Одил Аҳмедовнинг собиқ бош мураббийи «Дакар» раллисида дебют қилди
Jan. 7, 2018, 10:41 p.m. 2023

2014–16 йилларда «Зенит» клубини бошқарган португалиялик футбол мураббийи Андре Виллаш-Боаш ўзи учун дебют ҳисобланган «Дакар» раллисининг йўлтанламаслар классида 46-ўринни эгаллади, деб ёзади РБК-Спорт.

«Дакар» ралли-марафонининг 40-юбилей пойгаси Перу пойтахти Лимада старт олган. Энг нуфузли пойга ҳисобланувчи йўлтанламаслар классининг биринчи босқичида қатарлик Носир ал-Аттийя пойгани илгари икки марта ютган ўзининг машҳур Toyota’сида биринчи ўринни қўлга киритган.

Одил Аҳмедов тўп сураётган «Шангҳай СИПГ» футбол клубининг собиқ мураббийи Андре Виллаш-Боаш ўзининг «Дакар»даги дебют пойгасида 46-позициядан старт олган. 40 ёшли футбол мутахассиси пойгада иштирок этишини ноябрь ойида эълон қилган эди. «Унутилмас лаҳзалар», — дея «Дакар»даги ўз дебютини Instagrаm’да изоҳлаган Виллаш-Боаш.

 

A post shared by André Villas-Boas (@avbdakar) on Jan 6, 2018 at 6:44pm PST

Виллаш-Боаш мураббийлик карьерасини «Академика»да бошлаган ва кейинчалик «Порту»га ўтган ва бу клуб билан 33 ёшида Европа Лигасини ютган. Кейинчалик португалиялик мутахассис «Челси», «Тоттенҳэм»да ишлаган. 2014 йилда «Зенит»га Лучано Спаллетти ўрнига келган.

2016 йил ноябрида у Хитойнинг «Шангҳай СИПГ» клубига Свен-Горан Эрикссон ўрнига ўтган. Хитой клубида Виллаш-Боашнинг маоши бир йилга 12 миллион еврони ташкил этган. 2017 йил ноябрида у шартномани чўзишни рад этиб, «Шангҳай СИПГ»ни тарк этган.

«Дакар» раллисига (илгари «Париж–Дакар» деб аталарди) 1978 йилда асос солинган. 2009 йилгача пойга Сенегал пойтахти Дакарда тугар ё бошланар эди. Террористик актлар таҳдиди остида «Дакар-2008»нинг бекор қилиниши билан боғлиқ машмашалардан сўнг мусобақалар номуайян муддатга Жанубий Америкага ўтказилган эди.