Биринчи хатогача. Европада ЖЧнинг сўнгги йўлланмаси ўйналади
Nov. 14, 2017, 1:42 p.m. 3020

Италия терма жамоаси ЖЧ йўлланмасидан қуруқ қолганидан сўнг, Кўҳна қитъада исталган натижа қайд этилиши мумкинлигига гувоҳ бўлдик. Бугун бўлиб ўтадиган учрашувни ҳам худди шундай олдиндан айтиб бўлмайдиган учрашувга қиёслаш мумкин.

ЖЧ-2018 саралаш босқичи, Европа минтақаси
Плей-офф

Жавоб учрашуви

Ирландия – Дания
Учрашув бўлиб стадион:
«Авива» (Дублин, Ирландия)
Бошланиш вақти: 15 ноябрга ўтар кечаси, 00:45
Бош ҳакам: Шимон Марчиняк (Польша)

Европа учун ажратилган сўнгги йўлланма эгаси бугун, аниқроғи 15 ноябрга ўтар кечаси аниқланади. ЖЧ-2018 йўлланмаси тикилган учрашувнинг нархи шу қадар баландки, биринчи учрашувда кўрсатилган эҳтиёткор ўйин ҳам бунга яққол мисол бўлди. Қизиқарлилик борасида мухлисларни хурсанд қила олмаган учрашувда ҳимоявий футболнинг қўли баланд келди — 0:0.

Ирландиянинг Копенҳагендаги ўйинда мақсади аниқ эди – тўп ўтказиб юбормаслик. Бу ишни жамоа яхши уддалай олди ва ўз уйида бўлиб ўтадиган жавоб учрашуви олдидан қайсидир маънода кичик мақсадига эришди. Аммо ўйин борасида Даниянинг ирландларга нисбатан устунроқ бўлганини ҳам эътироф этиш жоиз, агар меҳмонлар дарвозабони Рэндолф бўлмаганида скандинавияликлар ишончли ғалабани ҳам қўлга киритиши мумкин эди.

Аммо 0:0 ҳисобини Дания терма жамоаси учун трагедия дея баҳолаб бўлмайди. Сабаби икки учрашувдан иборат плей-офф учрашувларида 0:0 ҳисобидаги дуранг, жавоб учрашувида меҳмонлар фойдасига ишлаганини кўп бора гувоҳи бўлганмиз. Ирландия энди гол уришга мажбур ва Копенҳагендаги каби ҳимояга ётиб олишга асоси йўқ. Бу эса Даниянинг гол киритиш имкониятини оширади. Дания киритган гол эса иккитага юриши тушунарли ҳолат

Ўйин олди қизиқарли фактлар

Дания саралаш босқичининг сўнгги учта меҳмондаги учрашувларида (Қозоғистон, Арманистон, Черногория) фақат ғалаба қозонган ва жами 8та гол киритишнинг уддасидан чиққан.

Ирландия терма жамоаси 305 дақиқадан буён ўз дарвозасидан тўп олиб чиқмаяпти. «Яшил армия» ўз уйида 2013 йилнинг 6 сентябридан буён фақат икки марта мағлубиятга учраган.

Дания терма жамоаси 10 учрашувдан буён мағлубиятга учрамай келмоқда: 5 ғалаба ва 5 дуранг. 10 учрашувнинг 2тасида улар гол кирита олмаган бўлса, 4тасида умуман гол ўтказиб юбормаган.

Ирландия Дания терма жамоасига қарши сўнгги уч учрашувдан буён гол ўтказиб юбормаяпти.

Дания терма жамоасининг мағлубиятсиз ўйинлари сони 10тага етди.

Ирландия терма жамоаси Даниядан 1985 йилдан буён мағлубиятга учрамай келмоқда.

ФИФАнинг амалдаги рейтингида Дания терма жамоаси (19 ўрин) Ирландияни 7 поғонага ортда қолдирмоқда.

Тахминий таркиблар

Ирландия: Рэндолф, Кристи, Даффи, Кларк, Уорд, Мейлер, Ҳендрик, МакКлин, Артер, Брэйди, Мёрфи.
Дания: Шмейхель, Кристенсен, Кьер, Бьелланд, Ларсен, Эриксен, Квист, Дилэйни, Систо, Поульсен, Йоргенсен.

Нима кутиш мумкин?

Юқорида тахмин қилганимиздек бу учрашув натижасини, ўйиннинг боришини башорат қилиш жуда қийин. Биринчи учрашувдан келиб чиққанг ҳолда ҳар қандай натижа содир бўлишини кутиш мумкин.

Ирландия меҳмондаги каби ҳимояга ётиб ололмайди ва орқа чизиқда бироз бўшлиқлар кузатилиши мумкин. Бундан эса Дания терма жамоаси фойдаланиб қолиши ёки барчаси аксинча ҳам бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Ирландия мезбон ва жамоа меҳмондан мағлубиятга учрамасдан ортга қайтди.

Бу учрашувда хатонинг баҳоси жуда қиммат бўлади. 90 дақиқа давомида дарвозаларнинг ишғол қилинмагани сабабли, эҳтиёткорлик давом этиши ва биринчи бўлиб хатога йўл қўйган жамоа охир-оқибат мундиал йўлланмасидан қуруқ қолиши ҳам мумкин. Бу учрашувда эҳтимол қўшимча дақиқаларни ва ҳаттоки пенальтилар сериясини ҳам гувоҳи бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас.

Азамат Муродов тайёрлади