Узбек O'zbek
«Дарс? Кўчага чиқиб тўп тепсанг бўлмайдими?»: Катта маош олувчи ёш футболчилар ҳақида
Сешанба, 19 Декабр
5756

Қўйидаги футболчилар ҳали 19 ёшга тўлмади. Аммо шундай катта шартномаларга эга бўлиб улгурдиларки, танилиб улгурган баъзи футбол юлдузлари улардан камроқ маош олишади. 

Кристиан ПУЛИШИЧ (Боруссия, Дортмунд) – ҳафтасига 26 минг фунт

Камроқ олади: Жошуа Киммиҳ (Бавария) – 25 минг фунт

«ПА Классикс» жамоасидан сотиб олинган америкалик футболчи аллақачон 75 ўйинда асосий таркибда тушиб улгурди. Кристианнинг муваффақиятларини пайқамаслик осон эмас, у дортмундликлар сафида нафақат асосий футболчилардан бири бўлиб олди, балки АҚШда ҳам 2017 йилнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилди.
 

Кай ХАВЕРЦ (БАЙЕР) – ҳафтасига 27 минг фунт

Камроқ олади: Сусо (Милан) – 22 минг фунт

Хаверц ҳам худди Пулишич сингари, 35 ўйин билан ўз жамоасининг асосий таркиб футболчиси бўлиб улгурган. Хаверц ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида тўп суради. Кай Германиянинг барча ёшдаги терма жамоаларида ўйнаб чиқди ва келаси йил Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига бориш учун номзодлардан биридир. Табиийки, у Европадаги бир қатор скаутлар назарига тушиб улгурган ва жуда яқин йилларда у янада каттароқ шартномага эга бўлишини кутса бўлади.
 

Янн КАРАМО (Интер) – ҳафтасига 32 минг фунт

Камроқ олади: Дрис Мартенс (Наполи) – 28 минг фунт

Карамо – «Кан» клуби тарбияланувчиси. У Африкада туғилган бўлса-да, Франция ёшлар терма жамоалари аъзоси саналади. Марказий ҳужумда ҳам, ўнг қанотда ҳам самарали ҳаракат қила олади. Футболчи билан бир қатор инглиз клублари қизиқишди, аммо «Интер» Карамо учун рақобатда ютиб чиқди ва кейинчалик сотиб олиш шарти билан икки йилга ижарага олди. Ҳозирча, яъни юқорида санаб ўтилган тенгқурлари каби, асосий таркиб ўйинчиси эмас, аммо ким билади, балки Спаллетининг баҳордаги қуролларидан бири айнан Карамо бўлиб чиқар...


Панайотис РЕЦОС (Байер) – ҳафтасига 34 минг фунт

Камроқ олади: Даниэле РУГАНИ (Ювентус) – 21 минг фунт

Кўриб турганингиздек, «Байер» ёш футболчиларга катта маошлар белгилашга қўрқмайди. Марказий ҳимоячи ЖАРда туғилган, аммо Грециянинг «Олимпиакос» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Ўтган мавсумда ўзини жуда яхши томонлама кўрсатди ва бу «Байер»га футболчи учун 17.5 миллион евро тўлаши учун етарли бўлди. Ўз терма жамоасида асосий таркиб футболчиси ҳисобланади.
 


Дуглас ЛУИЗ (Манчестер Сити) – ҳафтасига 40 минг фунт

Камроқ олади: Лоренцо Инсинье (Наполи) – 35 минг фунт

Танимадингизми? Британия матбуотига ишонсак, келажаги порлоқ футболчи. У «Сити»га ёзда ўтганди ва ҳозирда ижара шартномаси асосида «Жирона» таркибида ўйнамоқда. Ушбу марказий ярим ҳимоячи ҳозирча «Жирона» таркибида 5 ўйинда майдонга тушди холос. Кузатишда давом этамиз.


Дайот УПАМЕКАНО (РБ Лейпциг) – ҳафтасига 41 минг фунт

Камроқ олади: Каземиро (Реал) – 40 минг фунт

Австриянинг «РБ Зальцбург» клуби жуда кўп иқтидорли футболчиларни етиштирган, улар ичида франциялик марказий ҳимоячи Упамекано ҳам бор. Йирик гавдасига қарамасдан, у жуда тезкор ва чаққон футболчи. Ҳозирдан ҳимоячи учун «Манчестер Юнайтед» ва «Челси» яхшигина суммаларни таклиф қилмоқда, аммо «Лейпциг» шошилмаяпти.


Мартин ЭДЕГОР (Реал) – ҳафтасига 84 минг фунт

Камроқ олади: Деле Алли – 57 минг фунт, Габриел Жезус – 75 минг фунт

Мартин Эдегорни ҳамма таниса керак, бир пайтлар Европанинг барча топ клублари назарига тушган ва уларнинг ҳар бири билан танишиб, «Реал»ни танлаганди. 15 ёшли болакай учун йилига 5 миллион фунт маош таклиф қилган мадридликларнинг ҳафсаласи пир бўлгани табиий. Эдегор ҳатто «Кастилья»да ҳам яққол ажралиб турмади, энди эса, «Ҳеренвен» таркибида ижарада тўп суряпти. Аммо бола ҳали ёш, ҳаммаси олдинда.

Жанлуижи ДОННАРУММА (Милан) – ҳафтасига 180 минг фунт.

Камроқ олади: Ян ОБЛАК (Атлетико) – 58 минг фунт

Донарумма бундай шартномага қандай эришгани ҳақида бутун ёз бўйи гапирилди. Мино Рийола мижози учун ҳатто юлдуз дарвозабонлар учун ҳам орзу бўлган маошни ташкил қилиб берди. Аммо «Милан» фанатлари Доннарумманинг инжиқликларини ҳалигача кечирмаяптилар, бу ҳолат дарвозабонни ҳам издан чиқармоқда ва имкон қадар тезроқ бошқа клуб сафига ўтишни истамоқда.

Руйхатда Килиан Мбаппенинг йўқлиги кўпчиликни ҳайрон қолдирган бўлиши табиий. Футболчи «Монако»да ҳафтасига 17 минг фунт маош олар эди. У ҳозир Парижда, аммо «Монако» билан шартнома асосида тўп сурмоқда. Янги келишувга асосан «ПСЖ» унга қўшимча қанча пул тўлаётгани маълум эмас. Албатта, Мбаппе парижликлар билан янги шартнома тузиши ҳамоно, ушбу рейтингнинг энг бошидан жой олса керак.

 

Sports.ru материали асосида

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз