Гарет Барри Гиггзнинг рекордини тортиб олади
Sept. 13, 2017, 5:42 p.m. 1908

Англия Премьер Лигасининг навбатдаги турида “Вест Бромвич” ярим ҳимоячиси Гарет Барри бир қатор рекордларни қайд этишга яқин турибди. 

Ўтган турда Баррининг клубига қаршилик қилган “Брайтон” футболчининг АПЛ да қарши ўйнаган 45-жамоаси бўлди. Гарет бу борада “Манчестер Юнайтед”нинг собиқ футболчиси Райан Гиггзга етиб олди. “Вест Бромвич “кейинги турда “Хиддерсфилд”га қарши ўйнайди, демак қаҳрамонимиз ушбу ўйинда майдонга тушса, 46-жамоани ҳам “кўрган” бўлади ва яққол рекордчига айланади. 

Бундан ташқари, Гарет Барри учун бу ўйин АПЛ даги 632-ўйин бўлади ва бу ҳам Райан Гиггзнинг рекорд кўрсаткичидир. 

Яна бир эътиборга молик жиҳат – бу ўйин Баррининг АПЛ да  бошланғич таркибда майдонга тушган 600-ўйини бўлади. Бу борада ҳам Гарет яққол пешқадамдир. 

36 ёшли ярим ҳимоячи ўз фаолияти давомида “Астон Вилла”, “Манчестер Сити”, “Эвертон” ҳамда ҳозирги клуби “Вест Бромвич” таркибида майдонга тушган.