҳурлик одамни ўзгартиради, дейишади. Аммо энди дунёда камида бир одамни биламизки, бу ҳақида ҳеч нарса билмайди. 

Sports.ru материали асосида Қаҳрамон Асланов тайёрлади