Футболчи бир ўйинда 21 та гол уришга муваффақ бўлди
Oct. 10, 2017, 8:14 a.m. 41438

Швеция чемпионатининг олтинчи дивизиони доирасидаги учрашувда «Эскильстуна» 28:3 ҳисобида «Эстермальм» жамоасини мағлубиятга учратди. Ғолиб клуб таркибида 25 ёшли ҳужумчи Себастьян Нигард 21 та гол урди, деб хабар бермоқда Aftonbladet.

«Ўйиндан сўнг менга 21 та гол урганим ҳақида айтиб беришганида, бу жуда ажойиб нарса каби эшитилди. Мен биринчи ўнта тўпни киритганимдан сўнг голларим сонини ҳисоблашдан тўхтадим. Учрашувдан аввал кийим алмаштириш хонасида рақибга 10 та гол уришим ҳақида айтиб, ҳазил қилишганди. Танаффусгача еттита тўп киритганимдан кейин, иккинчи бўлимда ҳам шундай кайфиятда ҳаракат қилишни сўрашди. 

Швециянинг биринчи дивизионидаги «Эребру» клубида ўйнайдиган дўстим Филип Рогич менга ўйиндан сўнг қўнғироқ қилди ва 21 та гол ҳақидаги маълумот рост ёки ёлғонлиги билан қизиқди. Шунингдек, у мен эртаси кун машҳур бўлиб уйғонишим, сабаби бу натижа ҳақида газеталарда ёзиб чиқишлари ҳақида ҳам гапирди. Мен унга қўшилмадим, бироқ, афтидан, у ҳақ бўлиб чиқди.

21 та гол урганингда бошингдан ғалати ўйлар ўтар экан. Ҳар бир ҳужум аниқ зарба билан якунланиши лозимдек туюлади. Рақиб ўйин давомида дарвозабонни ўзгартирди. У майдонга тушиб, менинг голларимга бугунчалик якун ясалиши ҳақида айтди. Бироқ мен унга яна 14 та гол урдим. Ўйлашимча, баҳсдан сўнг у шарманда бўлганини ҳис этди.

Ўйиндан бир кун аввал ажойиб базмда эдим. Беллашувдан сўнг мураббийга шундай дедим: «Кеча базмда кўпроқ хурсандчилик қилиб юборибман, бўлмаса бугун 30 та гол урган бўлардим», - дейди Нигард.