Видео: Лобанов мухлисларни ҳақоратлади. Энди уни қандай жазо кутади?
Nov. 20, 2017, 1:02 p.m. 18928

Ўзбекистон чемпионатининг 29-туридан ўрин олган «Насаф» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасидаги учрашув (4:0) сўнггида меҳмонлар дарвозабони Александр Лобанов мухлисларга қарата нохулқий ҳаракатни амалга оширди.

Учрашув тугаб футболчилар ечиниш хонасига кириб кетаётган вақтда мухлислар Лобанов манзилига турли ҳуштакбозликлар ва норозилик қийриқлари йўллашган. Бунга чидай олмган дарвозабон «Насаф» мухлисларига ўрта бармоғини кўрсатган ва унга жавоб қайтарган мухлисга ташланишга уринган. Аммо бу паллада унинг жамоадоши Элдорбек Суюнов ушлаб қолган.

Ўзбекистон футбол федерацияси тартиб-интизом Кодексининг 5.6 бандига кўра, ўйин вақтида, ўйиндан кейин нохулқий, этикага тўғри келмайдиган, носпортча ҳаракатларни амалга оширган футболчи, раҳбар ёки клубнинг бошқа исталган расмий вакили жазога тортилиши белгилаб қўйилган. Унга кўра, футболчи маълум муддатга ўйинлардан четлатилиши 5 млн сўмгача жаримага тортилиши керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ПФЛ тартиб-интизом қўмитаси учрашув қайдномасида кўрсатиб ўтилган ҳолатларни ўрганиб чиққач вазият юзасидан қарор чиқаради. Лобанов билан боғлиқ вазият расмий қайдномада бор ёки йўқлиги ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.