«Биг Сэм»дан ғалаба формуласи: 7 қоида
Sept. 13, 2017, 6:40 p.m. 2106

Англия Премьер Лигасининг энг машҳур номларидан бири Сэм Эллардайс ўзининг ғалаба қозониш формуласини ошкор қилди. Бу формула 7 асосий қоидадан ташкил топар экан. 

1. ГОЛ ЎТКАЗМАСЛИК
«Агар ўз дарвозангизни дахлсиз сақласангиз, ғалаба қозониш учун биргина гол кифоя. Ҳимоядаги ишончли ўйин мавсумдаги яхши натижа учун пойдевор бўлади, ахир ҳар ўйида 2-3 гол уришнинг иложи йўқ» – дейди Сэм Эллардайс.

«Кристал Пэлас» мен келгунимча 17 турнинг фақат биттасида гол ўтказиб юбормаганди, холос. Биз янги футболчиларнинг аввало, ҳимоя чизиғимизни кучайтириши кераклигига эътибор қаратдик. Бу ўз навбатида ҳужумчиларимизга ҳам ишонч, ҳам эркинлик олиб келди»

«Кристал Пэлас» ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олиши учун яна 6 ўйин керак бўлди. Кейинги 16 ўйиннинг олтитасида эса жамоа «қуруқ» ўйин ўтказди ва бу ўйинларда ғалаба қозонди.   

2. МАЙДОННИНГ БИРИНЧИ ЯРМИДА ТЎП ЎТКАЗМАСЛИК
«Премьер Лига клублари бундай хатоларни кечирмайдилар. Орқада максимум 4 футболчи бўлган вазиятда тўпни йўқотасиз ва рақибда тезкор ҳужум ва дарвозага зарба бериш имконини яратасиз».

3. ҲУЖУМ БОШЛАШДА ФАҚАТ ОЛДИНГА ТЎП УЗАТИНГ, ОРҚАГА ВА ЁНГА ПАС БЕРИШДАН ҚОЧИШ КЕРАК
«Мен фақат олдинга қараб ўйнайдиган футболда тарбия топганман. Агар олдинга тўп узатиш варианти бўлса, албатта ўшани танлаш керак. Ҳатто энг яхши ҳимояга эга бўлган жамоаларга қарши ўйинларда ҳам, ҳимоядан ҳужумга тез ўтилса, гол уриш имконияти ошиб кетади. Ҳаддан зиёд тўп узатмаларни амалга ошириш рақибда ўз ҳимоясини ташкиллаб, уни ўтиб бўлмас деворга айлантиришига шароит яратади».

Ростан ҳам, «Катта Сэм» жамоалари ўйинига эътибор берсангиз, бу қоида ишлашига гувоҳ бўламиз. Сўнгги 5 йилни оладиган бўлсак, у мураббийлик қилган клублар умумий паслар ичида олдинга узатилган пасларнинг салмоғи бўйича доим бешликда бўлган.  

2012-13, «Вест Ҳэм» - 46,7 фоиз - 1-ўрин
2013-14, «Вест Ҳэм» - 45,2 фоиз - 1-ўрин
2014-15, «Вест Ҳэм» - 43,7 фоиз - 5-ўрин
2015-16, «Сандерленд» - 43,6 фоиз - 2-ўрин;
2016-17, «Кристал Пэлас» - 42,7 фоиз - 2-ўрин

4. ЮҚОРИДАГИ ҲАР БИР ТЎПНИ ЭГАЛЛАШГА ҲАРАКАТ ҚИЛИНГ
Узун паслар билан ўйинда Эллардайс қанотдаги инсайдларнинг марказий ҳужумчи Кристиан Бентекега яқин бўлишлари кераклигини айтади. 

«Агар бир жойда турсангиз, узун пасларни эгаллаш имкони деярли бўлмайди. Ҳаракатда бўлган жамоа учун тўпнинг қаерга боришига мос равишда қулай зоналарни эгаллаш осонроқ бўлади. Юқори қаватдаги курашлардан кейин ҳам, тўпни эгаллаш учун қулай жойни танлаш керак», – дейди мураббий. 

Бентеке аксарият ҳолларда юқори қаватдаги курашларда ғолиб чиқади, унинг атрофига тезкор, чаққон футболчиларни қўйиб, пастга тушган тўпни эгаллаб олиш мумкин. 

5. СТАНДАРТ ВАЗИЯТЛАРДАГИ УСТУНЛИК
2016 йил баҳорида «Сандерленд»ни лигада олиб қолган Сэм Эллардайс эди. Унинг бошчилигида жамоа АПЛ клублари ичида стандарт вазиятлардан энг кўп гол урган ва энг кам ўтказиб юборган жамоа сифатида қайд этилганди. Албатта, айнан шу жиҳат жамоанинг якунда лигада қолишида катта таъсир кўрсатди. 

6. РАҚИБНИНГ ОЖИЗ ТОМОНЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИНГ
Эллардайс ўтган мавсумда «Кристал Пэлас» билан бирга пешқадам «Челси»ни қандай ютганини айтиб беради. 

«Биз уларнинг «Сток Сити»га қарши ўйинларини кўрдик. «Сток Сити» аутдан тўп ўйинга киритилаётганда доим «Челси» ўйинчиларини қаттиқ қўриқлашди ва тўпни тезда эгаллаб олаверишди. Биз ҳам шундай қилишимиз керак, дедим»

«Кўп мураббийлар буни таҳлил қилишларига ишонмайман. Аммо бу зўр нарса – агар ҳаммасини тўғри бажарсангиз, тўпни эгаллаб ҳужум бошлаш мумкин, агар иложи бўлмаса, ҳимояни мустаҳкамлаш учун вақт етарли бўлади».

«Ўша ўйинда биз марказий ҳужумчисиз ҳаракат қилдик. Кўп жамоалар улар билан 4-5-1, баъзилар 4-4-2 ўйнашга уринишди. Биз яққол ҳужумчисиз ўйнаб, тўпсиз қолганимизда Бентеке билан Заага имкон қадар қанотлардан ўрин олишни тушунтирдим. «Челси»нинг марказий ўйинчилари уларга эътибор бермасликни ҳам ёки ёпиш учун қанотларга боришни ҳам билмай қолишганди. Биз уларни довдиратиб қўйгандик...».

7. ҲУЖУМ ЧИЗИҒИДАГИ ФУТБОЛЧИЛАР САВИЯЛИ БЎЛИШИ КЕРАК
Бу тушунарли. «Сандерленд»да Жермейн Дефо, «Кристал Пэлас»да Бентеке, Заа, Таунсенд...

«Тўп ҳужум чизиғига етказиб берилса, яхши, аммо у ерда тўпни нима қила олишлари ҳам жуда муҳим».

Қаҳрамон Асланов тайёрлади