Роналдунинг Москвадаги муз ҳайкали интернетда ҳазил-мутойибаларга сабаб бўлди
Jan. 7, 2018, 8:55 a.m. 8682

“Муз Москва. Оила даврасида” фестивали доирасида Москвадаги Поклонная горада футболчи Криштиану Роналдуга ўрнатилган муз ҳайкал хорижий ОАВ ва интернет фойдаланувчилари эътиборини жалб қилди. 

Мисол учун, Британиянинг The Sun нашри Москвадаги ҳайкал футболчининг Мадейра аэропортида ўрнатилган бюстига “даҳшатли ўхшашлигини” қайд қилган. Футболчининг Мадейрадаги бюсти беўхшовлиги сабабли интернетда кўплаб ҳазиллар ва мемларга сабаб бўлганди.

Твиттернинг бир қатор фойдаланувчилари муз ҳайкал футболчига умуман ўхшамаслигини қайд қилишган.

“Қизиғи, бу барча ижод маҳсуллари бир одамга бағишланган бўлса-да, улардан бирортаси унга ўхшамайди”, деб ёзган The Itch.

“Бу Мадейрадаги ҳайкалдан тузукроқ. Бироз”, деб мутойиба қилган Дэниел Женкс.

“Нима учун улар унинг юзи билан буни қилишни давом эттирмоқдалар?”, деб савол билан юзланган Balerion's Flame.

Унга жавобан яна бир фойдаланувчи “Мукаммалликни аслидагидек яратиб бўлмайди” деб жавоб қилган. 

Фестиваль 8 январгача давом этади. Унда 2018 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этувчи 32 та терма жамоага бағишланган муз ҳайкаллар экспозицияси жойлаштирилган. Бу ҳайкалларни яратиш учун 2 минг тонна муз келтирилган.