«Юлдузлар жанги». «ПСЖ»да асосий етакчи ким бўлади?
Sept. 19, 2017, 11:17 a.m. 4585

«Болакай, нари тур, тепишга халал берма». Эҳтимол, Эдинсон Кавани унга айнан шундай демагандир, аммо видеода шунга ўхшаш гаплар айтилганини сезиш мумкин. Ҳа, Кавани пенальтини ура олмади ва айтган сўзлари учун уялиб қолди.

Аслида бу оддий эпизод. Агар бу бошқа футболчилар билан бўлганида ахборот оқими ичида йўқолиб кетган бўларди. Аммо гап Кавани ва Неймар ҳақида – резонанс кафолатланган, ҳал қилиб олиш керак бўлган иш бор. Французларнинг L`Equipe нашри бу видеоларни кенг таҳлил қилди. Унаи Эмери ва Дани Алвес, кейинроқ Каванининг ўзи изоҳ берди – фақат Францияда эмас, бутун дунёда бу ҳолат кенг муҳокама қилинди. ESPN ва Goal нашрларида урилмаган пенальти куннинг асосий воқеасига айланли. Шундай эпизод шу қадар муҳим бўлиши мумкинми?

Янги «ПСЖ» эндигина қурилмоқда, бу футболчилар эса бу жараёндаги асосий иштирокчилар. Аммо клубнинг асосий юлдузи ким бўлади, ким жамоанинг асосий етакчиси бўлади? Ҳеч бўлмаганда асосий пенальтист аниқми? Кўринишидан, Унаи Эмери бу масалада ёрдам бера олмайди. Унинг изоҳи зерикарли: «Пенальтини турли футболчилар ижро этиши мумкин — Неймар ҳам, Кавани ҳам. Улар буни олдиндан келишиб олиши керак эди, менга қолса, иккиси навбат билан тепишсин. Агар улар келиша олишмаса, унда мен қарор қиламан». Бошқача айтганда, мураббий бу юлдузлар масалани уни аралаштирмай ўзлари ҳал қилиб олишини истамоқда. У ҳозирги ҳолат (барча пенальтини Кавани тепиши) ўзини қониқтирмаслигига ишора қилди. Бу ҳолат Неймарни қониқтирмайди…

Гап футболчилар ҳал қилиб олишида эмас. Бундай вазият аввал ҳам кузатилганди. 25 август куни «ПСЖ» «Сент-Этьен»га қарши ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қилган, биринчи голни 20-дақиқада Кавани пенальтидан урганди. Ўшанда ҳам Неймар пенальти тепишни истаган – аммо Кавани унга тўпни бермаганди. «Лион» билан ўйинда худди шундай бўлди. Аввалига жарима зарбаси белгиланганда Кавани тепишга чоғланганида Дани Алвес тўпни қучоқлаб олиб, уни Каванидан яширди ва Неймарга бериб юборди. У бразилиялик ватандоши тарафини олиши тушунарли ҳолат. 

Кавани Ибраҳимович билан рақобат даврини бошдан кечирган, ўшанда у марказ бандлиги туфайли вингер сифатида ўйнашга мажбур бўлган, у кетгач эса ўзини клубнинг қиролидек ҳис қила бошлади: тажриба, бомбардирлик, юлдузлик. Шунингдек, пенальтист. Энди у нега ўз ўрнини топшириши керак?

Неймар иккинчи бўлиб қолаётгани, Мессининг соясида қолиб кетаётгани туфайли Каталониядан кетганди. У янги клубида ҳеч нарсани, жумладан, пенальтини ҳам ким биландир баҳам кўришни истамайди. Бу манфаатлар тўқнашуви. Клубга келганига бир ойдан ошиқроқ вақт бўлган бўлсада, уни рози қилиш керак. Бир ойдан ошиқроқ вақт ичида унинг 120 минг футболкаси сотилди.

Ҳозирча «ПСЖ» асосан йиллик бюджети Неймар трансфери учун тўланган маблағ миқдорига тенг клублар ичида. Аммо «Лион», таркиби 5 баробар арзон клуб Парижда парижликларга жиддий рақобат кўрсатди, зарбалар беришда икки жамоа кўрсаткичлари деярли тенг бўлди. Мезбонлар гол ура олишмади, учрашув тақдирини икки автогол ҳал қилди. Халқаро майдонда Неймар, Мбаппе ва Кавани бирдам бўлмаса, жиддий муаммолар юзага келиши тайин. Лекин клубда ҳозир атмосфера қандай? Ҳолбуки, охирги хабарларга кўра, ўйиндан кейин кийим алмаштириш хонасида Неймар ва Кавани муштлашиб кетишига бир бахя қолган, футболчилар уларни ажратиб қўйишган.

Марко Верратти «Тулуза» билан ўйинда икки марта ортдан оёққа ташланган, иккинчи сариқ карточкани олгач, арбитрга ҳақоратли сўзлар айтганди. Уч ўйинга дисквалификация. Эътиборли жиҳати, ўша ўйин якунланиш арафасида ва жамоа ғалабани нақд қилганида бу воқеа рўй берди, италиялик футболчи керак бўлмаган жойда, рақиб ҳудудида қўпол ўйнади. Буни тушунтириш қийин. Лейвин Курзава ҳам айни вақтда можароларга ўралашган, унга мухлислар ҳуштакбозлик қилишади, фирибгарлар шантаж қилишади: футболчи Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешам шаънига тўғри келмайдиган гаплар айтгани ёзиб олинган видеони дастак қилиб, ундан юз минг евро ундиришмоқчи. Дани Алвес Неймар ва Кавани можаросига аралашган. Алвес ҳам жамоанинг янги футболчиси ва ўзига эрк бериб юбормаяптими? Ўйиндан кейин у жаримани ўзи тепмоқчи бўлгани, аммо Неймар тўпни ундан олиб қўйганини айтди. Бу кулгили ҳазил.

Бу аҳволга қарамасдан, «ПСЖ» чемпионатдаги асосий рақибларидан бири «Лион» устидан ғалаба қозонди. ЕЧЛда ҳам «Селтик»ни осонлик билан таслим қилди. Аммо, глобал амбицияларга жавоб бериш учун, клуб катта рақиблар синовидан ўтиши керак. «Бавария» билан ўйин кўп нарсани кўрсатиб беради. Бу ўйин клуб юлдузларини майда жанжалларни унутиб, бирлашишга чақириши мумкин. Ахир клуб 400 млн еврони бекор сарфладими. Ҳозирча Неймарнинг изоҳини кутамиз.