«Ливерпуль» ўзига хос рекордлар ўрнатди
Dec. 7, 2017, 11:35 a.m. 2009

Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг охирги турида «Спартак»ни 7:0 ҳисобида мағлубиятга учратган «Ливерпуль» ўз рекордларини ўрнатди.

Бу жамоа турнирнинг икки ўйинида 7 гол урган ягона жамоа бўлди. Шунингдек, мерсисайдликлар ЕЧЛ гуруҳ босқичларида энг кўп гол урган биринчи инглиз жамоаси бўлди. Гуруҳнинг 6 ўйинида жами 23 гол урган Юрген Клопп шогирдлари бу борада фақат «ПСЖ»дан ортда қолишди. Парижликлар жорий мавсумда 25 гол билан турнир рекордини ўрнатган.

Бу борада «Ливерпуль»дан кейинги учинчи натижа Дортмунднинг «Боруссия» клубига тегишли. Немислар ўтган мавсумда 6 ўйинда 21 гол урганди.

Тўртинчи ўринда биратўла 3 жамоа 20тадан гол билан жойлашган - «Манчестер Юнайтед» (1998/99), «Барселона» (2011/12, 2016/17) ва «Реал» (2013/14).

Қолаверса, «Ливерпуль» турнирнинг кетма-кет 4 ўйинида 20 гол ура олган илк жамоадир. «Ливерпуль»нинг рақиби бўлган «Спартак» эса бу ўйинда турнирдаги иштироки давомидаги энг йирик мағлубиятини қайд этди.