Мўъжиза ортидан қувиб: Греция йирик ғалабага уриниб кўради
Nov. 12, 2017, 12:19 p.m. 2126

ЖЧ-2018да иштирок этиши аниқ бўлиб улгурган 26 терма жамоа номи маълум. Бугун уларнинг сафига яна икки Кўҳна қитъа вакиллари ҳам қўшилади. Аслида амалий жиҳатдан йўлланмани нақд қилиб қўйган терма жамоалар бугун уни расмийлаштиришга уринса, рақиб мўъжиза содир этишга уринади. Ана шундай учрашувлардан бири:

Греция –  Хорватия
Стадион: «Георгиос Караискакис» (Пирей)
Бошланиш вақти: 13 ноябрга ўтар кечаси, 00:45:
Бош ҳакам: Бьёрн Куйперс (Нидерландия).

Юқорида айтиб ўтганимиздек Греция Хорватия жавоб учрашувини кўпчилик шунчаки расмиятчилик учун ўтказилишини таъкидлашмоқда. Сабаби Загребдаги «Максимир» стадионида кечган биринчи учрашувда Златко Далич шогирдлари рақибларидан бир бош устун эканликларини кўрсата олган ва йирик 4:1 ҳисобида зафар қучишганди. Юнонларга бундай катта фарқни йўққа чиқариш жуда қийин бўлади – умуман буни уддалашнинг имкони борми-йўқми бу ҳам масала. Сабаби биринчи ўйиндаёқ улар рақибдан анча кучсиз эканликларини кўрсатиб қўйишди.

Биринчи учрашувда Модрич, Калинич, Перишичнинг биринчи ва Крамаричнинг иккинчи бўлимда киритган голларига Папастатопулос ягона гол билан жавоб қайтарди. Аммо бу йирик мағлубиятдан қутулиб қолиш учун етарли бўлмаганди.

Учрашув олди қизиқарли фактлар:

Жаҳон чемпионатлари саралашининг плей-офф босқичида ҳеч бир терма жамоа шу кунга қадар 1:4 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг, ушбу натижани йўққа чиқариб, кейинги босқичга ўта олмаган.

Бу икки жамоанинг ўзаро сўнгги 4 учрашувида хорватлар ва греклар биттадан ғалабани қўлга киритишган, шунингдек икки учрашувда дуранг қайд этилган.

Сўнгги 3 учрашувнинг фақат биттасида Греция 3 терма жамоаси уч ёки ундан ортиқроқ гол киритишнинг уддасидан чиққан.

Тахминий таркиблар:

Греция: Карнезис, Папастатопулос, Дзавеллас, Манолас, Рецос, Тахцидис, Христодулопулос, Циолис, Зека, Фортунис, Митрўғлу.
Хорватия: Субашич, Ловрен, Врсалько, Вида, Стринич, Ракитич, Крамарич, Модрич, Перишич, Брозович, Калинич.

Нима кутиш мумкин?
Фақат мўъжиза. Аслида бунинг содир бўлиш имконияти қарийб нолга тенг бўлсада, майдон текис ва тўп юмалоқ эканини ҳисобга олган ҳолдда, исталган вақтда ҳам мўъжиза кутишга камида футбол мухлисининг ҳаққи бор. Греция терма жамоасининг йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ. Дастлабки учрашувдаги 1:4 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг ҳеч ким улардан ортиқча натижа талаб қилмаяпти. Айнан мана шу босимнинг йўқлиги ҳам юнонларга ёрдам бериб қолиши мумкин. Ким билади дейсиз?

Азамат Муродов тайёрлади.