«Сити»нинг суперрекорди ва «Юнайтед»нинг камтар ғалабаси. АПЛда тур ўйинлари
Dec. 14, 2017, 5:35 p.m. 4191

«Трибуна» Англия чемпионатининг 17-тури якунларини кўриб чиқади.

«Манчестер Сити» АПЛнинг 17-турида «Суонси Сити»ни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бу ғалаба эвазига «Манчестер Сити» АПЛ рекордчисига айланди. Хосеп Гвардиола шогирдлари Англия чемпионатида қаторасига 15 учрашувда ғалаба қозонди. Бундан аввалги рекорд «Арсенал»га тегишли эди. Лондонликлар 2001/02 йилги мавсумнинг охирги 13 турида 13 ғалабага эришган, кейинги мавсумнинг биринчи туридаги ғалаба эвазига бу серия 14 ўйинга етказилганди. Бу натижадан кейин «шаҳарликлар» жамоаси бош мураббийи Хосеп Гвардиола бир йўла учта етакчи лигада ноёб рекорд қайд этди. У Европанинг етакчи чемпионатлари Англия, Испания ва Германияда кетма-кет ғалаба қозониш бўйича мутлақ рекордчига айланиб олди.

ПЕШҚАДАМЛАРДА МУАММОЛАР?

«Манчестер Сити» алоҳида оламда яшаяпти ва у ерда ҳаммаси яхши. Аммо кейинги ўринлардаги жамоаларда чарчоқ аломатлари яққол сезиляпти.

Хусусан, «Манчестер Юнайтед» соддагина «Борнмут» дарвозасига атиги бир гол киритди ва иккинчи бўлимда тўлиқ ҳимояда ўйнашдан уялмади. Аслида дербидаги мағлубият ва жанжалли воқеалардан кейин, кўпчилик «Олд Траффорд»да бошқачроқ «МЮ»ни кўришни кутганди. Йўқ. Моуриньо жамоаси голдан ташқари бирор томондан «Борнмут»дан устунлигини кўрсата олмади.

«Ливерпуль» эса, ноябрь ойидаги супер ўйинларини унутиб қўйган. Қатор ўйинлардаги йирик ғалабалардан кейин, голлар тугаб қолди чоғи, «Энфилд»даги қаторасига икки ўйинда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқа олмади. Ушбу ўйинлардаги ғалабалар Клопп жамоасини 3-ўринга олиб чиқиши мумкин эди.

«Арсенал» эса, сафардаги ўйинлардаги омадсизликни давом эттирмоқда. Ўз майдонидаги ўйинлар бўйича лигада 3-кўрсаткични қайд этиб турган «тўпчилар» сафар ўйинларида атиги 9 очко олди холос. Яхшиямки, сўнгги дақиқаларда Чичаритонинг зарбаси дарвоза тўсинига тегди, акс ҳолда, жамоа мавсумдаги ўзининг 6-мағлубиятини қабул қилиб олиши мумкин эди.  

Умумалаштириб оладиган бўлсак, юқоридаги жамоаларнинг спорт формаси олдинги ўйинлардан тубдан фарқ қилмоқда ва чарчоқ аломатлари сезилиб қолаётгандек.

«БЁРНЛИ» ЯНГИ «ЛЕСТЕР»МИ?

Топ-6га «уялмасдан» кириб олаётган жамоа эса, кўпчилик учун кутилмаганда, Шон Дайчнинг «Бёрнли» жамоаси. «Бёрнли» бир кунга бўлса ҳам, кучли тўртликка кира олди, 17 турдан кейин «Ливерпуль», «Тоттенҳэм» каби жамоалар билан бир хил очко тўплагани, «Арсенал»ни ортда қолдираётгани ҳақиқатан ҳам жамоанинг анча кучли эканидан даракдир.

«Бёрнли» қайсидир жиҳатдан «Лестер»ни ҳам эслатиб юбормоқда ва балки, пешқадамлар ўша мавсумдаги беқарорликни такрорлашаётган бўлганида, «Бёрнли»дан ҳам мўъжизалар кутаётган бўлармидик. Ўхшаш жиҳати, жамоа ҳимояда жуда мустаҳкам, лигада фақат икки Манчестер клубигина «Бёрнли»дан камроқ гол ўтказган холос. 2017 йилда жамоа 8 маротаба 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.

«УОТФОРД»НИНГ СЎНГГИ ДАҚИҚАЛАРИ

Голливуд фильмларининг хусусиятларидан бири фильмнинг энг охирги лавҳаларида барчаси бошдан оёқ ўзгариб кетишидир. Бундай якунлар кўпинча, фильмнинг камчиликларини ёпади, томошабинда розилик ҳиссини пайдо қилади.

«Уотфорд»нинг ушбу мавсумдаги ўйинлари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Аслида, сўнгги дақиқаларда кўпроқ гол урган бошқа жамоалар мавжуд, аммо айнан «Уотфорд» иштирокидаги ўйинларда сўнгги дақиқалардаги голлар учрашув тақдирини бутунлай ўзгартириб юборган.

Маркус Сильва жамоаси 4 ўйиннинг сўнгги дақиқасида гол урган ва бу голларнинг 2 таси ғалаба голлари бўлса, яна 2 таси жамоага дуранг совға қилган. Яъни 90-дақиқада «Уотфорд» 6 очко қўлга киритишга муваффақ бўлган. Бу ҳаммаси эмас – 2 ўйинда «Уотфорд» рақиблари айнан 90-дақиқада 3 гол уришган (бир дуранг ва бир мағлубият) ва бунинг натижасида жамоа 5 очкодан маҳрум бўлган.

Мана шу сценарий 17-турда, «Кристал Пэлас»га қарши ўйинда ҳам рўй берди. Бутун ўйин давомида ҳисобда олдинда борган «Уотфорд» охирги уч дақиқада икки маротаба тўпни ўз дарвозасидан олиб чиқди. Қайсидир маънода, жамоа ярим ҳимоячиси Том Клеверлининг майдондан четлатилиши «Кристал Пэлас»да қўшимча ишонч пайдо қилган бўлиши мумкин.

«СЕНТ МЭРИС»ДА ЯПОНЛАР ОҚШОМИ

Клод Пьюэл «Лестер»га келиб, вазиятни ўнглашга муваффақ бўлди. «Лестер» қаторасига тўртинчи ғалаба эришди, мураббий эса, биратўла, ўзини истеъфога чиқариб юборган собиқ жамоасидан ўч олди. «Манчестер Сити», «Арсенал» каби жамоаларга муносиб қаршилик қила олган «Саутҳэмптон» «Лестер»га қарши ўйинда сочилиб кетди – 1:4.

Шу ўринда бошқа бир фактни эътироф этиш жоиз. Кеча «Сент Мэрис»да киритилган 5 голдан 3таси япониялик футболчилар ҳисобига ёзилди. Мезбонлар сафида марказий ҳимоячи Йошида гол муаллифи бўлган бўлса, «Лестер» ҳужумчиси Шинжи Оказаки дубль қайд этди.

Бу воқеа бир учрашувда икки осиёлик футболчи гол муаллифи бўлган илк ўйин сифатида АПЛ тарихига кирди.

«КРИСТАЛ ПЭЛАС» СЎНГГИ ЎРИННИ ТАРК ЭТДИ

Мавсум бошида қаторасига 8 ўйинда очко қўлга киритиш тугул, бирорта ҳам гол ура олмаган «бургутлар» гўёки қутқариб бўлмас ҳолатга келиб қолганди. Аммо Рой Ҳожсонга таҳсинлар ўқиш керак, тажрибали мураббий жамоа ўйинида ва муҳими, натижаларда ижобий ўсишга эриша олди.

Жамоа 6 ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. Икки ғалаба ва 4 дурангга эришган «Кристал Пэлас» очколари сонини 14тага етказди ва энди 17-ўриндаги «Вест Бромвич»дан фақат тўплар нисбати бўйича ортда қолмоқда холос.

Аммо «Боксинг дэй» ҳафтасида Ҳожсон шогирдларига осон бўлмаслиги аниқ. «Кристал Пэлас» аввалига «Суонси» ва «Лестер»га сафар қилишади, кейин эса, ўз майдонларида «Манчестер Сити» ва «Арсенал»ни қабул қилишади. Тахмин қилиш мумкинки, бу ўйинларнинг ҳар бирида ҳатто бир очко учун ҳам жуда ҳатта меҳнат талаб қилади.

Шу ўринда, худди шундай вазиятда бўлган Лондоннинг бошқа жамоаси «Вест Ҳэм»нинг ўз майдонида «Челси» ва «Арсенал»ни қабул қилиб, 4 очко олганини эслаш мумкин. Умуман, «бургутлар» учун ҳам жамоа номи у қадар аҳамиятли эмас, уларнинг бу мавсумдаги илк ғалабаси кимнинг устидан қўлга киритганлигини ҳам унутмайлик – «Челси». 

ПРЕМЬЕР ЛИГАДА АУТСАЙДЕР КИМ?

Балки ушбу мавсум чемпионлик масаласи жуда эрта ҳал бўлиши билан эсда қолар, лекин турнир жадвалининг иккинчи ярми ҳақида гап борганда, кураш жуда қизғин бўлишини эътироф этиш лозим.

Бунга ўзига яраша сабаб ҳам бор. Мавсум бошида, «Кристал Пэлас», «Вест Ҳэм», «Лестер», «Эвертон» каби клубларнинг омадсиз ўйинлари уларни аутсайдерга айлантирган, аксинча, «Брайтон», «Ҳаддерсфилд», «Ньюкасл», «Борнмут» жамоалари юқори ўринларда борганди. Барибир потенциал ва таркиб жиҳатидан юқорироқ имкониятга эга бўлган биринчи гуруҳ жамоалар бош мураббийни алмаштириб, натижаларни яхшилаб боришмоқда, лига дебютантлари эса, ўша илк турлардаги киритилган очколар эвазига, ўзига нисбатан ишончни сингдириб олишди. Оқибатда, ҳозирда лигада ўзини аутсайдер ҳис қиладиган жамоалар деярли йўқ. Балки, ўша «Эвертон» ёки «Кристал Пэлас» дастлабки турлардан ишончни оқлаганда, «Брайтон» каби клублар аутсайдер мақомига тушиб қолишар ва у ердан чиқа олишмасди.

Бугунги вазиятга келиб айтиш мумкинки, қайсидир маънода «Суонси»дан бошқа барча клублар юқори ўринларга чиқиб бориш учун барча имконият ва салоҳиятга эга. Қизиқ бўлади. 

МУРАББИЙ АЛМАШТИРИШДАН ҚЎРҚМАНГ!

РАҚАМЛАР: Мавсумни ёмон бошлаган ва бош мураббийни алмаштириб натижаларини кескин яхшилай олган жамоалар

  • «КРИСТАЛ ПЭЛАС»: Сўнгги 6 ўйинда мағлубиятга учрамади ва 10 очко қўлга киритди. Аввалги 11 ўйинда қўлга киритилган очколар сони – 4
  • «ЭВЕРТОН» охирги 4 ўйинда 10 очко олди ва 3 ўйинда ўз дарвозасини дахлсиз сақлади. Ундан аввалги 13 ўйинда атиги 1 ўйинда гол ўтказиб юбормаганди холос.
  • «ВЕСТ ҲЭМ» сентябрь ойидан бери илк ғалабасига эришди. «Челси» ва «Арсенал»га қарши ўтган дербиларда 4 очко олди.
  •  «ЛЕСТЕР»: Жамоа янги мураббий Клод Пюэл келганидан сўнг, ўтказилган 8 ўйиндан 17 очко олди. Бу лигада 6-кўрсаткич бўлиб, «МЮ» ва «Ливерпуль»дан атиги 1тага кам, «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» жамоалари тўплаган очколаридан кўпроқдир. 

ҲАФТА СТАТИСТИКАСИ:

Ромелу Лукаку кеча «Борнмут» жамоаси дарвозасига гол урди ва ушбу гол «Манчестер Юнайтед»га ғалаба келтирди. Бельгиялик ҳужумчининг бундан аввалги голи «Ньюкасл» дарвозасига киритилган эди.

Шундай қилиб, ўтган мавсум бошидан буён Ромелу Лукаку 38 ўйинда майдонга тушиб, 30 гол киритган ва энг қизиғи, бу голларнинг ҳаммаси Топ-6 дан ташқари жамоалар дарвозасига урилган. Лукаку «Эвертон» сафида ҳам, «Манчестер Юнайтед» сафида ҳам, ўтган мавсумдан буён топ жамоалар дарвозасини ишғол қила олмаяпти. 

17-тур ўйинлари

17 турдан кейин турнир жадвалидаги вазият