Уик-энд анонси. Испанияда қадимий дерби, Англияда кубок баҳслари
Jan. 5, 2018, 3:29 p.m. 2956

Қисқа танаффусдан сўнг бугундан Испания ва Италия чемпионатларида навбатдаги тур ўйинлари бошланади. Англия Премьер Лигаси бу ҳафта дам олса-да, инглиз клубларида бундай имконият йўқ, Англия кубогининг 3-босқичи старт олади. Футбол бор экан, «Tribuna.uz» умуман дам олмайди ва эътиборингизга ҳафтанинг эътиборга молик тўқнашувларини ҳавола қилади.

ФИОРЕНТИНА – ИНТЕР (5 январдан 6 январга ўтар кечаси, 00:45)

Агар кимгадир таътил керак бўлса, аввало, «Интер»ни тилга олиш тўғри бўларди. Декабрнинг бошида Скудетто учун энг асосий ва энг жиддий номзод бўлиб турган миланликлар қаторасига 4 ўйинда ғалаба қозона олишмади ва энди, пешқадамдан 7 очко ортда қолишмоқда. Бу орада Италия кубогида «Милан»дан оғриқли мағлубият қабул қилинди. Хуллас, орадаги бир ҳафта танаффус жамоанинг ижобий натижалар рельсига тушиб олиши учун айни муддао бўлиши керак.

Рақиб эса, анойи эмас, «Фиорентина» ушбу мавсумда лиганинг энг беқарор клуби сифатида намоён бўлаётган бўлса-да, бу флоренцияликларни янада хавфли қилади. Биринчи даврадаги ўйинда миланликлар йирик ҳисобда ғалаба қозонганди, аммо бу ўринда апрель ойида шу стадионда бўлиб ўтган ўйинни ёдга олиш тўғрироқ – ўшанда мезбонлар 5:4 ҳисобидаги ғалабага эришган. Умуман олганда, «Фиорентина» уч йилдан бери «Интер»ни ўз майдонида енгиб келмоқда.

Мағлубият «Интер»ни «Наполи»дан икки рақамдан иборат сонга ортда қолдириб кетади. Ортдан келаётган «Рома» ва «Лацио» Спалетти жамоаси билан деярли бир хил кўрсаткичда эканликларини эътиборга олсак, ҳатто Чемпионлар лигаси йўлланмаси ҳам хавф остида қолади. «Интер»нинг ғалаба қозонмасликка ҳаққи йўқ. 

ЛИВЕРПУЛЬ – ЭВЕРТОН (5 январдан 6 январга ўтар кечаси, 00:55)

Англия кубогида учинчи босқич ўйинлари бугун бошланади. Одатга кўра, айнан шу босқичдан Премьер Лига клублари ҳам мусобақага қатнашишлари эътиборимизни ушбу мусобақага ҳам қаратишимизга сабабдир. Кўр қуръа илк боскчиқдаёқ Ливерпуль дербисини тақдим этди.

Топ-6 даги бошқа клублар асосан қўйи лига вакилларига қарши майдонга тушаётганликларини эътиборга олсак, бу рақиб Юрген Клоппга ёқмаслиги табиий. Аммо тан олиш керакки, ливерпулликлар АПЛдаги ўртамиёна жамоалар билан қандай ўйнашни ўрганиб олди ва айниқса, сўнгги турларда кетма кет уч ўйинда ғалаба қозониб, 2-ўрин билан фарқни 3 очкогача қисқартирди.

Жамоаларнинг «Энфилд»даги АПЛ учрашувида томонлар дурангга имзо чекишганди. Салоҳнинг голига ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганда Уэйн Руни пенальтидан жавоб берганди.

1999 йилдан буён «Эвертон» «Энфилд»да ғалаба қозона олмаяпти. Аммо бу стадиондаги сўнгги 10 учрашувнинг 5 тасида дуранг қайд этилганини ҳам таъкидлаш жоиз.

СЕВИЛЬЯ – БЕТИС (6 январдан 7 январга ўтар кечаси, 00:45)

Агар қандайдир турнир мақсадлари-ю, стратегиялардан ҳоли, ҳақиқий футбол курашини томоша қилмоқчи бўлсангиз, бу ўйинни ўтказиб юборманг.

Испания чемпионатининг энг қадимий дербиларидан бири – салкам 110 йилга борадиган Андалусия дербиси иштирокчилари учун ҳеч қандай турнир мотивациясининг кераги ҳам йўқ. Ҳисоб қандай бўлишидан қатъи назар, жамоалар таркиби ва савиясидаги фарққа қарамай, бу ўйинда майдоннинг ҳар нуқтаси курашларга бой бўлади.

«Севилья» ЕЧЛ йўлланмаси учун курашда «Валенсия» ва «Реал»ни таъқиб қилмоқда, аммо ҳозирча муваффақиятсиз. Жамоа сўнгги 3 ўйинда ғалаба қозона олмади, айниқса, Мадриддаги йирик мағлубият оғриқли бўлди. Ўз навбатида, мавасумни яхши бошлаган «Бетис» сўнгги 7 ўйинда атиги 1 ғалаба қозонди ва хавфли зонага яқинлашиб қолди.

Жамоалар ўртасидаги сўнгги беш ўйинда «Севилья» ғалаба қозонганини алоҳида эътироф этиш керак.

БАРСЕЛОНА – ЛЕВАНТЕ (7 январь, 20:15)

Матбуот бутун ёз-у куз, мана қиш бошланди ҳамки, «Барселона»нинг трансфер режалари, хусусан Коутиньо ҳақида ёзмоқда. Вальверде эса, хотиржам тарзда, ихтиёридаги футболчилар билан мунтазам очко тўплаш ва мақсад сари одимлашда давом этмоқда. Доим «Барселона»га нимадир етишмаётгани ҳақида ёзаётганимизда, балки эртага, яна бир енгилмас жамоа пайдо бўлиб қолганини билмай ҳам қолармиз.

Испания кубоги баҳсига Месси, Суарес каби етакчи футболчиларини олиб бормай, «Сельта» билан дуранг ўйнаган «Барселона» ушбу ўйинга жуда яхши спорт формасида кириб келиши кутилмоқда. Коутиньони тилга олмай турсак ҳам, жамоа январда юз миллионлик бир трансферни амалга ошириб бўлди, деб айтиш мумкин. Зеро ёзда катта пулга сотиб олинган ва икки ўйиндан кейин оғир жароҳат олиб сафдан чиққан Усмон Дембеле тикланиб, ҳатто Вигодаги ўйинда майдонга тушиб ҳам улгурди.

Шу пайтгача биз кўрган «Барселона» Валверде қураётган жамоамиди ёки Дембеленинг қайтиши билан бу йўналишда дадил қадамлар ташланадими, бу саволларга жавоб топиш учун «Леванте» жуда яхши машғулот.

СЕЛЬТА – РЕАЛ (7 январдан 8 январга ўтар кечаси, 00:45)

Жамоалар ўртасидаги Ла Ли га доирасидаги сўнгги 7 ўйинда «Реал» ғалаба қозонган, бу ғалабаларнинг 4таси йирик ҳисобда ва ҳатто 7:1 натижаси ҳам қайд этилган.

Аммо «Сельта» грандларни чалишга жуда уста эканини, жумладан, ўтган йилнинг январида айнан «Сельта» мадридликларни икки ўйин натижасига кўра Қироллик кубогидан чиқариб юборганини эътиборга олсак, Зидан шогирдлари учун оддий сафар бўлмайди.

Бунинг устига «Сельта» кечагина бу стадионда «Барселона»ни қабул қилди ва ютқазмади.

Испания чемпионати жадвали ўрталари шунчалик тиғизки, ҳозирда 21 очко тўплаб турган «Сельта» бир ғалаба билан 7-ўринга чиқиб кетиши ёки бир мағлубият билан 15-ўринга тушиб кетиши мумкин. Бундай вазиятда режадан ташқари очколар мезбонлар учун айни муддао.

Барселоналиклар ниҳоят Дембелени кўриш учун навбатдаги ўйинни сабрсизлик билан кутишаётган бўлса, «Реал» мухлисларининг ҳам орзулари ушалиб турибди. Карим Бензема кичик жароҳат олди ва 2-3 ўйинни ўтказиб юборади. Бу даврда мухлислар Бенземасиз «Реал»ни кўриб, хулоса чиқаришлари мумкин. Франциялик ҳужумчи ростанам «Реал»га керакми ёки йўқми?

 

Бошқа ўйинлар:

Англия кубоги:

«Манчестер Юнайтед» – «Дерби» (5 январдан 6 январга ўтар кечаси 01:00)

6 январь: «Манчестер Сити» – «Бёрнли» (20:00), «Норвич» – «Челси» (22:30)

7 январь: «Тоттенҳэм» – «Уимблдон» (20:00), «Ноттингем Форест» – «Арсенал» (21:00)

Италия А Серия:

6 январь: «Милан» – «Кротоне» (19:00), «Наполи» – «Верона» (19:00), «Рома» – «Аталанта» (22:00), «Кальяри» – «Ювентус» (6 январдан 7 январга ўтар кечаси, 00:45)

Испания Ла Лигаси

6 январь: «Атлетико» – «Хетафе» (17:00), «Валенсия» – «Жирона» (20:15).