Германияда футболчининг автомобили ўққа тутилди
Jan. 8, 2018, 10:09 p.m. 2484

Германияда, келиб чиқиши туркиялик бўлган футболчи Дениз Наки автомобили ўққа тутилди, деб хабар бермоқда Welt.

Воқеа якшанба куни кечқурун юз берган. Наки автомобилида Дюрен шаҳри яқинида кетаётганида, номаълум шахслар унинг ёнидаги автомобилдан икки марта ўқ узганлар.

"Мен ўнг томондан кетаётгандим, шунда бирдан ўқ овози янгради... Шу заҳоти энгашиб, йўл четига чиқдим. Дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетди, жуда қўрққан эдим", — деди футболчи.

Аввалроқ Наки тақиқланган Курдистон ишчилар партиясини тарғибот қилгани учун Туркияда шартли қамоқ жазосига маҳкум қилинган эди. Унинг фикрига кўра, суиқасдга турк махфий хизмати ходимлари алоқадор бўлиши мумкин.

Немис прокуратураси бу можаро юзасидан жиноий иш очди.