Хитойда ҳакамлик бўйича инқилоб - чемпионат ўйинларига хорижлик ҳакамлар тайинланди
Oct. 12, 2017, 9:36 p.m. 854

Хитой футбол уюшмаси суперлиганинг октябрь ойидаги баъзи ўйинларига хорижлик ҳакамларни тайинлади.

Мамлакат футболи тарихида биринчи марта чемпионат ўйинларини европалик ҳакамлар бошқарадиган бўлди.

Хусусан, германиялик ҳакам Дениз Айтекин 2 ўйинга таклиф олди. У 22 октябрь куни "Чунцин Лифан" – "Шанхай Шэнхуа" учрашувини, уч кун ўтгач, "Бэйцзин Гоан" – "Чунцин Лифан" ўйинини бошқарадиган бўлди.

Франциялик Тони Шапрон 15 октябрь куни "Шанхай Шэнхуа" – "Тянцзин Тэда" ўйинида ишласа, швециялик Юнас Эрикссонга 14 октябрь куни ўтказиладиган "Тянцзин Цюанцзян" – "Шандун Лунэн" баҳсини бошқариш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, Хитой чемпионатининг сўнгги тур ўйинларида видеоҳакамлардан ҳам фойдаланиш режалаштирилганлиги ҳақида хабарлар чиққан эди. Аммо бу қайси ўйинларда амалга оширилиши ҳақида расмий хабар чиқмади.