Ўзбекистон терма жамоасининг энг шармандали мағлубияти шубҳали бўлгани айтилди
Oct. 13, 2017, 5:20 p.m. 7264

Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё кубоги-2000 мусобақасида Япония терма жамоасидан учралган мағлубияти (1:8) борасида Алишер Никимбаев ўз фикрини билдириб ўтди. Эслатиб ўтамиз, бу натижа ҳозиргача терма жамоа тарихидаги энг йирик ҳисобдаги мағлубият бўлиб турибди.

«Ўша учрашувлар вақтида мен терма жамоа билан бирга бўлмаганман. Лекин ўйин натижаси бўйича шубҳали гап-сўзлар тарқалганди. Буниси бор гап. Аниқ бир нарса дея олмайман, аммо шубҳалар ҳақида гап тарқалган», деган Никимбаев.

Шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов ушбу вазиятга қўшимча қилиб ўтди:
«Ўша мусобақадан кейин ЎФФда йиғилиш бўлганда Саркисян очиқ гапирганди. Кўплаб етакчи футболчилар билан келишув бўлган. Улар фақат учта учрашувда ўйнаб беришга рози бўлган. Саркисяннинг ўзи ҳам Максим Шацкихга учтагина учрашувда ўйнаб беришини ялиниб сўраганини тан олганди. Шунда раҳбарият унга нега учта учрашув, плей-оффга умид ҳам бўлмаганми, деб сўраганида Саркисян очиқча тан олиб, шу учта учрашувни ўтказишнинг ўзи катта гап дегандек гапирган. Шундан ҳам билиш мумкинки, олдиндан кўп нарса ҳал бўлган ва қайсидир маънода шубҳалар бўлиши тўғри».