Аёл ҳуштаги. Бундеслигада тарихий воқеа: Бибиана Штайнҳаус ким ўзи?
Sept. 11, 2017, 3:25 p.m. 2673

Бундеслиганинг 3-тури доирасида «Ҳерта» ва «Вердер» ўртасида кечган учрашув бир жиҳати билан футбол тарихида қоладиган бўлди. Илк маротаба Европа топ чемпионатларидан бири учрашувини аёл ҳакам бошқарди. Бибиана Штайнҳаус – ким ўзи у?

Бундеслигани кузатиб борадиган мухлислар уни Пеп Гвардиола билан боғлиқ лавҳа машҳур бўлиб кетганида таниб олишганди. Ўшанда Штайнҳаус тўртинчи ҳакам сифатида иштирок этган, «Бавария» бош мураббийи Пеп Гвардиола эса, ҳакамга эътирозини айтмоқчи бўлганди. Қаршисида аёл киши турганини кўрган испаниялик мураббий аввалига, истеҳзо билан сўрашиб қўяди, кейин эса, Бибиананинг елкасига қоқмоқчи бўлади. Ўшанда қаҳрамонимиз ўзини жуда жиддий тутган ва машҳур мураббийнинг ўзини мазах қилишига йўл қўймаганди.

Кейин эса, унинг «Бавария» иштирокидаги кубок ўйинларидан бирида рўй берган ҳодисанинг видеоси машҳур бўлиб кетди. Жарима зарбасини ижро этишга тайёрланаётган Франк Рибери эгилиб, ҳакамнинг оёқ кийимидаги иплар ечилиб кетганини кўради ва боғлаб қўйишга ҳаракат қилади. Ҳазилга жиддий эътибор қаратмай, Бибиана Штайнҳаус бу сафар ҳам ўзини муносиб тутганди.

Унинг аёл киши экани, оддий вазиятлар ҳам мана шундай мунозараларга сабаб бўлиб кетиши Бибианага баъзида ноқулайлик туғдиришини у кўп бор таъкидлаган.

«Мен қўйи лигаларда кўп ишлаганман ва у ердаги муносабат, тезлик мураккаб вазиятлар топ ўйинлардан кўра кўпроқ деб ўйлайман. Футболчилар норозилиги, менинг аёллигимга урғу беришларини кўп марта бошимдан кечирганман у ерда. Бу тарафдан хавотирим йўқ, аммо матбуот томонидан менга бўлган ҳаддан зиёд эътибор баъзида ноқулай» – деганди Бибиана.

Унинг сўзларига қараганда, бу ишда эркак ва аёлнинг алоҳида устунлиги йўқ. Айнан шуни исботлашга ҳаракат қилаётган илк аёллардан бири экани унга фахр туйғусини беради.

Бибиана Штайнҳаус ҳозир 38 ёшда. Ўсмирлигида футболчи бўлишни истаган, аммо у ерда у қадар муваффақият қозона олмагач, 16 ёшида ҳакамлик соҳасига кириб келади. У бу оламга кириб келишида, профессионал ҳакам сифатида фаолият кўрсатган отасининг ҳам аҳамияти катта эканини эътироф этиш жоиз.  

Бибиана илк бор 1995 йилда илк бор ўйинни бошқаради, орадан ўн йил ўтиб эса, ФИФАнинг халқаро тоифадаги ҳакамига айланди. 2007 йилдан 2-Бундеслига ўйинларини бошқара бошлаган. Аёллар футболида Бибиана Штайнҳаус юлдуз бўлиб улгурган ва ҳатто Лондонда бўлиб ўтган шу йилги Европа Чемпионлар Лигаси финалини ҳам бошқарганини эътирофга молик. Яна бир қизиқ томони, у ҳакамликдан ташқари полициячи сифатида ҳам узоқ вақт ишлаган. Бибиананинг ўзи бу икки касб бир-бирига жуда яқин эканини эътироф этади:

«Ҳар икки касб инсонларни маълум бир қоидаларга риоя этишга чақиради ва буни назорат қилади», – деб изоҳлаганди Бибиана Штайнҳаус.

Қаҳрамонимизнинг ўзи аёл ва эркак ҳакамлар ўртасида ҳеч қандай ўзига хос фарқлар бўлмаслиги керак деб ҳисобласа-да, барибир, унинг бошқарувида ўзига яраша фарқлар намоён бўлади. Мисол учун, Штайнҳаус эркаклар футболидаги фаолияти давомида жуда кўп бор пенальти белгилаган бўлса-да, ҳеч қачон футболчилар жиддий эътироз билдирмаган эканлар.

«Ҳеч қачон мени туртиб ёки менга нисбатан жисмоний хуружлар бўлмаган, аммо қўйи лигаларда футболчи ёки мухлислар кўпинча тилларини тия олишмасди», – деганди Бибиана.

Яна бир қизиқ воқеа, 2015 йилда, «Фортуна» футболчиси Карим Демирбой билан содир бўлган. Бибианадан қизил карточка олган ярим ҳимоячи унга футболда аёлларга ўрин йўқлигини айтади. Бу ҳақорат Лига томонидан жуда жиддий эътиборга олинди ва Демирбой 5 ўйинга дисквалификация қилинди.

Бунинг устига футболчини қизлар футболида ҳакамлик қилишга мажбурлашганди.

Аммо нозик дидли Бибианага бу жазо ҳам ёқмаган – «ҳакамлик кимгадир жазо сифатида берилмаслиги керак».

Бибиана Штайнҳаус ҳали турмуш қурмаган, аммо бизга яхши таниш бўлган англиялик собиқ ҳакам Ҳовард Уэбб билан яқин дўст.

Унинг ҳоббиси – спорт, китоб ўқиш ва саёҳат қилиш.

Медуза ва Википедия маълумотлари асосида