Месси оилавий ҳаёти ҳақида гапирди
Jan. 3, 2018, 10:38 a.m. 8231

«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси оилавий ҳаёти, оталик унинг ҳаётини қандай ўзгартиргани ҳақида гапирди.

«Мен барча қатори оддий одамман. Одатдаги оилавий ҳаётда яшайман. Ҳа, албатта, баъзан кўчада ҳар қадамда ҳеч кимнинг диққатини тортмасдан юришни ҳам истайман.

Уйда биз футбол ҳақида кам гаплашамиз. Овқат маҳали бу мавзу кўтарилиши учун «Барселона» ёки Аргентина терма жамоаси билан боғлиқ қандайдир воқеа рўй берган бўлиши керак бўлади.

Ота бўлиш –  ажойиб. Оталик менинг ҳаётимни жиддий равишда ўзгартирган. Мен баъзи нарсаларга буткул бошқача назар билан қарайдиган бўлдим. Оталик менинг ҳаётимдаги ажойиб ҳодисадир. Буни сўз билан тасвирлаб бўлмайди», — дея Мессининг сўзларини келтирган Blic Online.

Месси ўз рафиқаси Антонелла Рокуццо билан 5 ёшли Тьяго ва 2 ёшли Матеони тарбияламоқда.