Мутко Россия футбол иттифоқи президентлигидан кетди
Dec. 26, 2017, 9:10 a.m. 1427

Виталий Мутко ярим йил муддатга Россия футбол иттифоқи президенти лавозимидан кетди. Бу ҳақда 25 декабрь куни бўлиб ўтган ижроий қўмита йиғилишида маълум қилинди. Бу лавозимда вақтинчаликка Александр Алаев ишлаб туради.

ОАВ Мутконинг кетиши ФИФАнинг допинг можароси фонида ўтказаётган босими билан боғлаганди. 

Ундан аввалроқ WADA Москва антидопинг лабораториясида 2012-2015 йиллар бўйича маълумотлар базасини қўлга киритганди. Агентлик антидопинг регламентини бузишда гумонланган 300 нафар спортчи рўйхатини тузиб чиққанди ва бу маълумотларни турли федерацияларга юборганди. Бундай федерациялар қаторида ФИФА ҳам бор. ФИФА «агар қайсидир россиялик футболчи допингдан фойдалангани исбот қилинса, тегишли санкциялар қўлланиши»ни билдирганди.

Кейинроқ РФИ вице-президенти Сергей Анохин Виталий Мутко ўз лавозимидан кетганини тасдиқлади ва бунга изоҳ берди.

«Виталий Леонтьевич ўз фаолиятини ўз номини ёмонотлиқ қилаётган Макларен ва бошқа шахслар билан судлашув жараёни туфайли тўхтатди», — дея Анохиннинг сўзларини келтирган «Чемпионат».