Роналду «Олтин тўп»лар сони бўйича Месси билан тенглашиб олди
Dec. 8, 2017, 12:34 a.m. 3663

«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду France Football нашри талқини бўйича, йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

32 ёшли португалиялик фаолиятида 5-марта «Олтин тўп»ни қўлга киритиб, бу кўрсаткич бўйича «Барселона» етакчиси Лионель Месси билан тенглашиб олди. Бундан олдин Роналду 2008, 2013, 2014 ва 2016 йилларда «Олтин тўп»га эга бўлган эди.

Совринни топшириш маросими Париждаги Эйфель минорасида ўтказилди.

2016/17 мавсуми якунига кўра, Роналду Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди ва 12та гол билан мусобақанинг энг яхши тўпурари бўлди. Бундан ташқари, Испания чемпионатида биринчи ўринни эгаллади ва 29 ўйинда 25та гол урди. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди ва 4та гол билан турнирнинг энг яхши тўпурари бўлди. УЕФА Суперкубоги ва Испания Суперкубогида ғалаба қозонди. Португалия терма жамоаси билан Конфедерациялар кубоги бронза медалини қўлга киритди.