Видео: Панаманинг ноҳақ голи. АҚШни Россияга боришдан қандай тўхтатишди?
Oct. 11, 2017, 11:03 a.m. 6407

2018 йилги Жаҳон чемпионати учун саралаш босқичи Шимолий Америка минтақасида Панама терма жамоаси Коста-Рикани қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўйиннинг 52-дақиқасигача коста-рикаликлар 1:0 ҳисобида олдинда эди ва мезбонлар жаҳон чемпионати йўлланмасидан умид уза бошлаганди.

52-дақиқада Панама ҳужумчиси Габриэль Торрес ҳисобни тенглаштирувчи голни урди. Ушбу гол видеосида кўриш мумкинки, тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтмаганди, ҳакамлар голни ҳисоблаб адашишди.

Ўйин якунида эса Роман Торрес Панамага ғалаба келтирувчи голни урди. Параллел кечган учрашувда АҚШ Тринидад ва Тобагодан 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. 

Гуруҳнинг учинчи учрашувида йўлланмани аввалдан ҳал қилиб бўлган Мексика Ҳондурасга ютқазди (2:3).

Натижада, АҚШ сенсацион равишда Россияда кечадиган жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолди. Ҳолбуки, охирги турдан олдин АҚШ 12 очкоси билан учинчи ўринда, Панама ва Ҳондурас 10тадан очко билан тўртинчи ва бешинчи ўринларда эди. Энди Панама учинчи ўрин билан мундиалга тўғридан-тўғри йўл олади (бу Панаманинг илк марта жаҳон чемпионатига чиқиши), Ҳондурас Австралияга қарши ўтиш ўйинларида қатнашади. АҚШ 1986 йилдан буён илк марта жаҳон чемпионатида иштирок этмайдиган бўлди.