Чемпион ҳикоялари: Келажакдан мактуб (Роналдиньо)
Dec. 16, 2017, 3:02 p.m. 4234

 

Салом, саккиз ёшли Роналдиньо!

Эртага, навбатдаги футбол ўйинингдан сўнг, уйга қайтганингда, у ерда жуда кўп одамларни кўрасан. Амакиларинг, оила дўстлари ва яна сен танимаган одамлар ошхонада тўпланиб турган бўлишади. Аввалига, сен қандайдир ўтиришдан кеч қолдим, деб ўйлайсан. Аканг Роберто бугун 18 ёшга тўлди, балки йиғилиш сабаби шудир...

Одатда, ҳар куни уйга келганингда онангнинг чеҳраси очиқ бўлади, у доим кулиб турар, ҳазил гаплар айтарди. Аммо бугун у негадир йиғлаб ўтирибди. 

Кўзинг Робертога тушади. У сенинг қўлингдан тутиб, ҳеч ким йўқ жойга – ваннахонага олиб киради. Унинг гапларини у пайтда яхши тушуна олмайсан:

«Бахтсиз ходиса рўй берди. Дадам энди йўқ. У ўлди...» 

Нима дегани бу? Қачон қайтиб келади? Қандай қилиб дадам йўқ бўлиб қолиши мумкин?

Отанг сенга футбол ўйнашни, майдонда доим эркин ва ижодкор бўлиб қолишни ўргатган инсон, буни биласан. У сизларга ҳаммадан кўра кўпроқ ишонарди. Эсингдами, ўтган йили аканг Роберто «Гремио» таркибида профессионал футбол ўйнашни бошлаганда, даданг ҳаммага «Роберто яхши футболчи, аммо унинг укаси футбол ўйнашни бошласа, кўрасизлар» деб гапириб юрарди. 

У суперқаҳрамон эди  сен учун. У футболни шунчалик яхши кўрар эдики, ҳафта давомида тинмасдан ишлагани етмасдан, дам олиш кунлари «Гремио» стадионида қоровуллик ҳам қиларди. Қандай қилиб уни энди бошқа кўрмаслик мумкин? Сен Робертонинг гапларини яхши тушуна олмайсан.  

Сен қайғуни дарров ҳис қила олмайсан. Бу кейинроқ рўй беради. Бир неча йил ўтиб, отанг ёнингга қайтиб келмаслигини тушуна бошлайсан. Лекин, бир нарсани тушунишингни истайман – ҳар доим, тўп сенинг оёқларинг остида бўлганида, отанг сен билан эканини ҳис қил. 

Тўп сенда экан, сен эркинсан. Сен бахтлисан. Бу худди яхши мусиқа тинглашдек гап. Бу туйғу ўз хурсандчилигингни бошқаларга улашиш истагига ўхшаб кетади. 

Роберто акангнинг борлиги ҳам сенинг омадинг. У сендан ўн ёш катта ва аллақачон «Гремио» таркибида ўйнаб юрган бўлса-да, доим сен учун яшайди. У сен учун фақат ака ёки ота эмас, балки сен учун қаҳрамон бўлади. Сен у каби ўйнашни, унга ўхшашни жуда хоҳлайсан. Ҳар куни эрталаб у билан бирга Гремиога борасизлар, сен ёшлар жамоасида, у эса асосий таркибда футбол ўйнайди. Кейин эса, сен акангнинг, футбол юлдузининг ечиниш хонасига кирасан, кечқурун бир хонада ётасизлар. Севимли футболчинг билан бир хонада ётиш нақадар бахт эканини ўйлайсан ҳар куни...

Сен яшайдиган Порту-Алегрида жиноятчилар кўп - наркотиклар, жиноий гуруҳлар жуда урчиган. Бу ерда яшаш оғир, аммо сен кўчадами, паркдами кучукчанг билан тўп ўйнаб юрар экансан, ўзингни хавфсиз ҳис қиласан. 

Дарвоқе, кучугинг ҳақида айтдим-а? У енгилмас ҳимоячи.

Сен Роберто билан, ўртоқларинг билан, баъзида ёши катта болалар билан футбол ўйнайсан, аммо уларнинг бари қайсидир паллада чарчайди, ўйинни тугатишни истаб қолади – сен эса, ўйнайверишни истайсан. Шунинг учун кучугингни, Бомбомни, ўзинг билан олиб юр. Бомбом – ҳақиқий бразилиялик ит. Бразилияда ҳатто итлар ҳам футболни яхши кўришади. У янги финтларни, дриблингларни ўзлаштириш учун ажойиб шерик. У ҳеч қачон тўп учун курашишдан чарчамайди, ва балки, у «Эластико»нинг илк қурбони десам ҳам бўлади. Йиллар ўтиб, сен Европада ўйнай бошлаганингда, жуда кўп ҳимоячиларни худди шундай алдаб юрганингда, Бомбомни эслайсан.

13 ёшга кирганингда, одамлар сен ҳақингда гапира бошлайдилар. Сенинг иқтидоринг, финтларинг, тўп билан қилаётган рақсларинг ҳамманинг оғзига тушади. Ўша кунларда футбол сен учун ажойиб бир ўйин эди, аммо 1994 йилги жаҳон чемпионатини кўриб, бошқа нарсани тушунасан, футбол шунчаки ўйин эмас.

1994 йилнинг 17 июлини ҳар бир бразилиялик жуда яхши эслаб қолган. Сен ўша куни «Гремио»нинг ёшлар жамоаси билан бирга сафарда эдинг ва телевизорда жаҳон чемпионати финалини томоша қиласизлар. Бразилия ва Италия. 24 йиллик танаффусдан кейин Бразилия яна финалда – худдики мамлакатда ҳаёт тўхтаб қолгандек. Шаҳарлар яшил-сариқ рангга бурканган, ўша куни бошқа бир рангни топиш ҳам амри маҳол. Ҳар бир бурчакда телевизор ўрнатилган ва у ер одамларга тўла.

Ўйин 0:0 ҳисобида якунланади ва пенальтилар серияси бошланади. Италия биринчи пенальтини ўтказиб юборади, кейин Бразилия дарвозасига гол урилади. Кейин... Ромарио тўп олдига яқинлашади... Унинг чап томонга йўллаган зарбаси аввалига, устунга тегиб, дарвоза тўрига бориб тушади. Юрак тушиб қоладигандек... Атрофни бақириқлар тутиб кетади. Кейин Италия ҳам гол уради – жимжитлик. 

Бранко пенальтини аниқ амалга оширади. Таффарел рақиб зарбасини қайтаради. Дунга яна гол уради. Кейин эса, нафақат сенинг, балки миллионлаб бразилияликларнинг ҳаётини ўзгартириб юборган воқеа содир бўлади – Бажжо тўп олдига келади ва зарбани аниқ амалга ошира олмайди. Бразилия – чемпион!

Ўша тентакона оқшомда сен ўзинг учун бир қарорга келасан – сен энди умрингнинг охиригача нима билан шуғулланишингни аниқ билардинг. Сен ўша куни бу ўйиннинг ҳақиқий кучини англаб етасан. Энг муҳими, футболнинг оддий одамларга қай даражада бахт олиб келиши мумкинлигини илк маротаба ҳис қиласан.

«Мен Бразилия терма жамоасида ўйнашим керак», - деб ўзингга ўзинг сўз берасан ўша куни. Ким билади, яна қанча болакайлар худди шу куни худди сенинг ҳолатингда бўлгандир...

Албатта, ҳамма ҳам сенга ишонавермайди. Баъзи мураббийлар бор, улар сенга услубинг бир ишга ярамаслигини, бошқача ўйнашинг кераклигини айтаверадилар. Улар сендан жиддийроқ бўлишни, дриблингларни камайтиришни талаб қиладилар. «Бундай ўйин билан сен ҳеч қаерга бора олмасан, бу масхарабозликларингни ҳақиқий футболчилар билан қила олмайсан» - дейишади улар.

Сен ўша «маслаҳат»ларни унутма ва ўзингни руҳлантириш учун ҳам эслаб тур. Ва мана шу услубда ўйнай олган ва юлдуз бўлган Марадона, Роналдо каби футболчилар ҳақида ўйла. Отангнинг гапларини эсла – «доим эркин ва завқ билан ўйна!» Тўғри, кўп мураббийлар буни тушунмайдилар, аммо улар билан ҳисоблашма. Ҳаммаси табиий рўй беради, тўп оёқларинг остига келиши билан, оёқларнинг ўзи барчасини ўзлари амалга оширишади. Ҳисоб-китобдан олдин ижод қамраб олади сени...

Бир куни, ўша Ромарио жаҳон кубогини боши узра кўтарган кундан бир неча ой ўтиб, «Гремио» мураббийи сени ўз хонасига чақиради ва сени Бразилия ёшлар терма жамоасига чақиришаётганини айтади. Сен терма жамоанинг Терезополисдаги базасига борганингда... Сен бу кунни унута олмайсан. Ҳаммаси ажойиб. Хоналарда, ошхонада, залда Пеле, Зико, Бебетоларнинг катта-катта расмлари осилиқ турибди. Ўша юлдузлар юрган йўлакларда юрибсан, Ромарио, Роналдо, Ривалдолар ўтирган ошхонада, ўшалар овқатланган қошиқларни ишлатмоқдасан. Ўша ётоқхоналарда ётасан ва ҳатто «мана бу ёстиқда қайси футболчи ётган экан»деган ўй сени чўлғаб, ажойиб ҳиссиётларни уйғотади, орзулар уммонига олиб киради.

Кейинги тўрт йил футбол ўйнашдан бошқа нарса қилмайсан. 1995 йилдан 2003 йилгача умринг фақат автобусда ва машғулот майдонларида ўтади. Тўхтовсиз меҳнат.

18 ёшда эса, «Гремио»нинг асосий таркибида дебют қиласан. Эҳ, отанг бундан жуда фахрланган бўларди. Афсуки, у пайтда Роберто ҳам майдонда бўлмайди, тиззасидан олган оғир жароҳат туфайли у футбол ўйнашни тўхтатишга мажбур бўлган ва Швейцарияга кетганди. Сен бу воқеани у билан бўлиша олмайсан, аммо сен у билан шу қадар кўп вақт ўтказгансанки, нима қилишни жуда яхши биласан. Сен ўйин олдидан отанг дам олиш кунлари қаровул бўлиб ишлаган ўша автотураргоҳдан ўтиб борасан, аканг ёшлигингда сени олиб кирган ечиниш хонасига кирасан ва «Гремио»нинг ўша машғур оқ-қора либосини киясан. Биласанми, ҳар қандай иқтидорнинг юзага чиқишида яқин инсонларнинг мадади муҳим аҳамият касб этади. Сен шу ҳақида ўйлайсан. Ниҳоят сендан бахтли одам йўқдек. Аммо бу ҳикоя шу ерда тугаши мумкин эмасди.

Кейинги йили, сен Бразилия терма жамоасида ҳам илк ўйинингни ўтказасан. Қизиқ воқеа бўлади. Сен терма жамоадаги йиғинга жамоадошларингдан бир кун кейин бориб қўшиласан. Сабаби, ўша куни «Гремио» мамлакат кубоги финалида «Интернационал»га қарши ўйнашларинг керак эди. Рақиб жамоаси сардори эса, ўша 1994 йилда чемпион бўлган терма жамоада ҳам ўйнаган Дунга эди. Бу ўйинда жуда яхши ўйнайсан. Шунинг учун ҳам, эртасига йиғинга борганингда, ҳамма фақат сен ҳақингда гапирарди. Ўша 1994 йилда чемпион бўлган футболчилар янги пайдо бўлган «10 рақамли болакай» ҳақида, сен ҳақингда гапиришарди.

Улар сен қандай қилиб, Дунгани алдаб ўтганинг ҳақида, ғалаба келтирган голинг ҳақида гапиришарди. Лекин сен бу билан эркалаб кетма. Бу гаплар сенинг вазифангни янада қийинлаштиради – энди сендан янада кўпроғини кутишади, энди сенга янада жиддийроқ қаршилик қилишади.

Хўш, ўз услубингда қоласанми? Ёки ҳисоб-китоб билан ўйнашга, жиддийроқ бўлишга уринасанми?

Ягона маслаҳатим шу: ўз ҳолингча ўйнавер. Эркин бўл. Мусиқа тингла. Охиригача ўзинг бўлиб қолиш учун, ўнлаб энг яхши ўйинчилар ичида ўз номингга эга бўлишинг учун ягона имконият.

Терма жамоадаги ўйинлар ҳаётингни ўзгартириб юборади. Авваллари сен қаерда эканини ҳам билмаган эшиклар сен учун очила бошлайди. Сен Европада ўйнашни орзу қила бошлайсан. Роналдо сенга Барселонадаги ҳаётини гапириб беради, унинг қўлга киритаётган «Олтин тўп» совринлари, клуб миқёсдаги ютуқлари ҳам сенинг ҳавасингни келтиради. 2001 йилда «Пари-Сен-Жермен» билан шартнома имзолайсан.

Бразилиянинг камбағал, оддий оиласида туғилган болакайга Европадаги ҳаётни қандай тушунтиришим мумкин? Буни барибир ҳозир тушунмайсан. Париж, кейин Барселона, кейин Миландаги фаолиятинг кўз очиб юмгунча, жуда тез ўтиб кетади. Баъзи мутахассислар, баъзи журналистлар сенинг ўйин услубингни тушунмай, баъзида танқид қилиб ўтиб кетишади. Нега биласанми? Улар сенинг юзингдаги доимий табассумни тушуна олишмайди.

Ахир сен футбол ўйнаш қувонч эканини билганинг учун табассум қиласанку! Нега жиддий бўлмагансан? Ахир сенинг мақсадинг ўша қувончни атрофдагиларга ҳам улашиш-ку! худди яхши бир мусиқа эшитаётгандек, эсингдами?  

Эркин бўлиб қолавер – ана шунда Бразилия терма жамоаси билан жаҳон чемпиони бўласан.

Эркин бўлиб қолавер – ана шунда Чемпион Лигаси, Ла Лига ва А Серия ғолиби бўласан. 

Эркин бўл – «Олтин тўп» совринини ютиб оласан... 

Ҳаммасидан ҳам сени «Барселона»да сенинг услубинг орқали янги футбол олиб кирилгани фахрлантиради. Сен бу тарихда муҳим ролда эдинг. У ерга борганингда, «Реал» Испания футболининг асосий кучи эди. Галактикос! Сен Барселонани тарк этаётганингда эса, мамлакатдаги ҳар бир ёш бола «Барселона»да ўйнашни, у ерда сенинг ҳаракатларингни қайтаришни орзу қилаётган бўлади.

Ҳа, айтганча, диққат билан эшит: сенинг майдондаги ўйинингдан ташқари ҳам, жуда муҳим вазифанг бор. Сен Барселона ёшлар жамоасида бир болакай ҳақида эшитасан. У ҳам сенга ўхшаб, 10-рақамли либосда ўйнар экан. У ҳам сен каби жуда кичкина. Жамоадошларинг билан уни томоша қилгани борасизлар. Ўша куни сен унинг буюк футболчи бўлиб етишишини пайқайсан. Бошқаларга ўхшамайдиган болакай. Унинг исми Лео Месси!

Сен мураббийларга айт, уни асосий таркибга жалб қилишсин. У сизларнинг ораларингга келиб қўшилганда, ҳамма, худди бир пайтлар сен ҳақингда терма жамоадагилар гапирганидек, у ҳақида тинмай гапира бошлашади.

Сендан шуни илтимос қиламан, сен унга бир маслаҳатни бер. Бир пайтлар отанг сенгга айтган гапларни қайтариб айт. 

Унга «Тўп билан ўйна. Эркин ва завқ билан ўйна» де. 

Ана ўшанда, сен кетганингдан кейин ҳам Барселонада чиройли футбол яшайверади. Месси орқали.

Биласанми, ҳаётингда яхши воқеалар ҳам, ёмон воқеалар ҳам кўп бўлади. Буларнинг ҳаммаси фақат футбол туфайли. Қачонки, одамлар сенинг иқтидорингга шубҳа қилишса, услубингни танқид қилишса, тўпни йўқотиб қўйганда ҳам табассум қилаверишингни тушуна олишмаса, эътибор берма, бошқа нарсани хотирла. Эсла!

Отанг сизларни тарк этганда, анча камбағал эдинглар. Сизда оддий видеокамера йўқ эди, шунинг учун отанг билан боғлиқ лавҳалар йўқ. Сен унинг овозини, кулгисини эшита олмайсан. Аммо сенда унинг бошқа нарсаси бор – унинг футболи. Сенинг тўп билан тушган ҳар бир расмингда отанг ҳам бор. Гўёки у сенга фахр билан қараб тургандек. Ахир у эмасмиди доим тўп сенинг оёқларинг остида бўлиши кераклигини истаган? Сен тўп билансан, сен куляпсан, сен бахтлисан – мана шу ҳолатда отанг ёнингда, ёдингда тут! 

Пулинг кўпаяди – орқасидан босим ҳам келади. Танқидлар ёғилади. Аммо доим озод бўлиб қол!

У сенга айтгани каби ўйна!

Тўп билан ишлама!

Тўп билан ўйна...

Роналдиньо/ThePlayersTribune

Қаҳрамон Асланов тайёрлади