Сурия эртаги тугади. Кэйҳилл Австралияни қитъалараро плей-оффга олиб чиқди
Oct. 10, 2017, 4:46 p.m. 6266

ЖЧ-2018 саралаш босқичининг Осиё минтақасидаги плей-офф учравшуви ниҳоясига етди. Унда Австралия терма жамоаси Сурия терма жамоасини қабул қилди.

Учрашувнинг биринчи бўлимида аввалига Умар ас-Сома меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, кўп ўтмай Тим Кэйҳилл фарқни йўққа чиқарди. Бу ҳисоб ўйин давомида бошқа ўзгармади. Биринчи учрашувда ҳам худди шу ҳисобда якунига етгани боис, қўшимча бўлимлар белгиланди.

Қизиқ томони, қўшимча бўлимларга Равшан Эрматов эмас, Илгиз Танташев бош ҳакам сифатида майдонга тушди ва 94-дақиқада сурияликлар вакили ал-Мавасга қизил карточка кўрсатди. Натижада 10 киши қолган Сурия 109-дақиқада яна ўша Кэйҳиллнинг бош билан берган зарбасидан кейин гол ўтказиб юборди. Якуний ҳисоб 2:1 Австралия кейинги босқичда.

Австралияликлар қитъалараро плей-оффда КОНКАКАФ минтақасининг 4-ўриндаги жамоа билан куч синашади. Ҳозирда бу минтақада АҚШ, Панама ва Ҳондурасда бундай имконият мавжуд.

ЖЧ-2018. Саралаш босқичи. Осиё плей-офф
Жавоб учрашуви

Австралия — Сурия 2:1 (1:1, 0:0, 0:0, 1:0)
Гол:
Тим Кэйҳилл (13, 109) — Умар ас-Сома (6).
Четлатиш: Маҳмуд ал-Мавас (94)
Дастлабки учрашув — 1:1.