Алькантара қайтиши мумкин
Jan. 4, 2018, 11:23 a.m. 4110

«Бавария» ярим ҳимоячиси Тиаго Алькантара 2018 йилда «Барселона» сафига қайтиши мумкин. Бу ҳақда Mundo Deportivo хабар тарқатди.

Манбанинг маълумотига кўра, испаниялик бу 26 ёшли ҳавбек Мюнхенликлар клубига Юпп Ҳайнкесс келганидан кейин асосий таркибдан тушиб қолганидан норози бўлмоқда.

72 ёшли мутахассис билан «Бавария» шу мавсум охирига қадар шартнома имзолаган. Шу билан бирга, раҳбарият уни кейинги мавсумларга ҳам қолдириш ҳақида ўйламоқда. Шу туфайли, Алькантара ёзда жамоани тарк этишга тайёрланмоқда.

Жорий мавсумда у барча турнирлар доирасидаги 15 учрашувда майдонга тушди ва 3 гол урди. У охирги марта 2017 йилнинг 4 ноябрида алмаштиришсиз ўйнаганди. Ўша ўйинда мюнхенликлар сафарда Дортмунднинг «Боруссия» клубини мағлуб этганди. Шундан кейин Алькантара Бундеслигада битта ҳам учрашув ўтказмади, Чемпионлар лигасида 22 ноябрь куни «Андерлехт»га қарши учрашувда 44 дақиқа ўтказди.