У футболни ташламоқчи эди. Энди уни «Реал» кўз остига олган
Dec. 13, 2017, 11:39 a.m. 14431

«РБ Лейпциг» ҳужумчиси Тимо Вернер – Германияда кейинги икки мавсумда энг немис тўпурар бўлиб турибди (Бундеслига учрашувларида 29 гол). У ҳали 21 ёшда, аммо у беш мавсумдан буён ўсиб келмоқда. У Германия терма жамоасига ёзда Конфедерациялар кубогини қўлга киритишда ёрдам берди, турнирда 3 гол муаллифи бўлди.

Кейинги ярим йил мобайнида уни Мадриднинг «Реал» клуби кузата бошлади.

***

5 йил олдин Тимо футболдан кетмоқчи бўлганди. У ўша мавсумда «Штутгарт» (U-17) таркибида 24 гол урган, ёшлар жамоасини бундеслига кубоги финалига олиб чиққан ва катта ғалабадан умид қилмоқда эди. Аммо муҳим учрашувда 0:2 ҳисобида мағлуб бўлинди ва соврин Берлинга кетди.

Вернер чўкиб қолди. У икки ҳафта кароватидан турмади ва деярли ҳеч нарса емади: «Мен футболга алоқадор бўлишни истамайман. Менимча бу мен учун эмас. Ҳаммаси жонимга тегди».

Аммо янги мавсум бошланганида, Вернер машғулотларга қайтди – у футболсиз яшай олмаслигини англаганди.

Тимо онасининг фамилиясида, чунки унинг ота-онаси турмуш қуришмаган. Отаси – Гюнтер Шух – ярим профессионал даражада футбол ўйнаган, кейинроқ мураббий бўлган. У бўш вақтида ўғлига билганларини ўргатарди. У туфайли Тимо «Штутгарт» мактабига қатнади ва болалар жамоасидаги тўпурар ҳужумчи бўлди. 13 ёшида Вернер ўзидан катталар билан шуғулланишни истаб қолди: унга ўз тенгдошлари билан ўйнаш қизиқ бўлмай қолганди. Унга баъзан рухсат беришарди.

*** 

14 ёшида Вернерни Германия ўсмирлар жамоасига чақиришди, у дебют учрашувида  Польша дарвозасига ҳет-трик қайд этди. Бир ярим йил ўтиб Тимо ўсмирлар терма жамоасида 21 гол урганди. Унга Фриц Вальтер номидаги олтин медаль топширишди. Германиянинг энг яхши ёш футболчиси учун таъсис этилган бу мукофотга ўз вақтида Марио Гётце, Леон Горетцка ва Эмре Жан ҳам муносиб кўрилганди.

Унинг ривожланишида отаси муҳим ўрин тутган. Отаси Тимо билан мактабга ва машғулотларга бирга борар, йўлда унга билганларини ўргатиб борарди. Таълим оила учун муҳим эди: Вернер дарсларни қолдирмасди, ҳатто у жамоанинг асосий таркибига ўтказилганидан кейин ҳам дарсларга қатнашда давом этган. «Штутгарт ҳали мактабдалигимда мен билан шартнома имзолади. Мен фақат футбол билан шуғулланишим ҳам мумкин эди, аммо ойим мен мактабни тамомлашимни истарди. Бу тўғри ҳам эди. Мен энди уни ранжитмаганимдан ғурурланаман», – дея ҳикоя қилади Вернер.

Вернер ўзини жуда камтар тутади. У алкоголь истеъмол қилмайди, турли зиёфатларга, ресторанларга боришни ёқтирмайди, унинг энг севимли таоми – ойиси тайёрлаган таомлар.

Мухлисларга эса бундай йигитлар ёқади. 

***

Тимо доимий равишда рекордларни уриб келмоқда. У «Штутгарт» тарихидаги энг ёш дебютант бўлган. У клуб сафида гол урган энг ёш футболчи бўлган. У бундеслига тарихида дубль қайд этган энг ёш футболчи сифатида тарихга кирган. У чемпионатда 50 ва 100-учрашувларни ҳаммадан эрта ўтказган. Мураббийи Томас Шнайдер ҳайратини яширмайди: «У тоза қонли форвард, у рақиб дарвозаси томон ҳаракатланганида поездни эслатади. Унда тезлик билан бирга ақл ҳам бор».

«Штутгарт»даги 3 мавсумда Тимо 14 гол урди ва «Тоттенҳэм» назарига тушди. 2015 йилда Маурисио Почеттино раҳбариятдан Вернерни трансфер қилишни сўраган, аммо клублар келиша олишмаган. «Штутгарт» бундеслигадан тушиб кетгач эса, Тимо Германиянинг «энг безбет жамоаси», эндигидан юқори дивизионга чиққан «Лейпциг» билан шартнома имзолайди. 

***

2016/2017 йилги мавсумнинг биринчи ярми «Лейпциг» – ақлдан озган жамоа эканини кўрсатди: бу жамоа «Бавария»нинг жаҳлини чиқарди, Дортмунддагиларнинг ҳасадини келтириб, уларни ортда қолдирди. Февралгача Тимо 10 гол урди, мураббий Ральф Хазенхюттль эса у ҳақда комплиментларни тиндирмасди: «Вернер – ажойиб футболчи. У тўп қаерга келишини олдиндан билади ва бўш зоналардан ақл билан фойдаланади. Тимо – бундеслиганинг энг яхши ҳужумчиси».

Мавсумнинг иккинчи даврасида Вернер яна 11 марта рақиблар дарвозаларини ишғол этди ва мавсум тўпурарлари рўйхатида Модест, Левандовски ва Обамеянг қаторида тўртинчи бўлди.

«Лейпциг» мураббийи Хазенхюттль уни янада такомиллаштирди, Вернер қанотларда ҳам ўйнай бошлади. «Штутгарт»да у фақат марказий ҳужумчи сифатида ҳаракатланган ва космик тезлигидан (11,1 секундда 100 метр) фойдаланмасди. Энди эса уни жамоадошлари Турбо-Тимо деб чақира бошлашди.

Унинг тезкорлиги ва голни ҳис қобилиятидан ташқари, майдонни кўриш ва дриблинги ҳам зўр. Унинг ўйин давомидаги манерлари ҳатто рақибларига ҳам ёқади. «У супертезликка эга, унда муз каби хотиржамлик бор, у ҳар қандай нуқтадан туриб гол ура олиши мумкин. Тўп жарима майдонига йўлланганида уни қаттиқ қўриқлаш керак бўлади. У терма жамоа келажаги» – деганди «Ҳоффенҳайм» футболчиси, терма жамоадаги ўрин учун Вернернинг рақобатчиси Сандро Вагнер.

«Мен уни аввалдан, болаликдан бери биламан. Тимо – жуда зўр эди ва ниҳоят ўз даражасини кўрсатди», – деяди «Бавария» футболчиси Йозуа Киммих. У ҳам «Штутгарт» тарбияланувчиси, 2015 йилда «Штутгарт»дан  «Бавария»га келган.

Вернер ҳам ўзи ҳақида шундай дейди: «Менимча, мен янги типдаги ҳужумчиман. Агар 2010 йилги жаҳон чемпионатидан кейинги даврда футбол қай тариқа ривожланганига қарасак, энди кўпчилик классик марказий ҳужумчилардан воз кечган. Бундай амплуадаги ҳужумчилар 20 нафар атрофида қолди. Клублар худди «Лейпциг»да бўлгани каби икки ҳужумчили схемада ўйнай бошлашмоқда. Албатт, Германия терма жамоаси истисно – у ерда кучли ярим ҳимоячилар жуда кўплиги туфайли, уларнинг креативлиги эвазига бир ҳужумчи билан ҳам ўйнаш мумкин. Кўрамиз, бу битта ўринни банд эта олармикинман». 

Бундеслигада 21 гол урганидан кейин ҳам Тимо камтарлигича қолди: «Бир марта «Лейпциг»нинг оддий мухлиси мендан телефон рақамимни сўради. Мен рози бўлдим. Энди биз вақти вақти билан суҳбатлашиб турамиз, баъзида у шунчаки смс жўнатади. Одатда машҳур одамлар нотаниш қўнғироқларни қабул қилишмайди. Лекин мен ундай эмасман. Мен ўзимни юлдуз деб ҳисобламайман».

Бу одати унга қўл келди. Бир сафар Тимо машғулотга кетаётганида нотаниш рақамдан қўнғироқ келади. У ўйланиб ўтармасдан қўнғироқни қабул қилади. Бу Йоахим Лев эди. Тимонинг терма жамоага биринчи чақирув олиши шундай рўй берган.

«Мен рулда эдим ва дарҳол машинани йўл четига тўхтатдим – бундай вазиятда аварияга учраш ҳеч гап эмасди. У билан гаплашиб олганимиздан кейин мен бир неча дақиқа жойимдан жилмадим. Акс ҳолда мен ҳаяжонда бошқарувни йўқотиб, тўсиққа бориб урилишим ҳеч гап эмасди». 

*** 

Терма жамоадаги дебют Англияга қарши ўртоқлик учрашувига тўғри келган. 3 ой ўтиб Лев Тимони Конфедерациялар кубогига марказий ҳужумчи сифатида олиб келди, унинг терма жамоага мослашишида собиқ мураббийи Томас Шнайдер ёрдам берди (улар «Штутгарт»да бирга ишлашган, бир неча йил олдин мураббий Лев штабига кирганди).

Россиядаги турнирда Вернер энг яхши бомбардир бўлди: 3 гол ва 2 ассист. «Унда гол сезиш қобилиятидан ташқари, тиришқоқлик ҳам бор. У жуда кўп меҳнат қилади», – дея эътироф этади Лев. 

Тимо болалигидан меҳнатга ўрганганди. У шаҳар ташқарисида отасининг узум боғида ишлаган. У тез ишлаши керак эди, у мактабдан кейин машғулотлар бошлангунича бўлган танаффус вақтида боққа борарди. У отаси билан тоққа ҳам борарди ва чўққиларга кўтариларди. «Мен ўшанда ўз олдимга профи бўлишни мақсад қилгандим, бунинг учун эса кўп ишлаш керак эди», – дея хотирлайди Вернер.

Клозе ва Подольски терма жамоадан кетгач, Германияда ҳеч ким уларнинг ўрнини Вернер эгаллашига шубҳа қилмаяпти. Ройс доимо даволанишда, Мюллер ҳаммадан кам гол уради, Вагнер 30дан ошди, Марио Гомес эса – 32 ёшда. Гомес ёш юлдузни мақтайди: «Кейинги 10 йилда Германия термасида асосий ҳужумчи Вернер бўлади». Германия футболи афсонаси Лотар Маттеус ҳам йигитча ҳақида илиқ фикр билдирган: «Унинг ўйини кўп имкониятларни очади. Мен Вернерни терма жамоада улкан муваффақиятлар кутиб турибди деб ҳисоблайман».

Тимо Левга ҳам жуда ёқади, мураббий оғир дамларда уни қўллаган. Ўтган мавсумда ёш ҳужумчи «Шальке»га қарши ўйинда симульяция қилиб, пенальти ишлаганди.  Бунинг учун Германиядаги мухлислар бир неча ой давомида Вернерга ҳуштакбозлик қилишганди.

«У хатога йўл қўйганди ва тезда хатосинит тан олди. Ахир у ҳали жуда ёш. Ҳали фаолияти бошида турган ва бир мавсумда 21 гол урган терма жамоа футболчисига ҳуштакбозлик қилиш тўғри эмас. Бу нормал ҳолат эмас», – дея ғазабланганди ўшанда Лев.

Вернер ўзини буюк баскетболчи Коби Брайантга менгзайди: «Кобига ҳам бир вақтлар ҳуштакбозлик қилишарди, аммо у ҳамиша ўзини майдонда кўрсатган. Бу албатта мен майдонда энг яхшиси бўлаётганимни англатмайди. Аммо мен ундан ўрнак олишим керак». 

***

Жорий мавсумда Вернер Германияда яна ёрқин ўйин кўрсатмоқда: чемпионат доирасидаги 13 ўйинда 8 гол, Чемпионлар лигасида 3та. У шунингдек, Германия термасидаги 4 ўйинда ҳам 3 голга муаллиф бўлган. Агар воқеалар ривожи шундай давом этса, кейинги ёзда уни «Реал» ёки «Бавария» ўзиники қилади.

Юпп Хайнкес уни ўз жамоасида кўришни ҳозирдан истамоқда: «Бавария» Вернер билан бир неча йил олдин шартнома имзолаши керак эди».

Ўша симуляцияни унутишди, Вернер улғайди ва ўзига бўлган ишончи ортди. Тез орада уни ҳамма таниб олади.