Садио Манега кўрсатилган қизил карточка мутахассислар томонидан кенг муҳокама қилинмоқда
Sept. 11, 2017, 11:47 a.m. 4660

«Манчестер Сити» – «Ливерпуль» ўйини вақтида меҳмонлар ҳужумчиси Садио Манега кўрсатилган қизил карточка Англия матбуотида кенг муҳокама қилинмоқда ва аксарият футбол экспертлари ўша вазият учун Мане майдондан чиқариб юборилмаслиги керак эди, деб ҳисоблашмоқда. 

Ўша вазиятда «Ливерпуль» ҳужумчиси тўп учун курашда оёқларини баланд кўтарган ҳолда чиқиб борган ва мезбонлар дарвозабони Эдерсоннинг юзига оғир жароҳат етказганди. 

«Ҳакам ўзини йўқотиб қўйди» – деб ҳисоблайди Sky Sport эксперти Тьерри Анри, - «майдон марказида бундай тўқнашувлар жуда кўп бўлади, аммо қизил карточка кўрмаймиз, тўғрими? Бу ҳақиқий кураш эди, ҳар икки футболчи охиригача боришга мажбур эдилар. Менимча, ҳакам йиқилиб ётган Эдерсонни кўриб, қўрқиб кетди».

Гари Невилл ҳам Анрининг фикрларига қўшилди ва бундай вазиятларда максимум сариқ карточка кўрсатиш кераклигини айтди.

Яна бир машҳур мутахассис Гари Линекер эса, янада кескинроқ бўлди: «Ҳакамнинг қарори – аҳмоқлик» деб ёзди у ўз твиттер саҳифасида. 

Машҳур ҳакам Марк Клаттенбург ҳам ушбу вазият ҳақида ўз фикрини баён қилди:
«Жонатан Мосснинг бу қарорига қўшилмайман. Маненинг оёғи тўпга қаратилган эди, айнан ўша ерга Эдерсон боши билан келиши ҳужумчининг айби эмас. Бундай вазиятларда ҳужумчининг бутун эътибори тўпда бўлади. Агар мен бўлганимда, жарима тўпи белгилаган ва Манега хавфли ўйин учун сариқ карточка берардим» – деди Клаттенбург. 

Албатта, ҳакамнинг тўғри қарор қабул қилганини айтаётганлар ҳам бор. Қизиғи, у «Ливерпуль»нинг собиқ футболчиси, телевидениеда клубнинг ашаддий мухлиси сифатида танилган Жейми Каррагердир. У Мосснинг қарорига тўлиқ қўшилишини ва бу вазиятда тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатишдан бошқа чора бўлмаганини айтди. 

Эслатиб ўтамиз, учрашувнинг 37-дақиқасида Жонатан Мосс Садио Манега қизил карточка кўрсатди ва бу ўйин сценарийсига сезиларли таъсир кўрсатди. Ушбу вазиятгача 0:1 ҳисобида орқада бораётган меҳмонлар бир киши кам бўлиб қолгач, рақибга умуман қаршилик кўрсата олмади ва якунда 0:5 ҳисобида мағлубиятга учради.

Дарвозабон тўқнашувдан сўнг, майдонни жароҳат билан тарк этди.

Одатда, тўғридан-тўғри кўрсатилган қизил карточкадан сўнг, футболчи икки ўйинга дисквалификация қилинади. Аммо ҳали Садио Маненинг нечта ўйинни ўтказиб юбориши маълум эмас.

Садио Мане ижтимоий тармоқларда вазиятдан афсусда эканини ёзиб, Эдерсондан узр сўраган.