Қишки трансферлардаги асосий 10та интрига
Jan. 5, 2018, 12:29 p.m. 21368

1 январь куни қишки трансферлар даричаси очилганидан буён бир нечта жиддий трансферлар амалга ошириб бўлинди. «Ливерпуль» ван Дейкни ўзиники қилди, «Лестер» ниҳоят Адриен Силвани ўз футболчиси сифатида рўйхатдан ўтказди, Диего Коста «Атлетико»га қайтди, «Бавария» ички чемпионатдаги рақибларни кучсизлантиришни давом эттириб «Ҳоффенҳайм» ҳужумчиси Сандро Вагнерни ўз сафига қўшиб олди, Арсен Венгер ўзига хос тарзда 2,1 миллион еврога трансфер қилди, Грециядан номини айтиш мураккаб бўлган ёш ҳимоячи Лондонга келди.

«Трибуна» қишки трансферлар вақтида амалга ошиши мумкин бўлган яна 10 трансферни кўриб чиқади.

Филиппе Коутиньо, «Ливерпуль»
Трансфер баҳоси: 65 миллион евро (transfermarket)
Қаерга: «Барселона»

Ҳар бир трансфер даричасида энг кўп муҳокама қилинадиган трансфер афсонаси бўлади. Коутиньо ва «Барселона» тарихи эса аллақачондан буён давом этмоқда. Август ойидаёқ ушбу футболчи Каталонияда бўлиши мумкин эди. Аммо Юрген Клоппнинг қайсарлиги ўшанда бу трансферга тўсиқ бўлганди. Энди эса Коутиньонинг ўжарлиги устун келмоқда ва футболчи яна жароҳат олганини баҳона қилиб жамоа ўйинларини бойкот қилмоқда. Натижада, «Ливерпуль» футболчисини «Барселона» таклиф этаётган 110 миллион евро (қўшимча 40 миллион евро бонуслар кўринишида) эвазига трансфер қилишга рози.

Бу вақтда «Барселона» ҳомийларидан бири Nike ўз интернет магазинида Коутиньонинг трансфери ҳақида муддатидан олдин эълон қилиб юборди.

Леон Горетцка, «Шальке»
Трансфер қиймати: 40 миллион евро (transfermarket)
Қаерга: «Бавария»

Бир ҳафта муқаддам Bild нашри 2017 йилги Конфедерациялар кубогида Германия терма жамоасида ўзини кўрсатган 22 ёшли бу футболчи ёзда «Бавария»га ўтиши ҳақида ёзганди. 

Аммо мюнхенликлар жамоаси мураббийи Юпп Ҳайнкесс барчасини инкор этди: «Горетцканинг агенти айтдики, уни испан клублари сотиб олмоқчи». Аммо ҳамон мюнхенликлар ушбу футболчи учун асосий даъвогар бўлиб туришибди ва унинг ёзда келиши бўйича шу кунлардаёқ келишиб қўйишмоқчи.

Хавьер Маскерано, «Барселона»
Трансфер нархи: 6 миллион евро (transfermarket)
Қаерга: «Хэбэй»

Аргентиналик футболчи ўз фаолияти чўққисидан пастга тушмоқда. Бу йил 33 ёшга тўладиган Маскерано охирги марта жаҳон чемпионатига боради. У қишдаёқ 7 йиллик фаолиятдан кейин «Барселона»ни тарк этишни мўлжаллаган. Уена асосий даъвогар Хитойнинг «Хэбэй» клубидир. Бу ерда у Мануэл Пеллегрини мураббийлигида Лавесси ва Жервиньо каби футболчилар билан бирга тўп суриши мумкин. Унинг трансфери учун хитойликлар 10 миллион евро тўлашга тайёр. Футболчининг ўзига эса йилига 19 миллион евролик маош тайинланиши мумкин. «Барселона» унга ўринбосар топиб бўлган, Бразилиянинг «Палмейрас» клубидан колумбиялик ҳимоячи Йерри Мина сотиб олинмоқда.

Риёз Маҳрез, «Лестер»
Трансфер нархи: 30 миллион евро (transfermarket)
Қаерга: «Арсенал»

Ҳар сафар «Арсенал» Бензема, Дракслер ва Риёз Маҳрезга «оғиз солиб кўради». Бу қишда франциялик ва германиялик футболчилар Лондонга бормаслиги аниқ, аммо жазоирлик футболчининг трансфери ҳақиқатга яқин. Алексис Санчес кетиши ҳақидаги хабарлар фонида Маҳрезнинг келиши ҳақида яна гапира бошлашди. Аммо бу трансфернинг амалга ошиши эҳтимоли юқори эмас, Арсен Венгер кўп пул сарфлашни ёқтирмайди. Айниқса, қишда.

Алексис Санчес, «Арсенал»
Трансфер нархи: 65 миллион евро (transfermarket)
Қаерга: «Манчестер Сити», «ПСЖ»

«Арсенал»нинг кўплаб футболчилари унинг қолишини исташади. Аммо бу футболчи клубдаги муҳитни бузишда ҳам айбдор қилинмоқда. Кейинги йил давомида деярли ҳар ҳафтада ушбу чилилик футболчи кучлироқ клуб сафига ўтишни истаётгани ҳақида хабарлар чиқиб турди, у ўйинларда ҳам, машғулотларда ҳам бор кучи билан ҳаракат қилмаётганини айтишди. Агар аҳвол шундай бўлса, у клубдан кетгани маъқул. Лондон клубининг натижалари бу мавсум янада ёмонлашмоқда ва жамоа кейинги мавсумда ҳам Чемпионлар лигасида иштирок этмаслиги мумкин. Ёзда Алексиснинг шартномаси муддати тугайди ва у ярим йилдан кейин жамоадан эркин агент сифатида текинга кетиши мумкин. Шу туфайли «Арсенал» раҳбарияти уни қишдаёқ сотишга ва бир неча ўн миллион евро маблағ ишлаб олишга ҳаракат қилади.

Тома Лемар, «Монако»
Трансфер қиймати: 30 миллион евро (transfermarket)
Қаерга: «Арсенал», «Челси», «Ливерпуль»

Айни вақтда 22 ёшда бўлган франциялик футболчи «Монако» жавоҳирларидан бири. У ўтган йилиёқ бошқа жамоадошлари каби ложувард соҳилларни тарк этиши мумкин эди, Арсен Венгер Алексис Санчес ўрнига уни олиб кетиш учун Францияга учганди, аммо якунда Санчес Лондонда, Лемар Монакода қоладиган бўлди. Эндиликда, Лемар учун даъвогарлар сони кўпайган, Коутиньо кетиши ортидан «Ливерпуль» унинг ўрнини франциялик ёш истеъдод билан тўлдирмоқчи, шунингдек, унга «Челси»да ҳам жиддий қизиқишлар мавжуд. Аммо Лемар учун асосий даъвогар барибир «Арсенал» бўлиб қолмоқда, барчаси қишда Санчес ва Тео Уолкоттнинг кетиш-кетмаслигига боғлиқ бўлади.

Алекс Сандро, «Ювентус»
Трансфер нархи: 40 миллион евро (transfermarket)
Қаерга: «Манчестер Юнайтед», «Челси»

Ҳозирда сифатли қанот ҳимоячиларга трансфер бозорида талаб юқори. «Манчестер Сити» ўтган йил ёзида бирданига бир нечта қанот ҳимоячиларини катта пулларга сотиб олди. Ундан қолишишни истамайдиган Жозе Моуриньо Манчестерга яна бир кучли қанот ҳимоячиси олиб келмоқчи. Шунингдек, «Челси»да фланглар бўйича камчиликлар кўзга ташланмоқда, Антонио Конте чап қанот муаммоларини собиқ жамоаси «Ювентус» футболчиси билан ёпмоқчи. Икки клуб ҳам бу бразилиялик футболчи учун 50 миллион евро тўлашга тайёр бўлиб турибди.

Кепа Аррисабалага, «Атлетик»
Трансфер нархи: 20 миллион евро (transfermarket)
Қаерга: «Реал»

Мадридда Касильяс эраси аллақачон ўтиб кетган, аммо унинг «Қироллик клуби»даги муқаддас ўрнига ҳалигача муносиб давомчи топилмади. Аввалдан маълум эдики, Кейлов Навас - вақтинчалик вариант, уни ҳатто 2016 йил ёзида Давид де Хеа трансферининг бир қисми сифатида Англияга жўнатишганди. Коста-рикалик бу дарвозабон барқарор ўйин намойиш этсада, унинг савияси ва харизматизми (бу эса клуб бренди учун муҳим) «Реал» учун мос эмасдек кўринмоқда. Шу туфайли, «Реал»га Касильяс каби жамоа рамзига айлана оладиган дарвозабон керак. Бундай дарвозабонни басклар ўлкасидан топишди. «Реал» Кепа Аррисабалагани 2013 йилда буён кузатиб келади ва энди уни трансфер қилишга тайёр.

«Атлетик» тарбияланувчиси бўлган 23 ёшли дарвозабон жамоаси мухлислари билан хайрлашган, Мадрид унинг шартномасида кўрсатилган 20 миллион еврони тўлаб беришга рози, футболчи яқин вақт ичида янги жамоаси учун тиббий кўрикдан ўтиб, шартномани имзолаши кутилмоқда.

Мусса Дембела, «Селтик»
Трансфер нархи: 5 миллион евро (transfermarket)
Қаерга: «Сток Сити», «Эвертон», «Вест Ҳэм», «Брайтон»

Шотландия чемпиони етакчиси ўз омадини Англияда синаб кўрмоқчи. Бир йил муқаддам «Арсенал» ва «Челси» каби грандлар нигоҳига тушган бу футболчи энди ўртамиёна жамоалардан бирига ўтишга ҳам рози бўлмоқда. У бу йил ҳатто Шотландия чемпионатида ўтган мавсумдаги каби самарали ҳаракат қилмади, аммо унга Англияда талаб бор. Айниқса, «Брайтон»га ҳужумчи керак.

Арда Туран, «Барселона»
Трансфер нархи: 12 миллион евро (transfermarket)
Қаерга: «Галатасарой», «Бешиктош», «Милан», «Трабзонспор»

Эрнесто Вальверде келиши билан «Барселона»да Арда Туран учун асосий таркиб эшиклари ёпилди. Туркиялик футболчи унинг даврида битта ҳам ўйинга туширилмади. У энди бу жамоани январдаёқ тарк этмоқчи. Унга асосан Туркиядаги клублардан қизиқишлар мавжуд. 30 ёшда бўлган футболчи талаб этаётган маошни тўлашга «Милан» рози эмас, шу туфайли унинг келгуси клуби ёки собиқ жамоаси «Галатасарой» бўлади, ёки бу жамоанинг ашаддий рақиби «Бешиктош». У бу клубларда доимий ўйин амалиётига эга бўлиши мумкин.