Эртага Осиё Чемпионати U-23 старт олади - Ўзбекистон ва унинг рақиблари ўз фикрларини айтди
Jan. 8, 2018, 11:59 a.m. 3937

Бугун Чангжоуда U-23 Осиё Чемпионати «A» гуруҳи вакиллари иштирокида турнирдан олдинги матбуот анжумани ўтказилди.

Дастлаб Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ўз фикрларини айтди.

«Аввало янги йил билан табриклайман. Йилнинг илк мусобақаси эса, жуда қизиқарли ва мухлисларга ёқадиган тарзда кечишига умид қиламан. Мусобақага энг кучли терма жамоалар жамланган. Ўйлайманки, жуда қизиқарли ва кескин баҳслар бизни кутиб турибди.

Ушбу мусобақада потенциал бўйича тенг жамоалар йиғилган ва мусобақа ғолиблиги учун барча терма жамоалар курашади. Мураббий сифатида қайсидир терма жамоанинг имкониятини юқори баҳоламоқчи эмасман. Бу турнирда фаворит ва аутсайдер йўқ. Барчанинг имконияти юқори ва катта салоҳиятга эга терма жамоалар кўп.

Қатар терма жамоасига қарши илк учрашув биз учун ҳам, Қатар учун ҳам жуда муҳим. Боиси, мусобақада илк учрашувни ғалаба билан бошлаш катта аҳамиятга эга. Қатарга қарши жуда кўп ўйнаганмиз. Аммо, бу турли ёшдаги терма жамоалар ва турли мусобақалар эди. Айтиш мумкин, Қатар жуда кучли ва тажрибали футболчиларга эга терма жамоа», - деди Ҳайдаров.

Хитой ёшлари устози Массимилиано Маддалони турнирда яхши иштирок этишдан умидвор эканини айтди.

«Мусобақа биз учун жуда катта тажриба мактаби ва катта аҳамиятга эга. Турнир мезбони сифатида ҳаракат қилиш бизга ҳалақит қилмаслигига умид қиламан. Футболчилар профессионал ва бу босимни ҳис қилиб туришибди. Ушбу турнирга яхши тайёргарлик кўрдик ва умид қиламанки, унда яхши иштирок этамиз».

Уммон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Ҳамад Ал Азани Форс кўрфази кубогида ғалаба қозонган таркиб билан келганини тан олди.

«Ушбу турнир биз учун катта синов ва имтиҳон дейиш мумкин. Уммонда яхши авлод футболчилари етишиб чиқмоқда. Улар ушбу турнирга яхши кайфиятда ва яхши натижа кўрсатиш учун ташриф буюришган. Аввалроқ, Форс Кўрфази Кубогида ғалаба қозондик. Ушбу турнирда иштирок этган 20 нафар футболчи Хитойдаги турнирда ҳам иштирок этади. Футболчилар жуда ёш ва шижоатли. Умид қиламанки, турнирда яхши натижа кўрсатамиз».

Қатар ёшлари устози Феликс Санчес ҳам турнирда яхши иштирок этишдан умидворлигини маълум қилди.

«Жуда кучли гуруҳда ўйнаймиз. Гуруҳдаги барча рақиблар кучли ва ажойиб таркибга эга. Аввалги мусобақада иштирок этган ўн нафар футболчи бу мусобақада ҳам ўйнайди. Таркибимизда деярли муаммо йўқ. Мусобақада яхши иштирок этишга умид қиламиз. Ушбу турнир жуда қизиқарли ва муросасиз тарзда кечади деб ўйлайман. Гуруҳдаги рақиблар кучли ва уларга қарши муносиб ўйнашга ҳаракат қиламиз».
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшлари мусобақадаги дастлабки баҳсни 9 январь куни Қатарга қарши ўтказади.