Марселога кутилганидан енгилроқ жазо тайинланди
Sept. 13, 2017, 7:16 p.m. 27553

Испания Ла-лигаси тартиб интизом қўмитаси «Реал» ҳимоячиси Марселони икки учрашувга четлатди. Бу ҳақда As нашри хабар тарқатди.

29 ёшли бразилиялик футболчи Испания чемпионатининг 3-туридан ўрин олган «Леванте»га қарши учрашувда (1:1) Жефферсон Лермага нисбатан ишлатган қўполлиги учун тўғридан-тўғри қизил карточка билан сийланганди.

Учрашувнинг ҳакам ёзган қайдномасида Марсело Лермани тўпсиз ҳолатида орқасидан келиб зарба берилгани кўрсатиб ўтилган.

«Реал» футболчисининг ҳаракати қўпол ҳаракат сифатида баҳоланди, аммо бу оғир жароҳат етказиш учун қилинмагани эътироф этилди. Регламентда бундай ҳолат учун 1-3 учрашувга четлатилиши мумкин дея кўрсатиб ўтилган.

Натижада, бугун «Реал» билан 2022 йилга қадар янги шартнома имзолаган Марсело «Реал Сосьедад» ва «Бетис»га қарши учрашувларни ўтказиб юборади.