«Манчестер Сити» кимга ёрдам беради? Бугун гуруҳ босқичида охирги ўйинлар
Dec. 6, 2017, 4:47 p.m. 3949

Бугун майдонга тушадиган гуруҳларда ҳам, худди кечаги каби, 4 жамоа кейинги босқич масаласини ҳал қилиб бўлган ва ҳатто уч гуруҳнинг пешқадам жамоаси ҳам ҳозирдан аниқ. Қолган 4 ўрин учун эса, 7 жамоа даъвогарлик қилмоқда. 

Бугунги ўйинлар натижасида Италия, Германия, Англия ёки Испания ўзининг бирор вакилидан айрилиши, Россия ва Украина жамоаси плей-оффга чиқиши мумкин.

E гуруҳи

ЛИВЕРПУЛЬ – СПАРТАК

«Ливерпуль» гуруҳда якка пешқадам бўлиб турган бўлса-да, бу ўйиндаги мағлубият уларни учинчи ўринга тушириб юбориши мумкин. Ҳозир «Ливерпуль»да 9, «Спартак» ҳисобида 6 очко мавжуд. Москвадаги ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилганди, демак ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба русларни кейинги босқич иштирокчисига айлантиради.

Юрген Клопп шогирдларини нимчорак финалга олиб чиқади, аммо гуруҳда 1-ўринни сақлаб қолиш учун инглизлар ғалаба қозонишлари керак. Иккинчи ўрин билан чиқилганда, плей-оффда кучлироқ рақибга рўбару келиб қолиш хавфли каттароқ.

 МАРИБОР – СЕВИЛЬЯ

Кеча бир испан жамоаси турнирда тарк этди. Бу ҳолат бугун ҳам давом этмаслиги учун «Севилья» Словенияда ғалаба қозониш керак бўлади. Шу ҳолатдагина улар нариги учрашув натижасидан қатъи назар гуруҳдаги икки йўлланмадан бирига эга бўлади.

Андалусияликларни дуранг ҳам қониқтириши мумкин, аммо у ҳолда «Спартак» Англияда ғалаба қозонмаслигидан умид қилишга тўғри келиб қолади. Энг осон ва тинч йўл очко умуман керак бўлмаган «Марибор» устидан ғалаба қозониш.

F гуруҳи

ФЕЙЕНООРД – НАПОЛИ

«Шахтёр» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозониб, «Наполи» яна ЕЧЛ кейинги босқичига чиқиш курашига қўшилди. Бу кураш Украина жамоаси билан бўлиб ўтмоқда ва Саррининг бутун фикри хаёли ушбу ўйиндан ҳам кўпроқ, параллел учрашувга қаратилади. Сабаби, «Наполи» учун нафақат бугун ғалаба қозониш, шу билан бирга «Шахтёр»нинг ҳам мағлубиятга учраши керак бўлади.

ШАХТЁР – МАНЧЕСТЕР СИТИ

Ушбу ўйиннинг Манчестер дербиси олдидан бўлиб ўтиши ва «Сити»нинг аллақачон гуруҳда пешқадам бўлиб олганидан келиб чиқиб, кўпчилик инглизларнинг иккинчи таркиб ўйинчилари билан ташриф буюришини кутганди. Аммо Гвардиола бу ўйинда ҳам ғалаба қозониб, гуруҳ босқичида юз фоизлик натижа кўрсатган ягона жамоа бўлмоқчи эканликларини яширмаяпти. Таркибга ҳам фақат дисквалификацияси туфайли Кевин Де Брюйне ва кичик жароҳати бўлган Давид Сильва киритилмади холос.

Украиналиклар айниқса, сўнгги дақиқаларда ҳушёр бўлишларига тўғри келади. «Манчестер Сити» ЕЧЛдаги сўнгги икки учрашувида (АПЛдаги сўнгги уч ўйинда ҳам) айнан сўнгги беш дақиқадаги голлари эвазига ғалаба қозонди.

Дуранг ҳисоби майдон эгаларини тўлиқ қониқтиради.

G гуруҳи

ПОРТУ – МОНАКО

Ўтган йилги Европа чемпионлар лигаси мусобақаси ярим финалчиси бу сафар ҳатто Евроа Лигаси учун бериладиган ўриндан ҳам қуруқ қолди. Энди Жардим шогирдлари сўнги турда фақат «Порту»нинг оёғидан чалиб қўйиши мумкин холос.

«Порту» «Лейпциг» билан бир хил очко тўплаган ва ўзаро ўйинларга кўра немислардан юқори ўринда жойлашган. Демак ҳар қандай ғалаба португалияликларни нимчорак финалга олиб чиқади.

РБ ЛЕЙПЦИГ – БЕШИКТОШ

«Лейпциг»нинг ҳолати ҳам худди «Порту» каби, умуман очко керак бўлмайдиган «Бешиктош» устидан ғалаба қозониши керак. Фарқ шундаки, «буқалар» «Порту»нинг ҳам очко йўқотишидан умид қилишига тўғри келади. Акс ҳолда Бундеслига ЕЧЛда фақатгина бир клуб билан қолиб кетиши мумкин.

H гуруҳи

РЕАЛ – БОРУССИЯ

Сабаби, яна бир Германия клуби «Боруссия» умуман ишончни оқламади ва ҳатто гуруҳда сўнгги ўринга тушиб кетиш хавфида қолиб кетмоқда.

«Реал»нинг гуруҳда 2-ўринни олиши аниқ, сабаби, ўзаро ўйинларга кўра «Тоттенҳэм» устунлиги туфайли, инглизлар билан очколарнинг тенг бўлиб қолиши ҳам мадридликларга ҳеч қандай наф келтирмайди. Аммо ўз мухлислари қаршисида, шунингдек, Ла Лигадаги омадсиз, голсиз дурангдан сўнг, «Реал» ғалаба учун ҳаракат қилиб кўриши шубҳасиз.

ТОТТЕНҲЭМ – АПОЭЛ

Худди шундай ҳолат Маурисио Почеттино шогирдларида ҳам бўлиб турибди. «Тоттенҳэм» Англиядаги охирги ўйинларда жуда ёмон ўтказди ва олтинчи ўринга тушиб кетди. Мухлисларни қандайдир маънода овутиш учун ҳам бу ғалаба жуда керак.

АПОЭЛ эса, камида дурангга эришишга ҳаракат қилади. Чунки бу ўйиндаги очко уларни Дортмунд жамоасини қувиб ўтишда ёрдам бериши мумкин. Бу эса, АПОЕЛга Европа Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини беради.