Нидерландияда пенальтилар серияси уч ҳафтадан сўнг қайта тепилди
Oct. 12, 2017, 10:28 p.m. 2957

Нидерландия 3-лигаси вакили «Лиссе» клуби мамлакат кубоги доирасида 5-лига клуби «ХСВ Хук» билан беллашди.

Асосий ва қўшимча вақт дуранг натижа билан якунлангач, пенальтилар серияси ABBA тизимида ўтказилди ва унда «Лиссе» клуби ғалаба қозонди.

Маълумки, бу тизимда жамоалар навбат билан пенальти тепмайди. Биринчи пенальтидан сўнг, иккинчи жамоа қаторасига икки пенальтини ижро этади, сўнг биринчи жамоа қаторасига икки марта. Серия шу тарзда давом этаверади. Бироқ, ҳар икки жамоанинг умумий зарбалари сони аввалгидай 5 талигича қолади.

Кейинчалик, Нидерландия қироллиги футбол иттифоқи АВВА тизими ҳали мамлакат футболида жорий этилмаганини эълон қилиб, жамоаларнинг пенальтилар сериясини бошқатдан амалга ошириши ҳақида қарор қабул қилди. Бунда «Лиссе» клубининг барча эътирозлари инобатга олинмади.

Натижада, уч ҳафтадан сўнг, жамоалар пенальтиларни оддий тизимда тепишди. Бу сафар «ХСВ Хук» клуби муваффақият қозониб, кейинги босқич йўлланмасига эга бўлди.